Скачать книгу

олар,

      Сойларинг ўрнини тошқинлар олар.

      Бир кун атрофингда фақат ер қолар,

      Бошингдан юлдузли осмонинг кетар.

      Гулгун кунларингни ортига ташлаб,

      Гоҳ яшнаб, гоҳида қиличдай чақнаб,

      Адирлар ортидан қулундай кишнаб,

      Бир беғам, безавол давронинг кетар.

      Баҳоринг кетгайдир аста қўлингдан,

      Хаслар ҳикмат сўйлар юрган йўлингдан.

      Муҳаббат кетса гар ул кун дилингдан,

      Пойингдан устивор нарвонинг кетар.

      Дийдаларинг аро кетмай ним кулгу,

      Аларга ўрнашиб олмишдир қайғу.

      Ярми кўк, ярмиси сарғайган орзу

      Мисоли бир барги хазонинг кетар.

      Нолакор янграгай ногоҳ созларинг,

      Сароб севгиларда куймиш ёзларинг.

      Учгайлар видоли ўрдак, ғозларинг,

      Кўкларда нолаю афғонинг кетар.

      Сенга кам дегандай шунча мотамни,

      Йиллар йиқитгайлар бир кун отангни.

      Муз шамол тилгайдир нохос бетингни,

      Кўксингни тўсган ул қалқонинг кетар.

      Ҳазинлик қоплагай майсазорингни,

      Боғларинг чорламас тоғда қорингни.

      Сени ёр англамас, сен-чи ёрингни,

      Мижгонлари айтган достонинг кетар.

      Шудрингдан саодат кутгай йигитлик.

      Ўт ютиб, вале гул тутгай йигитлик,

      Шамшир шуъласидай ўтгай йигитлик,

      Шу оний шуълада карвонинг кетар.

1992

      АФСУС

      Бу ёруғ дунёда юрганлар бари,

      Ярмин зўри борлар, ярмисин зари,

      Сарв санамлари, гул дилбарлари –

      Ҳеч ким кўнглим билан ҳисоблашмади.

      Кўксида ёз эмас, қишлари борлар,

      Кўзларин тубида тишлари борлар,

      Ҳаттоки кўнглимга ишлари борлар –

      Ҳеч ким кўнглим билан ҳисоблашмади.

      У бир уй ва ёки хонадонмиди?

      Ёки очиқ турган жамадонмиди?

      Ў, қандай озода бир макон эди!

      Ҳеч ким кўнглим билан ҳисоблашмади.

      Эй малак, сен минг йил иболар қилгил,

      Минг бор ўлдиргилу бинолар қилгил,

      Кўнглим қон бўлди, сен хинолар қилгил,

      Ҳеч ким кўнглим билан ҳисоблашмади.

      Онажон, рангингиз бунчалар синиқ,

      Ҳовлида дўл урган ғунчалар синиқ,

      Кўксимда бир қамиш куй чалар – синиқ,

      Ҳеч ким кўнглим билан ҳисоблашмади.

      Унда фароғат кам, алам кўпроқдир,

      Ёруғ ёлқинлари кулдир, тупроқдир.

      Мисли қуюнлардан чиққан япроқдир,

      Ҳеч ким кўнглим билан ҳисоблашмади.

1992

      «Ой нурлари ёйилади сайҳонларга…»

      Ой нурлари ёйилади сайҳонларга,

      Томлар оша ўтар сўнгра айвонларга.

      Айвонларда ниҳолдайин келинчаклар

      Нечун маъюс тикилади осмонларга?

      Бу айвонлар кўз олдимдан кетмай қолди,

      Ойлар, йиллар тўхтаб, гўё ўтмай қолди.

      Кўнгил, сенинг гўзал доғинг битмай қолди,

      Нечун бунча дўст бўлдинг сен армонларга?

      Мен онамнинг тушларига кирган ўғил,

      Кўксим ичра аламларим шиғил-шиғил.

      Эй дунё, сен меҳру мурувватинг қўйгил,

      Йўргакладинг

Скачать книгу