ТОП просматриваемых книг сайта:
Танланган асарлар. Носир Фозилов
Читать онлайн.Название Танланган асарлар
Год выпуска 0
isbn 978-9943-5993-4-5
Автор произведения Носир Фозилов
Издательство SHARQ
– Роса гаплашдиларингизми? – деди дадам кириши билан.
– Гаплашдик, – деди Жўра амаким. – Қаёққа кетдинг?
– Қиттак-қиттак қилайлик энди. Озиб-ёзиб бир келиб қолибсан.
– Э-э… – деди Жўра амаким.
Мен аста ўрнимдан туриб чиқиб кетаётган эдим, Жўра амаким кўриб қолди:
– Соғиндиқ, қаёққа? Овқатланмайсизми?
– Э,– дадам қўлини силтади. – Шу овқат ейдими!
– Жуда чимхўр-эй. Овқат беришдан безиллаб қолибман буларга, – деди ойим куйиб-пишиб. Жўра амаким аста бошини чайқаб кулди. Ҳамон эшик олдида бошимни эгиб индамай турар эдим. Ойим рухсат берди: – Бор, ўйнай қол. Сенга копток бўлса бас.
Аста уйдан чиқиб кетдим…
Ишонсангиз, шу кундан бошлаб, нуқул ёзгим келади. Аммо нимани, қайси кўрган нарсамни? Бошим қотди. Кейин ёзишни ўрганиш мақсадида беш-олтита китоб ўқиб чиқдим. Афсуски, биронтасида ҳам «Мана бундай қилиб ёзгин!» деган гапни тополмадим.
Ўша китоблар орасида менга биттаси жуда ёқди. Менга ўхшаган бир қозоқ боласи «Менинг исмим Хўжа» деган яхши китоб ёзибди. Ўша китобни ўқиб, ўтган йили ўз бошимдан ўтган бир қизиқ воқеа эсимга тушиб кетди. Ҳа, айтгандай, сизга бир ҳунаримни айтишни унутибман: мен фотографлик ҳам қиламан. Ишонмасангиз мактабимизга келинг. Мен олган суратларни ўз кўзингиз билан кўрасиз. Каттакон фотогазета қилганмиз. «Овчилар» деган мавзуда. Мактабимизда ҳалиям осиқлик турибди. Рост. Ўзимда ўша суратлардан битта-битта нусха бор. Альбом қилиб қўйган эдим. Бир чеккадан кўриб, хотираларимни янгиладим. Ниҳоят, шу воқеани ёзишга қарор қилдим. «Э, бирпасда қотириб ташлайман», деб ишга киришсам, бошимда ҳеч гап йўқ. Ҳамма билганларим ҳам тумтарақай бўлиб кетса бўладими? Ишонасизми, шундан кейин йигирма кунча ёзолмай қийналиб юрдим. Бироқ ўша воқеа хаёлимдан чиқмайди. Ухласам тушимга киради, юрсам – ўнгимда. Бора-бора ўша воқеага алоқадор одамлар билан гаплашадиган бўлиб қолдим. Хуллас, ёзмасам бўлмади, столга ўтирдим.
Бўлар иш бўлди. Энди бундай қиламан: ўша воқеани катта ёзувчилар қилгандай, кичик бўлимларга бўлиб, ҳар бирига мазмунига мослаб қисқа-қисқа сарлавҳачалар қўяман. Жўра амаким айтгандай, ёлғон гап қўшмайман. Кўрганимни, билганимни ёзаман.
Бўпти бўлмаса, бошладим…
Қалли отани излаб
Мен тушган «ИЛ-14» самолёти Тўрткўл устидан бир айланиб, аста-секин баландлай бошлади. Иллюминатордан пастга қарайман: кўнглим аллақандай беҳузур. Самолётнинг кумуш қанотлари лапанг лаган сайин дарё соҳилидаги районимиз гўё каттакон бир патнису қандайдир бесўнақай қўл уни гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа қийшайтираётгандай бўлади. Даҳшатдан юрагим орқамга тортиб кетди. Пастга қарамасликка аҳд қилдим. Самолёт кулранг булутлар орасига шўнғиди. Энди атрофда фақат момиқ булутлар гўё самолётимизнинг қанотларини силаб ўтаётгандай… Аста ёнверимга қарадим. Креслолардаги одамлар парво қилмай бир-бирлари билан гаплашиб ўтирар, баъзилари бошларини юмшоқ ўриндиқнинг орқа суянчиғига ташлаб, кўзини чирт юмиб олган, баъзилари эса газета, журнал ўқир эди. Мен ҳам