Скачать книгу

ўйинқароқ болаларнинг қий-чуви раиснинг гапини эшиттирмай қўйди. Бундан на раиснинг, на Бойғозининг, на Тўранинг жаҳли чиқди. Қайтага уларнинг қий-чувлари сокин оқшомга ярашиб турар, теварак-атрофга руҳ бахш этар эди.

      – Қани, халтангни оч! – Раис бобонинг гапидан мамнун жилмайиб турган Тўра, аёл кишининг товушини эшитиб, ялт этиб қаради. Не кўз билан кўрсинки, қаршисида, қўлида товоқ ушлаб Зулайҳо хола турар эди. Нима дейишини билмай шошиб қолди.

      – Ай бола, нега анқайип турсин, – деди Бойғози Тўрага танбеҳ берган бўлиб. Аслида, Зулайҳо холанинг уйига қайрилмай ўтиб кетганидан ўзи хижолатда эди.

      Тўра шошиб, халтасининг оғзини очди. Зулайҳо хола қўллари титраб товоқда олиб келган бодроғини халтага ағдарар экан, Тўрага гинахонлик қила кетди:

      – Нега мени ҳатлаб ўтиб кетдинг, ука, – у бундан сўнгги гапини йиғи аралаш айтди. – Ё амаким ўлди, деб мени одам қаторига қўшмаганингми бу? Қатордан қолгунча хатардан қол, дейдилар. Бундай камситма, ука.

      Унинг гап оҳангида камситилгани учун алам ҳам, айни пайтда, Тўранинг назарида, тунов кунги ўйламай қилиб қўйган чакки иши учун узр ҳам бор эди, у бу гапларни бақирмасдан, шовқин кўтармасдан айтди. Тўра, сенга айтаман, раис бобо, Бойғози, сизлар эшитинг, қабилида айтди. Буни раис бобо билан Бойғози чўлоқ ҳам тушунди. Индашолмади. Зулайхо хола кетди.

      – Да-а,– деди чўзиб Бойғози. Сўнг у, раис бир нима деса керак, деб елкасини қашиб кутди. Аммо раис ҳеч нима демади. Бир сония жимликдан сўнг:

      – Ҳай, – деди раис, – энди гап бундай: бугунга шу етар. Кунига йиғсанглар, баъзи оилаларга малол келади. Кунора бўлсин, хўпми?

      – Жақси, оқсоқол.

      – Нима дейсан, Абдитўра?

      – Майли…

      – Хўш, буни ким тарқатади?

      – Тарқатмай неси бар?

      – Сенинг идорада ишинг бор, – деди раис Бойғозига. – Абдитўра, ўзинг олиб бориб берақол. Биринчи галда, илгари кўчиб келганларга. Кейин бошқаларга. Оиласига қараб, овқатингнинг етишига қараб тақсим қил, хўпми?

      – Хўп.

      – Қани юр, Бойғози, – раис Бойғози билан бошлашиб кетаркан, бир нима эсига тушди шекилли, орқасига қайтди. – Ҳой, Абдитўра, овқатни тарқатиб бўлганингдан сўнг идорага кириб ўт. Гап бор.

      – Майли.

      Тўра халтани Сергейга бериб, ўзи пақирни кўтариб олди-да, пан Дворжекларникига қараб юрди. «Раиснинг нима иши бор экан менда?» деб ўйларди у пақирни авайлаб кўтариб бораркан. У хаёли билан бўлиб, орқасидан эргашиб келаётган бир тўп боланинг қий-чувига, йўл-йўлакай олдиларидан чиқиб акиллаган кучукларга ҳам парво қилмас эди…

      Тўра кеч хуфтонда овқатни бир амаллаб тарқатиб бўлди. Умрида бунақа ишни қилмаган эди, жуда қийналиб кетди. Бировга кўп, бировга оз, дегандек… Бечоралар айтмайди-ю, лекин пақирга кўзларини мўлтиратиб тикилишади, тағин озроқ қуярмикан, деган маънода ориқ юзларини буруштириб жилмайишади. Ярим ўжов ортиқроқ қуйсанг миннатдор бўлиб, бошлари ерга теккунча таъзим қилишади…

      Хуллас, ёмон бўлмади. Тўра бу ишларни бир ёқли қилиб, Сергейни бобосига топшириб, идорага

Скачать книгу