ТОП просматриваемых книг сайта:
Ғаройиб қишлоқнинг ажойиб одамлари. Турсунбой Адашбоев
Читать онлайн.Название Ғаройиб қишлоқнинг ажойиб одамлари
Год выпуска 0
isbn 978-9943-26-159-4
Автор произведения Турсунбой Адашбоев
Издательство SHARQ
Абдуллажон тоға берган “Равшанхон” достони Шарифхон Ворисовга тегишли бўлиб, ундан айрим парчаларни поччамнинг меҳмонхонасида улоқчи дўстларига ўқиб берардим. Шундай қилиб, бобом ва қишлоғимиз раиси сабаб бўлиб китоблар оламига шўнғиб кетдим. Урушдан кейинги ўта оғир дамлар. Бошоқ теришга ҳам, ўсмирликка хос шўхликларга ҳам улгурардик. Бобомларнинг чорбоғидаги шафтолилар авжи пишган кунларда бир нечта дўстларим билан девордан ошиб қўйин-қўнжимизни тўлдирдик. Бироқ, бу ножўя ишимиз бурнимиздан чиқди. Шафтолининг туклари баданимизни шу қадар қичиштирдики, асло иложи йўқ. Барча воқеаларни билиб, кузатиб юрган бобом: – Ҳа, ўғлим қўтирга йўлиқдингизми?.. Маккажўхорининг мардаги билан қашланг, – деб тагдор сўзларни айтиб, зимдан кулиб қўйдилар. Дастлабки шеърларимдан бири “Шафтоли” ана шу саргузаштларнинг илк ҳосили бўлган. Авжи саратон пайтида бобом Абдуллажон раиснинг илтимоси билан Обиджон укаларини ёнларига олиб, сушилка қуришни бошлаб юборишди. Сабаби, у кезларда буғдойдан ташқари асосий экин пахта ҳисобланарди. Қиш эрта тушарди, иккинчи терим тугамай ғўзаларни қор босарди. Шу сабабдан қиш ичи кўсак чувиш урфга айланиб кетганди. Кўмир қаёқда дейсиз? Пахталарни сушилкада қуритгани ўтин керак. Бунинг учун қишлоғимиздаги ошиқча боғ-роғларни ўтинликка ишлатишга тўғри келарди. Бу ҳукуматнинг топшириғи, бажармасликнинг иложи йўқ.
Шўх-шан ёшликнинг қувонч ва изтиробларга тўлган ёз ойини бошоқ териш, куз ва қишда кўсак чувиш каби юмушлар билан ўтказардик. Икки мавсум давомида Давронбой оғам билан биргаликда қишлоғимизнинг клуб ҳамда чойхонасида овулдошларимизга “Гўрўғли” туркумига кирган халқ достонларини, кейинроқ “Кунтуғмиш”ни ўқиб бердик. 1950 йилнинг май ойида ҳамқишлоқ дўстим, урушдан кейинги қийинчилик туфайли Наманганга кўчиб кетишган Эркин Жабборов икки қоп китобни Валижон тоға Холматовнинг аравасида келтириб берди. Унинг тенг ярми рус тилидаги асарлар экан. Бу мен учун қиёси йўқ бойлик эди. “Бошсиз чавандоз”, “Том тоғанинг кулбаси” сингари китобларни бир неча мартадан ҳижжалаб ўқиб чиқишимга тўғри келди. Шундай қилиб адабий китобларни ўқиш асосий машғулотимга айланди. Абдуллажон Шайитов раислик қилган кезларда қўшни қишлоқларга қараганда бизнинг овулдошларимиз анча яхши яшади. Тўғри, уруш даврида ва ундан кейин ҳам озиқ-овқат масаласи тахчил бўлган. Қоратариқ, сули, бурчоқ, ҳатто сиранчни истеъмол қилишимизга тўғри келган. Айрим хонадонларда ўрик қоқини еб, данагини тегирмонда тортиб, унидан кўмоч қилишган. Қуйма резина калишларга, дермантиндан тайёрланган пойабзалларга патак ўрнида буғдой похоллар ишлатилган.
Тенгдошларим қатори ана шу даврнинг қийинчиликларини бошимдан кечирдим. Қишлоғимиздаги кўплаб хонадонларда мардикорлик қилганман. Бошоқ теришда Жамол, Камол Шамшиев ва Меҳмонали Акбаров, Ҳасанхон Тўхтабоевлар, мардикорликда эса марҳум Жаъфарали Акбаров,