Скачать книгу

гунгдай қотиб қолдинг? Сўзла!

      – Аълоҳазратлари афв этсинлар. Сиз шаҳриёри фалак-иқтидорни хушнуд қиладурғон хабар келтирмадим…

      – Сўзла! – бақириб юборди Мирзо Улуғбек.

      – Кеш қўлдан кетгани аниқдур, валинеъмат! Қалъа доруғаси Амир Камолиддин Кеш калитини шаҳзодага қаршиликсиз қўш қўллаб топширибдур!

      – Амир Арслон қайдадур!

      – Амир Арслон ўз лашкари билан довонда турибдур…

      Мирзо Улуғбек қўлларини орқасига қилганича хонани бир айланиб чиқди. Унинг кўзлари қисилиб, бурун катаклари пирпирай бошлаган, жағ пайлари туртиб чиққан қорамтир юзида, бутун важоҳатида шафқатсиз бир ифода пайдо бўлган эди. Сукут чўзилиб кетгач, саройбон Ҳусайн Баҳодирни секин туртди. Ҳусайн Баҳодир томоқ қириб:

      – Онҳазратимнинг фармонларига тайёрмен, – деди.

      Мирзо Улуғбек бошини кўтариб, уйқусизликдан қизарган кўзлари билан навкарига қаради, лекин навкарини кўрмади, хаёли бошқа ёқларда кезиб юрарди.

      – Не дединг? Ҳа! Субҳидам лашкар тортиб йўлга чиқамиз. Отанжомлар шай бўлсин!

      – Фармони ҳумоюн амри вожибдур, онҳазратим. Ва лекин бир арзим бор…

      – Сўзла.

      – Арзим шуки, черик21 йиғсак.

      – Черик?

      – Фуқаро сизга содиқдур, валинеъмат! Ижозат этсангиз бешўн минг черик йиғар эдик.

      Мирзо Улуғбек соқолини тутамлаб узоқ ўтирди, кейин оҳиста бош чайқаб:

      – Йўқ, – деди. – Лашкар бас келмаган жойда черик не қилади? Бор, дамингни ол, Бобо Ҳусайн…

      Саройбон билан Бобо Ҳусайн Баҳодир орқалари билан юриб чиқиб кетишди. Мирзо Улуғбек шароб тўла пиёлани қўлига олиб, бир кўтаришда сипқариб ташлади…

      Ҳайҳот, унинг сўнгги умиди ҳам чил-чил синди. У шаҳзода Абдуллатифнинг катта қўшин билан Жайҳундан ўтиб, Кешга яқинлашаётганини билса-да, бу мустаҳкам қалъа унга жангжадалсиз таслим бўлишини кутмаган эди. У Амир Камолиддинга ишонар, унинг қалъа калитини шаҳзодага қаршиликсиз топширишини сира кутмаган, чунки уни ўзининг энг содиқ амирларидан бири деб ўйларди!.. Бас, Амир Камолиддинки сотқинлик қилган экан, эндиликда кимга инонмоқ, кимга суянмоқ даркор? Эсига беихтиёр бобосининг бир гапи тушди.

      Амир Темур Ҳиротда, “Боғи жаҳонда” Шоҳруҳ Мирзо билан суҳбатлашиб ўтириб, ўғлининг қайси бир амирнинг содиқлиги тўғрисида айтган гапига заҳарханда билан кулган эди.

      – Бу амирларга инонма, ўғлим! Уларни содиқ бўлсин десанг, қиличингни илгингда22 маҳкам ушла!

      Дарҳақиқат, мана, салкам қирқ йил Мовароуннаҳрга салтанатли шоҳ бўлди. Мурувватли фуқаропарвар подшоҳ бўлишга уринди, бутун иқтидори ва салоҳиятини шу давлат, шу эл осойишталигига сарф қилди, аммо букун боши надоматда қолганда… дардини айтадиган на бир ҳабиби, на бир табиби бор!.. Тақдирнинг қандай ўйини эканким, унинг боши маломатдан чиқмай қолди. Ё… ал қасосил миналҳақ! Бобоси Амир Темурнинг қонли қилмишлари учун тақдир ундан ўч олмоқдаму? Ё шафқатсиз Хуросон юришида унинг ихтиёрига қарши тўкилган қон учун ҳақ таоло уни ўз меҳри шафоатидан

Скачать книгу


<p>21</p>

Черик – кўнгиллилар маъносида.

<p>22</p>

Илик – қўл.