ТОП просматриваемых книг сайта:
Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари. Артур Конан Дойл
Читать онлайн.Название Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари
Год выпуска 0
isbn 978-9943-27-255-2
Автор произведения Артур Конан Дойл
Издательство Kitobxon
Энди турмушимизда содир бўлган ажабтовур воқеани сўзлай. Тахминан бир ҳафтача бурун, сешанба куни эди шекилли, мен деразалардан бирининг рафида бояги қоғозда чизилган одамчаларга ўхшаган расмларни кўриб қолдим. Раққос одамчаларнинг сурати бўр билан чизилган эди. Мен, буни отхонамда ишлайдиган бола чизган бўлса керак, деб ўйладим, лекин у, ҳеч нимани билмайман, деб онт ичди. Одамчаларнинг сурати кечаси пайдо бўлган эди. Мен уни ювиб ташладим, кейин, Илси билан ўтирганимда тасодифан бу ҳақда гапирган эдим, хотиним бу гапни кўнглига яқин олиб, мени жуда ҳайрон қолдирди ва агар шунақа одамчалар суратини яна учратсангиз, менга кўрсатинг, деб илтимос қилди. Шу ўтган ҳафта ичида одамчалар суратини бошқа учратмадим, лекин кеча, эрталаб боғимиздаги қуёш соати устида ҳалиги қоғозни кўриб қолдим. Уни Илсига кўрсатган эдим, қоғозни кўриб ҳушидан кетди. Шундан бери хотиним паришон бўлиб қолди, кўзларида ҳамиша даҳшат кўраман. Шунинг учун ҳам сизга хат ёзиб, ҳалиги варақни илова қилиб юборган эдим, мистер Холмс. Полицияга мурожаат эта олмасдим, чунки у ерда албатта мазах қилиб кулишган бўларди, лекин сиз менга йўл-йўриқ кўрсатишингиз мумкин. Мен бадавлат одам эмасман, аммо агар хотинимга бирор фалокат таҳдид солаётган бўлса, уни ҳимоя қилиш учун, бутун бойлигимни охирги тийинигача сарфлашга тайёрман.
Бу кўҳна Англия фуқароси соддадил, истараси иссиқ, йирик кўзлари кўм-кўк, дили пок, қувликни билмайдиган ростгўй, ҳалол одам эди. У хотинини севар, унга ишонарди. Холмс унинг ҳикоясини зўр эътибор билан тинглади, кейин ўйга толиб узоқ вақт жим қолди.
– Мистер Кьюбитт, – деди у ниҳоят, – биринчи навбатда сиз тўғридан-тўғри хотинингизга мурожаат этсангиз-у, сирингни мендан яширма, деб илтимос қилсангиз тўғри бўлмасмиди?
Хилтон Кьюбитт каттакон бошини чайқади:
– Сўз берганман, сўзимнинг