ТОП просматриваемых книг сайта:
Уч мушкетёр. Александр Дюма
Читать онлайн.Название Уч мушкетёр
Год выпуска 0
isbn 978-9943-08-894-8
Автор произведения Александр Дюма
Издательство Kitobxon
– Бу одамлар қароқчилардан бешбаттар хавфлироқ, хоним. Булар жаноб кардиналнинг одамлари. Сизнинг эрингиз жаноб Бонасега келсак, у шу сабабдан бу ерда йўқки, уни кеча ҳибсга олиб, Бастилияга етаклаб кетишди.
– Эрим Бастилиядами? – хитоб қилди Бонасе хоним. – У нима қилиб қўйдийкин-а? Ахир у покдомонликнинг ўзи-ку!
Жувоннинг ҳамон қўрқув чангалидаги юзига табассумга ўхшаш бир нарса қўниб ўтди.
– Нима қилди дейсизми? – деди д’Артаньян. – Назаримда, унинг бирдан-бир жинояти шундан иборатки, у сизнинг эрингиз бўлишдек бахтга, ҳам бахтсизликка бир йўла моликдир.
– Лекин, демак, сизнинг хабарингиз бор эканда, тақсир…
– Сизнинг ўғирланганингиздан хабарим бор.
– Лекин, ким, ким томонидан? Буниси сизга маълумми? О, агар билсангиз, менга айтинг?
– Қирқ-қирқ беш ёшлардаги қорасоч, буғдойранг, чап чаккасида чандиғи бор киши…
– Тўғри, тўғри! Унинг исмичи?
– Исмими?.. Ана шунисини билмайман-да.
– Эрим-чи, мени олиб қочишганини билармиди?
– У буни ўғрининг ўзи ёзган мактубдан билди.
– Бу ўғриликнинг сабабини-чи, – хижолат чекиб сўради Бонасе хоним, – у пайқадимикин?
– Назаримда, у бунга сиёсат аралашган, деб гумон қилаётган эди.
– Бошда мен шубҳаланган эдим, лекин ҳозир мен ҳам шу фикрдаман. Демак, бу соддадил жаноб Бонасе мендан бир нафас ҳам гумон қилмапти-да.
– О, бир нафас ҳам! Сизнинг фаросатингиз ва сизнинг муҳаббатингиздан унинг боши осмонда эди.
Табассум бу кўҳликкина жувоннинг ҳақиқ лабларига, пушти дудоқларига яна бир бор билинар-билинмас сирпаниб ўтди.
– Лекин, ўзингиз-чи, қочишни қандай эпладингиз? – ўсмоқчилашда давом этарди д’Артаньян.
– Мен ёлғиз қолган пайтимдан фойдаланиб қолдим, ўғирланишим сабаблари менга бугун эрталаб аён бўлгани учун мен рўйжолар ёрдамида деразадан тушдим. Эрим уйда деб ўйлаб, шу ерга чопиб келдим.
– Ундан паноҳ қидирибми?
– Вой, йўғ-э! Менинг қимматли бояқиш эрим! Мени ҳимоя қилиш унинг қўлидан келмаслигини билардим. Лекин, мен уни огоҳлантириб қўймоқчи бўлдим, чунки бизга унинг бошқа йўсинда нафи тегиши мумкин эди.
– Нима тўғрисида?
– Йўқ, бу энди менинг сирим! Уни сизга очолмайман.
– Айтгандек, – деди д’Артаньян, – авф этасиз, хоним, мен, гарчи гвардиячи бўлсам ҳам сизни эҳтиёт бўлишга ноилож даъват этаман: назаримда, сир-асрор айтишга бу жой нобопроқ. Мен қувган изқуварлар мадад қўшиб, қайтиб келишади. Агар устимизга келиб қолишса, ҳалок бўламиз. Рост, мен уч оғайнимга хабар бериш учун одам юбордим, лекин, уларни уйидан топишдими-йўқми, ким билади дейсиз.
– Ҳа, ҳа, сиз ҳақсиз! – қўрқиб хитоб қилди Бонасе хоним. – Қочайлик, тезроқ пана бўлайлик бу ердан!
Шу сўзлар билан у д’Артаньянни қўлтиқлаб, эшик сари судради.
– Лекин,