ТОП просматриваемых книг сайта:
Алвидо, қурол. Эрнест Миллер Хемингуэй
Читать онлайн.Название Алвидо, қурол
Год выпуска 0
isbn 978-9943-19-463-2
Автор произведения Эрнест Миллер Хемингуэй
Издательство Kitobxon
– Ҳали вақтли. У ёқда ишлар яхшими?
У жилмайди.
– Ҳамон мени эрмак қилишади. – Унинг овози ҳам ҳорғин эшитиларди. – Худога шукр, ҳамма соғ-саломат. – Дардингиз енгил кўчганидан хурсанд бўлдим, – деди у. – Қаттиқ оғримаяптими?
У ғоятда ҳолдан тойган каби кўринарди, мен уни бу аҳволда биринчи кўриб туришим эди.
– Ҳозир унчаликмас.
– Сизнинг йўғингиз менга жуда билиняпти.
– Ўзим ҳам тезроқ қайта қолсам дейман. Сиз билан суҳбатлашишни соғиндим.
– Сизга майда-чуйда олиб келдим, – деди у. – У полдан ўроғлик нарсаларни олди. – Манави чивиндан сақланадиган тўр. Бу вермут. Сиз вермутни яхши кўрасизми? Манавилар инглиз газеталари.
– Қани очиб кўрсатинг-чи.
У хурсанд бўлиб, ўрамларни еча бошлади. Мен қўлимга чивиндан сақлайдиган тўрни олдим. У менга кўрсатиш учун шишани кўтариб, яна ўрин олдидаги столга қўйди. Мен ўрам ичидан битта газетани олдим. Газетани деразадан тушаётган ғира-шира ёруққа солиб, сарлавҳасини ўқий олдим. Бу «Ньюс оф уорлд» эди.
– Бошқалари – суратли варақлар, – деди у.
– Жоним билан ўқиб чиқаман. Қаердан олдингиз?
– Местерга одам юбориб олдириб келтирдим. Яна топиб бераман.
– Йўқлаб келганингиздан бошим осмонга етди, отахон. Вермут ичмайсизми?
– Раҳмат, ичмайман. У сизга.
– Йўқ деманг, ичинг.
– Хўп, майли. Келаси сафар яна обкеламан.
Вестовой стаканлар келтирди ва шишанинг оғзини очди. Пўкаги майдаланиб кетиб, қолганини шиша ичига тушириб юборишга тўғри келди. Руҳоний бундан хафа бўлганини кўрдим, лекин у:
– Майли, ҳечқиси йўқ, – деди.
– Сизнинг саломатлигингизга, отахон.
– Сизнинг соғлигингиз учун.
Кейин у стаканни қўлида ушлаб турди ва биз бир-биримизга тикилиб қолдик. Дўстона суҳбат қуриш учун хўб уриниб кўрдим, лекин нима учундир бугун гап қовушмасди.
– Тинчликми ўзи, отахон. Жуда чарчаган кўринасиз.
– Мен чарчадим, лекин чарчашга ҳақим йўқ.
– Бу иссиқдан.
– Йўқ. Ҳали баҳор-ку. Ичимга чироқ ёқса ёримайди.
– Уруш жонингизга тегдими?
– Йўқ. Лекин уни кўрарга кўзим йўқ.
– У менга ҳам ёқинқирамайди, – дедим мен. У бошини чайқаб деразага қаради.
– У сизга халал бермайди. У сизга кўринмайди. Маъзур тутинг. Биламан, сиз яралангансиз.
– Тасодифан.
– Барибир сиз яраланиб ҳам урушни кўрмайсиз. Мен бунга аминман. Ўзим ҳам уни кўрмайман, лекин мен уни бир оз ҳис қиламан.
– Мен яраланган маҳалимда, биз уруш ҳақида гаплашиб турган эдик. Пассини гапириб турган эди.
Кашиш стаканни қўйди. У аллақандай бошқа бир нарсани ўйламоқда эди.
– Мен уларни тушунаман, чунки ўзим ҳам уларнинг бириман, – деди у.
– Аммо сиз бутунлай бошқачасиз.
– Лекин аслида худди уларга ўхшайман.
– Офицерлар ҳеч нимани кўришмайди.
– Ҳаммасимас. Жуда зукколари бор, уларга бизга