ТОП просматриваемых книг сайта:
СЎЗ ҚИСМАТИ. Зуҳриддин Исомиддинов
Читать онлайн.Название СЎЗ ҚИСМАТИ
Год выпуска 0
isbn 998-9943-5994-4-4
Автор произведения Зуҳриддин Исомиддинов
Издательство SHARQ
Гап оталарга қараб бурилган экан, ота тўғрисидаги яна бир қанча табаррук мақол аллакимлар томонидан «тузатилаётгани», «таҳрир» қилинаётгани эсга келади. «Ота рози – Худо рози» дейиш биланоқ фарзанд учун энг улуғ инсон ота эканини муҳрлаб қўйган халқнинг тантилигини қарангки, икки-уч тоифани отадан улуғроқ кўради, масалан, устоз отангдан улуғ, дейди. Бироқ «бўса»ни «бўлса» деб «адабий» ёзишга даъват қиладиган чаққонлар, отадан ҳеч ким улуғ бўлолмайди, демак бу сўз бузилган, асли устоз отангдай улуғ бўлади, энди шундай ёзайлик, деб таклиф беришади.
Бу – тилни ҳис қилмасликдан.
Тилшуносликда тил илмига оидликни билдирадиган лисоний деган тушунча билан бирга, ғайрилисоний (тил илмига оид, бироқ ундан ташқарида маъносидаги) деган истилоҳ ҳам бор. Аксар тилшуносларимиз фақат «лисончи»лик билан кифояланиб қолишган – уларга грамматика қоидалари бузилмаса бўлгани, тилнинг ўзи бузилиб кетаётгани билан ишлари йўқ. Устоз отангдан улуғ дейиладими ё отангдай улуғми – уларга фарқсиз, чунки бу ерда бояги схоластик қоидалар бузилаётгани йўқ. Шунинг учун ҳам, тилчиларнинг бу масалага аралашишини кутиш бефойда (ёдингизда бўлса, она тилимизнинг давлат тили бўлишида ҳам, кутилганига қарши, анча лоқайд турган тоифа тилшунослар эди).
Ота ҳаммадан улуғ. Худди шунинг учун устоз отангдан улуғ, деймиз. Отанинг мавқеи, масалан, холадан пастроқ ё амакиваччадан юқорироқ бўлса, у ҳолда бунақа мақол тўқилмасди. Айнан – ота энг улуғ бўлгани боис, эл устозни улуғлаш учун ё бўлмаса меҳмонни эъзозлаш учун устоз отангдан улуғ, дейди, яна меҳмон отангдан улуғ, дейди. Бу билан отанинг мавқеи асло пасайиб қолмайди, чунки ихчам шакл олган айни мақоллар ботинида айнан ота ҳаммадан улуғлигини таъкидлаш бор. Устоз отангдай улуғ, деганда эса ота мавқеи кўтарилиш ўрнига пасаяди, унда бу улуғлик ўлчовли, чекланган бўлиб қолади.
Халқимиз устозни бошига кўтаради, унга боламнинг эти сизники, суяги бизники, деб таъзим қилади. Нега? Чунки устоз – пир, у шогирди бўлган талабани камолот сари йўллайди. Ота болани ҳаётга йўлласа, пир Оллоҳ сари элтади. Шунинг учун ҳам устознинг отадан улуғлиги чин, қолаверса, бу мақол замирида буюк педагогик сир пинҳон бўлган – шогирд устозини ўз отасидан ҳам улуғ кўрар экан, астойдил том эътиқод билан ўрганади.
Хўш, меҳмон-чи? Меҳмон – атойи Худо. Оллоҳ таоло ато этган меҳмон отадан ҳам кўпроқ эъзозланса, неажаб? Илгари ота-боболаримиз уйга меҳмон келавермаса, гуноҳкор эканман, тангрим менга меҳмон ато этмаяпти, деб тавба-тазарру қилганлар. Ўзбекларнинг энг фазилатли хислатларидан бири ва эҳтимолки, биринчиси – меҳмондўстлик. Боболаримиз меҳмонни дўст тутганлар, улуғлаб, иззат-икром қилганлар ва «меҳмон отангдан улуғ» деб мақол ҳам айтганлар.
Ёки, «Ўқиган ўғил – отадан улуғ» деган яна бир мақолни олинг. Хўш, буниям ўз қаричимизга мослаб,