ТОП просматриваемых книг сайта:
Чол ва денгиз. Эрнест Миллер Хемингуэй
Читать онлайн.Название Чол ва денгиз
Год выпуска 0
isbn 978-9943-08-874-0
Автор произведения Эрнест Миллер Хемингуэй
Издательство Kitobxon
– Нимасини айтасан, кўр деса ҳам бўлади.
– Қизиқ. У, ахир, ҳеч вақт тошбақа овламас эди, шекилли. Ўзи шу тошбақа ови ҳаммадан ҳам кўзни ўтмас қилиб қўяди.
– Лекин сен шунча йил тошбақа деб, Москит қирғоғига борсанг ҳам, кўзларинг барибир, жойида-ку.
– Менми? Менинг зувалам ўзи бошқача узилган.
– Агар жуда ҳам каттакон балиқ дуч келиб қолса кучинг етармикин?
– Етса керак, деб ўйлайман. Ҳамма гап – эпчилликда.
– Асбобларни уйга элтиб қўяйлик-а. Кейин мен тўрни олиб, сардин тутишга бораман.
Улар асбобларни қайиқдан туширишди. Чол елкасига мачтани олди, бола эса, жигарранг калава ипдан чамбарчас тўқилган қармоқ чилвирлари солинган яшик, чангак ва дастали гарпунни кўтарди. Қайиқда хўраклар солинган яшик ҳамда йирик балиқларни сув бетига тортиб чиқарилганда, уларни гаранг қилиш учун ишлатиладиган тўқмоқ қолди. Чолнинг асбоб-ускуналарини ўғирлаб кетиш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаса керак эди, аммо елкан ва оғир анжомлар тун шабнамидан нам тортиб қолмаслиги учун уларни уйга олиб бориб қўйган маъқул эди. Гарчи чол ўз нарсаларига шу ерлик одамлардан биронтаси ҳам кўз олайтирмаслигига амин бўлса-да, ҳарқалай, чангак ва гарпунини ёмон кўздан ҳолироқ тутишга ҳаракат қиларди.
Улар йўлдан чолнинг кулбасига кўтарилдилар ва ланг очиқ эшикдан ичкарига киришди. Чол мачта ва унга ўралган елканини деворга суяди, бола эса, қўлидаги нарсаларни унинг ёнига қўйди. Мачтанинг узунлиги бу ерда auguo деб аталадиган қирол пальмаларининг япроқларидан қурилган кулбанинг бўйига тенг эди. Кулбада каравот, стол, стул ва қуруқ саҳнга пистакўмир билан оби ёвғон тайёрлаш учун ўйилган ўчоқ бор эди. Унинг текислаб қуритилган толасимон япроқлардан бўлган жигарранг деворларини Тангри қалби ва Santa Maria del Cobreнинг рангдор олеаграфия билан ишланган тасвири безаб турар эди. Булар унга марҳум хотинидан қолган эди. Қачонлардир деворда хотинининг рангдор сурати ҳам осиғлиқ турарди, аммо кейин чол уни бекитиб қўйди, чунки кўзи тушса жуда-жуда эзилиб кетарди. Энди сурат бурчакдаги токчада, тоза кўйлак остида ётарди.
– Кечки овқатга ниманг бор? – сўради бола.
– Бир товоқ сариқ гуруч билан балиқ. Ейсанми?
– Йўқ, мен уйда овқатланаман. Сенга ўт ёқиб берайми?
– Керакмас. Кейинроқ ўзим ёқаман. Балки, гуручни совуқлигича ерман.
– Тўрни олсам майлими?
– Бемалол.
Тўр-пўр деган нарсадан аллақачоноқ ном-нишон қолмаган – уни қай маҳал пуллаб юборишгани боланинг ёдида эди. Шундай бўлса ҳам, ҳар икковлари буни билмаганга солишар ва ўзларини гўё чолда тўр бордай тутишар эди. Мис товоқда сариқ гуруч билан балиқ ҳам йўқ эди, бола буни ҳам биларди.
– Саксон беш – бахт келтирувчи рақам, – деди чол. – Қалай, эртага минг қадоқли балиқ тутишимга кўзинг етадими?
– Мен тўр топиб сардин тутгани бораман. Ҳозирча остонада ўтириб тур, бу ерга офтоб тушиб турибди.
– Майли. Менда кечаги газета бор. Бейсбол ҳақида ўқиб тураман.
Чолда ҳақиқатан ҳам газета бормиди ёки бу ҳам ёлғон гапмиди, бола билмасди.