Аннотация

Ахсикент ҳокими Умаршайх Мирзо Баҳодир ибн Абу Саид Мирзонинг қизи Хонзодабегим ибратли ҳаёти, машаққатли турмуши, тенгсиз иродаси билан тарихимиздаги қаҳрамон аёлларимиз орасида ҳам алоҳида ажралиб туради.Орадан 500 йил вақт ўтган бўлишига қарамай, жаннатошиён момомиз ҳақида бир ёки иккита ихчамгина мақолаларни ҳисобга олинмаганда, деярли ҳеч ким мукаммал асар битмаган эди.Шу боис ҳам, тарихчи олим Тоҳиржон Қозоқов чинакам инсонийлик ва аёллик мартабасида қойим турган момоларимиздан бири, темурий малика Хонзодабегим ҳақида тарихий асар ёзиш каби савобли ва масъулиятли ишга қўл урди.Ушбу асар тарихчининг серқирра ва машаққатли ижодининг маҳсулидир. Муаллиф бугунги кунда тақдири Ахсикент билан боғлиқ бир талай шахслар ҳақида тарихий илмий асарлар яратиш устида тадқиқотлар олиб бормоқда. Тоҳиржон Қозоқовнинг навбатдаги «Ахсикент ҳокими Умаршайх Мирзо фарзандлари», «Темурий подшоҳ Абу Саид Мирзо фарзандлари», «Юнусхон фарзандлари», «Бобур тасвирлаган Ахси» каби асарлари ҳам нашр қилиниш арафасида турибди.Азиз муштарий! Қўлингиздаги ушбу асар Хонзодабегимнинг ибрат тўла ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи илк мукаммал асардир.

Аннотация

Юртимиз қадим тарихидан сўзловчи юзлаб шаҳарларнинг ҳар бири ҳақида ўнлаб афсона ва ривоятларни келтириш мумкин.Мутафаккир Аристотель «Афсоналар ҳақиқатнинг парчаларидир», деган эди. Дарҳақиқат шундай. Гарчи, афсона ва ривоятда ҳақиқат тўлиқ акс этмасада, аммо унда тарихий ҳақиқатга қандайдир боғлиқ жиҳатлар борлигини кузатиш мумкин. Туронзаминнинг қадим шаҳарларидан Ахсикент ҳақида ҳам шу гапларни айтиш мумкин. Ушбу шаҳар Фарғона водийсидаги энг дастлабки шаҳарлардан ҳисобланади. Эл орасида ўтмишига дахлдор оғзаки ижод намуналарининг кўплиги эса, ўз навбатида унинг ўтмиши узоқ ва бой эканлигидан дарак бериб туради.Тўпланган афсона ва ривоятларнинг вариантлари жуда ҳам кўп бўлиб, уни Ахсикент дирекциясининг ўша даврдаги директори тарих фанлари номзоди, доцент Тоҳиржон Қозоқов бошчилигида саралаб, ўрганиб чиқилди. Ва ниҳоят мазкур танлаб олинган афсоналарни яхлит китоб ҳолатига келтириб, нашр қилишни мақсадга мувофиқ, деб топилди.Китоб Ахсикент зиёратчилари, туристлар, мактаб ўқувчилари ва жамики шаҳар ҳақидаги қизиқарли маълумотлар ихлосмандлари учун мўлжалланган.