Скачать книгу

Атос д’Артаньянга очиқ юз билан бош ирғаб. – Бу ақлли ва шубҳасиз, олижаноб кишининг сўзлари. Тақсир, мен сизга ўхшаш одамларни жуда ёқтираман, башарти, бир-биримизни ўлдирмасак, кейинчалик сиз билан улфатчилик қилишдан ғоят мамнун бўлишимни кўриб турибман. Дўстларимни кутайлик, илтимос қиламан, менинг шошадиган жойим йўқ, шундай қилсак, дурустроқ бўлади. Ие, ана улардан бири келяпти, шекилли!

      Дарҳақиқат, шу он Вожирар кўчасининг охирида Портоснинг баҳайбат қомати кўринди.

      – Ие? – хитоб қилди д’Артаньян. – Сизнинг биринчи ҳакамингиз жаноб Портосми?

      – Ҳа. Сизга бу малол келяптими?

      – Йўқ, йўқ!

      – Иккинчиси ҳам ана.

      Д’Артаньян Атос кўрсатган томонга ўгирилиб, Арамисни таниди.

      – Ие? – биринчи галгидан ҳам ортиқроқ таажжубни ифодаловчи оҳангда хитоб қилди д’Артаньян. – Сизнинг иккинчи ҳакамингиз – жаноб Арамисми?

      – Албатта. Бизни ҳаргиз бир-биримизсиз кўрмасликларидан, мушкетёрлар сингари гвардиячилар орасида ҳам, сарой ва шаҳарда ҳам бизларни Атос, Портос ва Арамис ёки уч ажралмаслар деб аташларидан сизнинг хабарингиз йўқми ҳали. Дарвоқе, сиз эндигина Даксдан ёки По…

      – Тарбдан, – тузатди д’Артаньян.

      – … келганингиз учун бу тафсилотларни билмаслигингиз, узрли.

      – Чин сўзим, – деди д’Артаньян, – лақабларингиз боп экан, муҳтарам афандилар. Менинг воқеам, у овоза бўлган тақдирда, сизларнинг дўстлигингизга табиатларингизнинг тафовути эмас, балки ўхшашлиги асос солганининг исботи бўлиб хизмат қилади.

      Шу пайт Портос яқинроқ келиб, Атосга қўл силкитиб салом берди, сўнг ўгирилиб, д’Артаньянни таниган заҳоти таажжубдан анқайиб қолди.

      Бу орада Портос ридосини ташлаб, тасмасини алмаштириб олганини ҳарна эслатиб қўяйлик.

      – Хў-ўш, – чўзиб деди у. – Бу қандай гап?

      – Мен шу жаноб билан уришаяпман, – қўли билан д’Артаньянни кўрсатиб ҳамда шу ҳаракатнинг ўзи билан уни қутлагандай қилиб деди Атос.

      – Лекин, мен ҳам худди шу киши билан уришаман, – маълум қилди Портос.

      – Фақат, кундуз соат бирда, – тинчлантирувчи оҳангда деб қўйди д’Артаньян.

      – Лекин, мен ҳам шу жаноб билан уришаман, – уларга яқинлашаркан ўз навбатида эълон қилди Арамис.

      – Фақат, соат иккида, – ҳамон ўша вазминлик билан деди д’Артаньян.

      – Сен нима важдан уришаяпсан, Атос? – сўради Арамис.

      – Тўғриси, жавоб беришга қийналаман, – деди Атос. – У елкамга ёмон туртиб юборди. Сен-чи, Портос?

      – Мен бўлсам, шунчаки уришаётганим учун уришаяпман, – қип-қизариб жавоб берди Портос.

      Ҳеч нарса назаридан қочмайдиган Атос гасконлик йигитнинг лабларидан сирпаниб ўтган хиёл табассумни пайқади.

      – Биз либос масаласида тортишиб қолдик, – деди ёш йигит.

      – Сен-чи, Арамис?

      – Мен ақоиднинг бир масаласида келишолмай уришаяпман, – муборазанинг асл сабабини яширишини д’Артаньянга имо қилиб, деди Арамис.

      Атос гасконлик йигитнинг лабларига яна табассум

Скачать книгу