ТОП просматриваемых книг сайта:
Ҳаёт қайиғи (1 китоб). Тохир Хабилов
Читать онлайн.Название Ҳаёт қайиғи (1 китоб)
Год выпуска 0
isbn 978-9943-26-895-1
Автор произведения Тохир Хабилов
Издательство SHARQ
Эртасига аҳли аёлим “мексикалик меҳмонлари”ни кутиб олгани чиққач, ёзишни давом эттирмоқчи бўлдим. Қоғозга тикилиб узоқ ўтирдим. Лекин ёза олмадим. Хаёлимни ёритаётган фикрлар ожиз бўлиб туюлаверди.
Китобхонлар билан бўлган турли учрашувларда мухлислар “Ўзингизнинг ҳаётингиз ҳақида ҳам ёзинг, бу биз учун қизиқарли”, деган таклифларни айтишарди. Мухбирлар билан суҳбатда ҳам бу таклиф тилга олинарди. Адабиётимизда шундай асарлар бор. Устоз Ойбекнинг “Болалик”, Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртаклар” асарларини ёшлигимда қизиқиб ўқиганман. Бу асарларда тарихий воқеалар ажиб тарзда баён этилган. Лекин коммунистлар ғояси чегарасидан чиқилмаган. Айниқса, атеистларча дунёқараш устун бўлган. “Бой ёмон, диндор ёмон”, деган ғоя асарлар ўзагини ташкил қилган эди. Бу хатоликни ўша пайтда тўла англамаганман. Айниқса, Абдулла Қаҳҳор асарларида ўтмишни атайин ёмонлаш кучли эди. Бундан ажабланиш керак эмас, чунки у “Мен партиянинг солдати эмасман, онгли аъзосиман”, деб баралла эълон қилганди. Демак, партия ғояларига онгли равишда содиқ бўлган. Унинг барча асарлари партия дастурларига мос ҳолда ёзилган: “халқ душманлари”га қарши кураш бошланди (буни биз ҳозир “Сталин репрессияси” деймиз) – “Сароб” ёзилди; колхозлаштириш ҳаракатига бағишланиб “Қўшчинор чироқлари” романи дунёга келди. Мирзачўл ўзлаштирилишига бағишланиб “Шоҳи сўзана” битилди ва Сталин мукофоти билан тақдирланди. Хрушчев деганлари Сталин даврини ёмонлаган эди – “Синчалак” ёзилди… “Ўтмиш шу қадар разил ва ёмонки, воқеалар ўқувчига эртакдай бўлиб туюлади”, деган мақсадда таржимаи ҳол ўрнида ёзилган асарга “Ўтмишдан эртаклар” деб ном берди. “Эртак” деб номланмиш бу битикларда ёлғон кўп эди. “Кўриб қўйларинг, Ўзбекистоннинг ўтмиши қора, совет тузуми мунаввар”, деган ғоя ётарди. Ғояси таққосланилса, Ҳамзанинг “Бой ила хизматчи” драмасидан фарқ қилмасди. “Бой ила хизматчи”дан воз кечилди. Ажабки, “Ўтмишдан эртаклар”ни яна қайта нашр қиляптилар. Асарда бир қора баён бор: боланинг отаси Қуръонни улоқтиради, яъни Аллоҳга исён қилади! Алҳазар! Бу қадар ёлғон! Бу ҳолат бўлиб ўтган воқеа эмас, аксинча, ёзувчи истаги бўйича ўз онгида содир бўлган мантиқсиз баён деб ўйлайман (Аллоҳга исён “Шайтанат”нинг тўртинчи китобида Асадбек мисолида баён қилинган, бу хусусда кейинроқ, ўз ўрнида фикр юритажакмиз). Худога исён ғояси унинг “Бемор” сингари кичик асарларига ҳам сингдирилган эди. “Анор” ҳикояси-чи?! Қаранг, бир йигитнинг хотини анорга боши қоронғи бўлибди. Ўтмиш шундай зулмкор эди, камбағал битта анорга зор эди. Бўлмаган гап! Қишлоқларда анорзорларда девор бўлмаган, боғларда ҳозир ҳам девор йўқ. Мол кириб пайҳон қилмасин, деб шох-шаббадан четан девор қилинади. Қўни-қўшнидан битта анор сўралса, бир сават берилган ва ҳозир ҳам шундай. Энг хасис ва энг разил бойдан сўралса ҳам берган. Бу бирламчи. Иккиламчи шуки, хотиннинг боши қоронғи бўлган пайтда унга ўғирланган ҳаром таом берилмайди. Хуллас, адибнинг юқори даражадаги бадиий маҳоратини олқишласам-да, бу асарларига муносабатим яхши эмас.