Скачать книгу

тушунтиришди. Авваллари улар саводсизликка ва лоқайдликка дуч келишди. Кимдир мистер Жонсга нисбатан бағрикенглик қилиш ҳақида айтди, ахир, уни аксарият ҳайвонлар хўжайин деб аташар ёки «Мистер Жонс бизни боқяпти. У бўлмаса, очликдан ўлардик» сингари эътирозларни айтишарди. Бошқалар савол беришарди: «Нима учун ўлимимиздан кейин бўладиган нарсалар тўғрисида ўйлашимиз керак?» Ёки: «Агар исён барибир, албатта қўзғалса, биз у учун ишласак-ишламасак, нима фарқи бор?» Чўчқалар ҳайвонларга буларнинг бари ҳайвонизм руҳига зид эканини тушунтиришлари учун кўп заҳмат чекишлари лозим бўлар эди. Энг ахмоқона саволларни оқ бияча Молли берарди. У Сноуболлга берган илк савол шу бўлди: «Қўзғалондан сўнг шакар бўладими?»

      – Йўқ, – кескин жавоб берди Сноуболл. – Биз бу молхонада шакар ишлаб чиқармоқчи эмасмиз. Бундан ташқари, сен усиз ҳам яшашинг мумкин. Сенга сули пояси ва пичан етарли.

      – Менга ёлимга қизил тасмача тақиб юришга рухсат бериладими? – Сўрарди Молли.

      – Ўртоқ, – деди Сноуболл, – сенга боғлаб қўйилган бу қизил тасмалар, – қуллик рамзлари. Озодлик барча тасмачалардан қимматли эканини наҳот тушунмасанг?

      Молли шундай эканлигига рози бўлди, аммо, кўринишидан, ичида ўз фикри билан қолган эди.

      Қўлга ўргатилган қарға Мозус томонидан тарқатилган ёлғонни рад этиш зарурати чўчқаларга Моллининг инжиқликларидан кўра қийинроқ, заҳматталаб иш бўлди. Мистер Жонснинг севимли жонивори бўлган Мозус ўта сўзамол ва ғийбатчи эди, бироқ қизилсўзликни ҳам қойиллатарди. У Муз тоғи деб аталадиган, ҳамма ҳайвонлар ўлганидан сўнг албатта тушадиган сирли бир мамлакат мавжудлиги ҳақида миш-мишлар тарқатган эди. У самовотда, қайдадир булутлардан тепада, деб ҳикоя қиларди Мозус. Муз тоғи мамлакатида ҳафтада етти кун – якшанба, йўнғичқа йил бўйи кўм-кўк, майдаланган шакар ва зиғир кунжараси буталарда ўсиб ётади, дейди у. Молхонада Мозусни ҳамма ёмон кўрарди, унинг ишламай, фақат олди-қочди гапларни гапириши ҳамманинг жонига текканди. Аммо кимлардир Муз тоғи мамлакати ҳақидаги афсоналарга ишонди, чўчқалар ҳаммани бунақа жой мавжуд эмаслигига ишонтиргунларича кўп меҳнат қилдилар.

      Иккита юк ташувчи отлар, Кловер ва Боксёр, энг садоқатли ёрдамчилар бўлиб чиқди. Албатта, тафаккур қилиш жараёнининг ўзи улар учун осон эмасди, аммо чўчқаларни ўзларининг йўлбошчиси эканини тан олган бу байталлар, Кловер ва Боксёр, айтилган ҳамма гапни дарҳол қабул қилар ва билганларини бошқа ҳайвонларга етказишар эди. Улар омбордаги барча йиғинларда фаол иштирок этишар ва барча мажлислар якунида куйланадиган «Англия жониворлари» қўшиғини биринчи бўлиб бошлаб беришарди.

      Бироқ, аён бўлдики, қўзғолон анча барвақт юз берди ва ҳеч ким тасаввур қилмаган тарзда, кутилганидан кўра осон кечди. Ўз вақтида мистер Жонс яхши фермер бўлган ва хулқ-атвори ҳам кескин эди. Бироқ кейинчалик унинг иши орқага кета бошлаганди. Бир дунё пулларини суд низоларига сарфлаб, у молхона ишларига қарамай қўйди ҳамда мусалласхўрликка муккасидан кетди.

Скачать книгу