ТОП просматриваемых книг сайта:
Алвидо, қурол. Эрнест Миллер Хемингуэй
Читать онлайн.Название Алвидо, қурол
Год выпуска 0
isbn 978-9943-19-463-2
Автор произведения Эрнест Миллер Хемингуэй
Издательство Kitobxon
– Оғир яраландингизми? – сўради у. – Бу баланд бўйли, пўлат кўзойнак таққан киши эди.
– Иккала оёғимдан.
– Хавфли эмасдир, а. Сигарета чекасизми?
– Раҳмат.
– Иккита шофёрдан айрилибсиз, деб эшитдим?
– Ҳа. Биттаси ўлди, иккинчиси – сизни бошлаб келган одам.
– Расво бўлибди. Ёки уларнинг машиналарини биз олиб турайликми?
– Худди шуни сиздан сўрамоқчийдим.
– Бизда улар бузилиб-нетмайди, кейин қайтариб берамиз. Сиз икки юз олтинчидансиз-ку, а?
– Ҳа.
– Ажойиб ерга жойлашгансизлар. Сизни шаҳарда кўрганман. Менга сизни америкалик деб айтишди.
– Шундоқ.
– Мен инглизман.
– Наҳотки?
– Ҳа, инглиз. Сиз италян деб ўйладингизми? Бизнинг бир отрядимизда италянлар ҳам бор.
– Агар машиналаримизни олсангиз жуда соз бўларди, – дедим мен.
– Уларни сизга бузмай-нетмай, қандай бўлса шундай топширамиз. – У қаддини кўтарди. – Шофёрингиз сиз билан келишиб олишимни жуда илтимос қилди. – У Гординининг елкасига уриб қўйди. Гордини сесканиб тушиб, жилмайди. Инглиз италян тилида чала-чулпа сўзлай кетди:
– Бўлди, ҳаммаси жойида. Бошлиғинг tеnеntе билан келишдик. Сизнинг иккала машинангизни оламиз. Энди ташвиш чекмасанг ҳам бўлади. – У сўзини бўлди. – Сизларни бу ердан олиб кетишнинг ҳам йўлини топиш керак. Ҳозир врачлар билан гаплашаман. Кетаётганда сизларни ҳам олиб кетамиз.
У ярадорлар орасидан оҳиста ўтиб, эшикка томон борди. Мен эшикка тутилган кўрпа кўтарилганини, ичкаридаги ёруғни, унинг ичкарига кирганини кўрдим.
– У сизни шундоқ қолдирмайди, tеnеntе, – деди Гордини.
– Ўзингиз қалайсиз, Франко?
– Дуруст.
У ёнимга ўтирди. Шу пайт эшикнинг ёпинғичи кўтарилиб, у ердан иккита санитар билан баланд бўйли инглиз чиқишди. Олдимга келишди.
– Мана америкалик, tеnеntе, – деди у италянчалаб.
– Мен кутиб туришим мумкин, – дедим мен. – Бу ерда мендан кўра оғирроқ ярадорлар бор. Аҳволим унчалик ёмонмас.
– Бўлди, бўлди, – деди у, – ўзингизни қаҳрамон қилиб кўрсатмай қўя қолинг. – Кейин италянчалаб деди: – Секин кўтаринглар, айниқса оёғини. Қаттиқ оғрияпти. Бу президент Вильсоннинг қонуний ўғли.
Улар мени кўтаришиб, пункт ичига олиб киришди. Ҳамма столларда жарроҳлар ишламоқда эди. Кичкина бош врач бизга жаҳл билан ўгирилиб қаради.