ТОП просматриваемых книг сайта:
Чол ва денгиз. Эрнест Миллер Хемингуэй
Читать онлайн.Название Чол ва денгиз
Год выпуска 0
isbn 978-9943-08-874-0
Автор произведения Эрнест Миллер Хемингуэй
Издательство Kitobxon
Чол, бола бериб юборган иккита янги тутилган йиртқич балиқ – тунецни энг узун чилвирларга хўрак қилди, қолган икки чилвирга эса, каттакон зангори макрель билан сариқ умбрицани илди. Булардан аввалги овда фойдаланган бўлса-да, улар ҳали ҳам янгидек турар, ажойиб сардинлар эса, уларни хуштаъм қилар, балиқларнинг нафсини қитиқларди. Йўғонлиги катта қаламдай бўлган ҳар бир чилвир пишиқ, эгилувчан чивиққа тортилган эдики, балиқнинг емга сал бўлса ҳам тегиб ўтишидан чивиқ сувга эгиларди. Бундан ташқари, чилвирлар ҳар бири қирқ саржин узунликда бўлган навбатдаги калава учларига уланган, бу калавалар яна бошқа эҳтиёт шарт калаваларга уланиши мумкин эди. Керак бўлганда, илинган балиқни уч юз саржин узоқликка қўйиб юборилса ҳам бўлаверади.
Энди чол кўк чивиқлар бортга эгилмасмикин деб кузатиб ўтирар ва чилвирнинг сувга тик ҳамда лозим бўлган чуқурликка тушишига эътибор бериб, оҳиста сузарди. Ҳамма ёқ ёришиб кетди, қуёш мана-мана чиқаман дерди.
Қуёш денгиздан билинар-билинмас кўтарилди ва бошқа қайиқлар ҳам чолнинг кўзига ташланди, улар қирғоққа анча яқин бўлиб, бутунлай оқим бағрида сувга паст чўккан ҳолда турар эдилар. Кейин офтоб шуъласи ўткирлашди, сувда унинг ёлқини акс этди, қуёш уфқдан батамом кўтарилганда, денгизнинг сипсиллиқ сирти ёлқин нурларини тўғри кўзга келтириб урди-ю, қаттиқ азоб бера бошлади: чол сувга қарамасдан, эшкак тортишга ҳаракат қилди. У ўз чилвирлари чўзилиб кетган сим-сиёҳ денгиз тубига тикилиб ўтирарди. Унинг чилвирлари сувга бошқа балиқчиларникига қараганда тикроқ тушар ва емишлар ҳар хил чуқурликларнинг тайин бир ўрнида ўз ўлжасини кутарди. Бошқа балиқчилар ўз қармоқларини оқимга бепарво қўйиб беришар, натижада юз саржинга ташладим деб ўйлаган қармоқлари айрим пайтларда олтмиш саржин чуқурликка зўрға етган бўларди.
«Мен қармоқларимни доимо бехато ташлайман, – деб ўйлади чол. – Ўзи ишим ўнгидан келмаяпти. Яна ким билади? Эҳтимол, бахт бугун менга ҳам кулиб боқар. Ҳар куннинг ўз таомили бор. Албатта, кишининг иши юришиб турганига нима етсин. Аммо мен ўз ишимнинг пухта бўлишини маъқул кўраман. Бахт келган чоғда, уни кутиб олмоққа тайёр тураман».
Қуёш кўтарилгандан бери икки соат атрофида вақт ўтди, энди шарқ томонга бемалолроқ қараш мумкин эди. Узоқда ҳозир фақат учтагина қайиқ кўзга ташланарди. Бу ердан қараганда, улар сувдан зўрға кўтарилиб тургандай туюлар, қирғоқдан ҳеч бир узоқлашмаганга ўхшарди.
«Кўзларимни бир умр тонг ёғдуси қамаштириб келади, – деб ўйлади чол. – Аммо улар ҳали ҳам ўткир. Кунботарда қуёшга бемалол қарай оламан, бироқ шунда ҳам кўзим жимирлашиб кетмайди. Қечқурун бўлса, қуёш кучлироқ нур сочади. Аммо эрталаблари у менга азоб беради».
Шу пайт у қаршисида узун қора қанотларини