Аннотация

Мазкур китоб XX асрда Ўзбекистонда кўзга кўринган жамоат арбоби, молия тарихи асосчиларидан бири, таниқли олим ва иқтисодчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи, иқтисод фанлари доктори, профессор, Ҳикмат Собировнинг танланган асарлари ва олимнинг ҳаёт йўли, илмий фаолияти ҳақидаги ҳикояларни ўзига жам этган.Китобнинг биринчи қисми Ҳикмат Собиров томонидан яратилган «Ўзбекистон Давлат молия тарихи» деб номланган ўқув дарслигини ўз ичига олган. Унда Ўзбекистон давлат молияси тарихининг курси Янги Ўзбекистон тарихини таркибий қисми сифатида кўрилиб, қадимги даврдаги Марказий Осиё давлат молияси, Амир Темур давридаги ўзбек давлатчилиги молияси, Кўқон, Хива хонликлари ва Бухоро Амирлиги молияси, Туркистон генерал-губернаторлигининг молиялари таҳлил қилинади. Шу билан бирга мустақил Ўзбекистон молиясининг шаклланиш даврига ҳам китобда муносиб ўрин ажратилган.Шунингдек, мазкур китобнинг «Иқтисодий таффакур гулшани» деб номланган иккинчи қисмида иқтисодий тарихимизни ўрганишда муҳим манбалардан ҳисобланган Амир Темурнинг «Темур тузуклари» Ал-Марғинонийнинг «Ал-Ҳидоя» А.Навоийнинг «Ваҳфия» Берунийнинг «Ферузаси» Беҳбудийнинг «Жуғрофия дарсликлари» каби ноёб асарлари таҳлил қилинади ва уларнинг иқтисодий тарих учун муҳим тарафлари кўрсатиб берилади. Шунингдек, китобнинг иккинчи қисмида Ўзбекистон тарихида иқтисодиётни тутган ўрни бир қатор илмий-оммабоп мақолалар -"Мустақиллик ва пул", «Ҳисобли дўст айрилмас», «Бухоро амирлигининг олтинлари» орқали кўрсатиб берилади.Китобнинг учинчи қисми «Хотиралар ва суҳбатлар» деб номланган. Бунда олимнинг ҳаёт йўли унинг оила аъзолари ва шогирдларининг эсдаликлари, кичик маҳолалар орқали баён қилинади."Ибратли умр йўллари" китобига киритилган асарлар, мақолалар, маълумот ва таҳлил, ёдномалар Ўзбекистон молия тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.