Аннотация

Муҳтарам китобхонлар, бебаҳо хазина – соғлиғини ўйлаган юртдошлар!Пахта нималигини тасвирлаб, уни тушунтириб ўтиришга ҳожат йўқ. Бекорга уни «оқ олтин» дейишмайди. Марказий Осиёнинг суғориладиган асосий майдонларига ана шу иссиқталаб, сермеҳнат ўсимлик чигитини беҳудага экишмайди. Пахта ҳам енгил саноат, ҳам озиқ-овқат саноатининг бебаҳо хом ашёси эканини мактаб ўқувчиси ҳам яхши билади. Лекин ана шу мўъжизали экиннинг фақат толаси ва ёғи эмас, ғўзасининг кўм-кўк барги, гули, оқ толаси-ю ғўзапоясининг кули, илдизи, шохлари-ю чигитидан олинган кунжара ва шелухаси ҳам инсон саломатлигига дармон эканини ҳамма ҳам билавермайди. Эрта баҳорда йўллар, ариқ бўйларида яшнаб очиладиган момақаймоқ, боғ ва ҳовлиларимизга файз киритиб, қалбларимизга завқ-шавқ бағишлаб, кўзларимизни қувонтирадиган оқгул, қизилгул, сафсаргул ва райҳон-у жамбил, гулхайри ва тугмачагулнинг фазилатлари-чи? Кўплаб ривоят ва ҳикоятларга асос бўлган нилуфар, меҳригиёҳ, олтин томир ва бинафшанинг табобатдаги мўъжизаларини айтмайсизми? Ва яна қанча сиз билган ва билмаган кўкатлар, ўт-ўланлар. Уларнинг сир-синоати ва инсон саломатлигига малҳамлигини билиш ниятида ҳукмингизга ҳавола қилинаётган «Шифо хазинаси»нинг иккинчи китоби – «Гул ва гиёҳлар саховати»ни ўқиб чиқсангиз, Ибн Сино айтганидек, она табиат инсон саломатлиги учун яшил дорихона эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиласиз.

Аннотация

Она сайёрада биз ёлғиз эмасмиз. Атрофимизни ҳайвонот ва ўсимлик олами қуршаб туради. Улар биз билан чамбарчас боғлиқ. Бу алоқа турли шаклларда намоён бўлади.Моҳир тиб олими Ҳомиджон Зоҳидов ушбу алоқанинг тибга оид жиҳатларини изчил ўрганиб, уч китобдан иборат ажойиб асар яратган.Мазкур биринчи китобда жониворлар шарофати билан инсон қай дарду хасталикларни бартараф этиши, қай бирининг олдини олиши мумкин эканлиги батафсил баён этилади.

Аннотация

Дарахтлар… Биз уларнинг соясида ҳузурланиб, мевасидан баҳраманд бўламиз, шох-шаббалари, танаси ва кундасидан ўтин сифатида фойдаланамиз. Тол, терак, қайрағоч ва арча дарахтларидан қурилиш материаллари, эшик-деразалар ясалса, тут, ёнғоққа ўхшаганлар чолғу асбоблари ясашда, халқ амалий санъати ва ўймакорликда қўл келади. Энг муҳими, уларнинг гули ва барги, меваси, елими ҳатто танасидаги пўкаклару томиригача инсон саломатлиги учун дори-дармон, шифобахш шарбат ва дамлама бўлишини ҳамма ҳам билавермайди.Ҳавола қилинаётган Ҳомиджон Зоҳидовнинг «Шифо хазинаси» китобининг учинчи рисоласи «Дарахтлар мўъжизаси» деб номланиб, ана шу мўъжизалар сир-асрорлари ҳақида гап боради…