ТОП просматриваемых книг сайта:
АБУ АЛИ ИБН СИНО Биринчи китоб. РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ
Читать онлайн.Название АБУ АЛИ ИБН СИНО Биринчи китоб
Год выпуска 0
isbn
Автор произведения РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ
Издательство Yangi asr avlodi
– Ҳусайн, бул мунозаралиғ масала, – деди.
– Фикрламоқ лозим, – Ҳусайн ўйланиб қолди. – Амирнинг хасталиги сабабини ҳам шул жумбоқдан изламоқ жоиздур?
Ал-Қумрий унинг бу гапидан янада ҳайратланди. “Ё Оллоҳ! – ўйлар эди у. – Бул навжувонга Эгамнинг назари тушган! Унинг фикратида маҳдудлик34 йўқдир. Ўйининг меҳробларида35 яна нелар борлиғин мен, аллома табиб ҳам билмаётирмен”.
Бу пайтда улар бозор рўпарасидан ўтаётган эдилар. Ҳунармандлар дўконлари қаршисида деҳқоннамо кийинган йигитлар издиҳоми тўпланган. Улар шошиб бораётган икки кимсага ажабланиб қарашди.
– Гиёҳлар билан сўзлашадургон табиб-ку! – деди кимдир баланд овозда.
– Сарой томон бараётирлар!
– Наҳотки?!
– Шундайга ўхшайди…
Ал-Қумрий билан Ҳусайн бу гапларни эшитмас эдилар ёки эшитсалар ҳам эътибор бермадилар. Айни пайтда уларни на атрофдаги одамлар, на яна чак-чак тома бошлаган ёмғир тахайюлларидан чалғита олмади. Ботинларида уммон тўлқинларидек жўш ураётган туғён фақат ўзларига аён. Ал-Қумрий ҳукмдор ҳузурида бўлажак воқеалар, фарзона шогирдининг тақдири қайғусида. Ҳусайн эса сарбаланд табибларнинг китобларида ўқиганларини бир-бир хотирлаб, ўзини масъулиятли синовга ҳозирлайди.
Регистон майдонидан ўтиб, “Дари регистон” дарвозасига келганларида қўнғир булутлар қоплаган осмонда чақмоқ чақди. Бирдан шаррос ёмғир қуйиб юборди. Улар ўзларини нақшинкор гумбаз остига олишга базўр улгурдилар.
Маҳобатли дарвозани уч нафар бақувват, мўйловдор навкарлар қўриқлашар эди. Баланд бўйли, девқомат бири қоқ ўртада туриб олган. Унинг бошида дубулға, кўксини қоплаган кумуш совут, белидаги қини шарқона нақшлар билан безалган қилич, ўнг қўлидаги тош терилган ерга тираб олган найзаси кишида ваҳима уйғотади. У ал-Қумрийни танир эди. Кекса табибнинг қаватидаги озғин, қотма навжувонга ажабсиниб кўз қирини ташлади. Ал-Қумрий унинг олдига бориб, амир талаб қилган табиб шу йигит эканини айтди. Соқчи у табиб деб таништирган йигитчанинг жуссасига қараб янаям кўпроқ ҳайратланди. Бироқ ўша заҳоти ёнидаги шеригига ишора қилди. У сипоҳиларга хос шиддат билан ортига бурилиб, ичкарига кириб кетди. Ҳусайннинг қалъага илк бор келиши эди. Бу ажиб вазиятни қизиқувчанлик билан кузатиб турди.
Озгина фурсат ўтиб, дарвоза ёнбошидаги эшикдан навкар бошлиғи бўлган сипоҳдор салобат билан чиқиб келди. Унга сарой табибининг ёш шогирди билан киритиш ҳақида фармойиш берилган экан. Ал-Қумрий билан Ҳусайнни дарҳол ичкарига олиб кириб кетди. Дарвоза орти нимқоронғи, узун ва кенг йўлак – долон эди. Долонни йўлак охиридан тушаётган ёруғлик нимгина ёритади. Икки четдаги баҳайбат устунларнинг ҳар бири олдида тиш-тирноғигача қуролланган биттадан сипоҳ қаддини ғоз тутиб турибди. Бу қоронғи йўлак киши кўнглида совуқ ваҳима уйғотади. Ҳар бир устунидан қон ҳиди келаётганга ўхшайди. Соқчиларнинг кўзлари