ТОП просматриваемых книг сайта:
Ёзувчи учун атир. Неъмат Арслон
Читать онлайн.Субҳия охирги рақамни ўйланиброқ айтди. Мендан ёшини яшираётганга ўхшарди.
– Сизга барибир эмасми? – деди бироздан сўнг. – Энди ёшнинг мен учун фарқи йўқ.
Унинг фикрини тушундим. Кўзлари жиққа ёш эди. Ўлимга маҳкуммиз, бу тузоқдан қутилиб кетолмаймиз, демоқчи эди. Яна қийин аҳволда қолдим. "Қутилиб кетасан, ҳали ёшсан" демоқчи бўлдим, аммо ёлғон айтишдан не наф. Аспалатисофилин томон кетиб бораяпмиз. Тўғри, энди ҳаракатимиз аввалгига нисбатан анча суст. Бу томон нисбатан текисроқ, ҳатто бир-икки жойда озгина тўхтагандай ҳам бўлдик. Аммо қандайдир мубҳам бир куч бизни муқаррар комига тортиб бораётгани аниқ эди. У тўхтаб қолишга имкон бермасди.
VIII
Субҳияни устимдан туширдим. Елкам ва тирсакларим шилиниб кетганди. Илма-тешик костюмимни унинг остига тўшаб бердим. Силжиб бораётганда костюм енгларини қизнинг қўлтиғи остидан ўтказиб олиб боғлаб қўйдим ва тугун тагидан қўлимни ўтказиб олдим. Ёнма-ён бораяпмиз. Юқорига чиқишнинг сира имкони йўқ. Ортга қайтишнинг демоқчиман. Бу борада қилган барча уринишларимиз беҳуда кетди. Бекорга куч сарфламаслик учун яна нишаблик измига бўйсунишга тўғри келди. Жуда секин, лекин қаричма-қарич тубсизликка томон боряпмиз. Тагимизда ғўрашак шағал бир маромда шиғирлайди. Тепадан бошқа тош думалатишмади… Шусиз ҳам барибир ўлишимизни билишади. Тошни шунчаки эрмак учунми, қизиқчиликками думалатишган бўлса керак.
– Шундай кетаверамизми?
Қизнинг юзига қараб нима мақсадда бундай деяётганини билмоқчи бўлдим ва сўрадим:
– Нима қил дейсан?
Субҳия кўзларини олиб қочди.
– Сиз кимсиз? Уйланганмисиз? Болаларингиз бордир балки…
– Ҳеч кимим йўқ.
– Мен ҳам сизга бегонаман. Ҳеч кимингиз бўлмайман.
– Бизнинг тақдири аъмолимиз бир.
– Лекин ҳаётимиз бошқа-бошқа.
– Ҳаётимиз ҳам бир. Токи ўлимгача шу йўлни бирга босиб ўтамиз.
– Бир-биримизга бегона ҳолдами?
– Ким бўлишимизни истайсан? Ака-сингилми, ота-болами, ёки…
– Қиз бола умрининг охиригача ака-укаси ёки ота-онаси билан бирга яшай олмайди. Йигит ҳам, қиз ҳам вояга етгач оила қуради, ўзига ҳаёт йўлдоши танлайди. Фақат ана шу йўлдош билангина умрининг охиригача боради.
Бирдан ҳаво булутланиб ёмғир ёға бошлади. Субҳия совқотиб пинжимга тиқилди. Момақалдироқ гумбурлар, чақин чақар, атрофимиздан қондай қип-қизил сув оқарди. Лаҳза ўтмай, жиққа ҳўл бўлдик. Қизнинг ёмғирда ювилган юзи ойдайгина. Сув остидаги тошдек тозариб, ярқирарди.
IX
Қуёш чиқишини бир олам қувонч билан кутиб олдик. Субҳия совуқдан кўкарган лабларини, елкасини офтобга тутар, бутун вужуди билан унга интилар, қуёшни бағрига босишни истарди. Кафтим билан унинг елкасига, бўйнига шувалган лойни артиб қўйдим. Костюмимни белидан ечиб олиб, офтобга ёйдим. Бу пайтда биз биринчи бор "юриш"дан тўхтагандик. Ёнбағир одам ўзини тутиб туролмайдиган даражада тик бўлса ҳам, ёмғир оқизиб келган ғўрашак ва лой оёғимиз остида тўпланиб ношудгина зинача ҳосил қилган ва биз бу ноёб қурилмага оёқларимизни авайлабгина қўйиб турар, бир-биримизга қараб хушнуд жилмаярдик, гўё оламшумул бир кашфиётни бузиб қўйишдан қўрққандек