Скачать книгу

тушди дунёнинг бор жабрлари,

      Сиз япроқлар, тоғларчалик сабрлари,

      Йиғлаб ётар Яссавийнинг қабрлари,

      Йўлларига тикон битган ватандошлар.

      Сиз ғурбатда нурамаган минорларсиз,

      Гарчи гоҳи хаста, гоҳи беморларсиз,

      Томирлари бунда қолган чинорларсиз,

      Жисмлари сарсон ўтган ватандошлар.

      Талон бўлди бу мулк, кетди хазиналар,

      Минорларга боқсам, бунча ҳазин алар.

      Ватан бўлди сизга Макка, Мадиналар,

      Олислардан дуо этган ватандошлар.

      Мен-чи, мен ўз боғимга соз қаролмадим.

      Топтадилар, сизлар ким, деб сўролмадим.

      Ҳеч бўлмаса бир ҳижратга яролмадим,

      Ҳижратлари ҳикмат айтган ватандошлар.

      Сиз кексайган, вале юртнинг баҳорисиз,

      Туркистоннинг тўзғиб кетган ғуборисиз,

      Андижоний, Туркистоний, Бухорийсиз,

      Ватан номин асраб ўтган ватандошлар.

1992

      КУЛГИЧЛАР

      Фалак тоши бошим узра айланади,

      Кўнглим сенга бир кун ипсиз бойланади.

      Тақдир менга ўйин қилиб келди азал,

      Гўзал, сенинг кулгичларинг бунча гўзал.

      Агар кўзлар юз мулкининг шоҳидирлар,

      Алар мендай ғарибларнинг чоҳидирлар.

      Бунда ғариб ҳар қандайин шеъру ғазал,

      Гўзал, сенинг кулгичларинг бунча гўзал.

      Раҳмим келар ўз ҳолимга, йиғлайдирман,

      Ўз-ўзимдан бу дунёга сиғмайдирман.

      Не бўлди бу, оҳ қандайин мушкул масал,

      Гўзал, сенинг кулгичларинг бунча гўзал.

      Иложим йўқ, лекин боғлиқ бўлиб қолдим,

      Кўп доғ эдим, яна доғлик бўлиб қолдим.

      Ўнгланмайин ўтсам керак энди бу гал,

      Гўзал, сенинг кулгичларинг бунча гўзал.

      Дудоғларинг, ухласанг гар, гулдайдирлар,

      Кулгичларинг бунча гўзал ухлайдилар.

      Бу бир хаёл, менинг умрим хаёл тугал,

      Гўзал, сенинг кулгичларинг бунча гўзал.

      Ақлу ҳушдин айро, бўзлаб яшадим мен,

      Хаёлимда фақат гўзал яшадим мен.

      Ишқ, муҳаббат деганларим бўлди чигал,

      Гўзал, сенинг кулгичларинг бунча гўзал.

      Гўзал, сенинг кулгичларинг бунча гўзал.

      Тақдир менга ўйин қилиб келди азал.

      Сен бир кулсанг, умрим гўзал савол бўлгай,

      Армон билан ўлиб кетсам, увол бўлгай.

1992

      АЛАМ

      Боғлари мунғайди орзуларимни,

      Қаролиғ чулғади уйқуларимни,

      Қувнаб, тўй-тўйлашиб қайғуларимни,

      Эй сиз, қаро сочлар, юлдуз қароғлар,

      Нима топдингиз?

      Ҳар хасни кўзимга бир гиёҳ айлаб,

      Келдингиз аввали бир нигоҳ айлаб,

      Ўз қоним ўзимга сўнг сиёҳ айлаб,

      Эй сиз, анор юзлар, ақиқ дудоқлар,

      Нима топдингиз?

      Мижгонлар сир сақлар – йиллардай узун,

      Кўксимда йиғлайди бир қирмиз узум.

      Юзим куймоқдадир, куйдимми ўзим,

      Эй, сиз, оташ қўллар, олов бармоқлар,

      Нима топдингиз?

      Мавзун қаддингизда надин титроқлар?

      Сиз букун

Скачать книгу