ТОП просматриваемых книг сайта:
Ҳаёт қайиғи (2 китоб). Тохир Хабилов
Читать онлайн.Название Ҳаёт қайиғи (2 китоб)
Год выпуска 0
isbn 978-9943-26-896-8
Автор произведения Тохир Хабилов
Издательство SHARQ
Не аламки, кичик ўғиллари Ҳасан ака ҳам Ленинградда ўқиётганларида рус қизига уйланиб олибдилар. Тоғам буни иснод деб қабул қилиб алам чекмадилар. Йўқ, бу иснод эмасди. Тоғамни “зурриётим қирқилиб адо бўлади, номим ўчади”, деган ташвиш қийнарди. Ҳартугул, Ҳасан акамиз биринчи оилалари билан кўп яшамай, ажрашдилар. Ўшлик қариндошимизнинг қизларига уйландилар. Набиралари Омонуллоҳ туғилганида тоғамнинг “Энди номим ўчмайди, илдизим қуримайди”, деб қувонганларини кўрсангиз эди!
Рим султони Юлий Цезарнинг “Майдалаб бўлиб ташлагин-да, истаганингча ҳукмингни юргизавер”, деган фалсафасини большевик султонлари тўла-тўкис амалга оширдилар. Яқин ўтмишимизда “Ленинча миллий сиёсат” кўкларга кўтариб мақталарди. Аслида эса Сталинча миллий сиёсат қарор топган эди. Ленин 1924 йилнинг январь ойида вафот этган, миллий чегараланиш эса, ўктабрь ойида ўтқазилди. Ленин миллатга қараб эмас, ҳудудга қараб чегаралаш тарафдори эди. Масалан, Қофқазда уч жумҳурият эмас, битта “Қофқаз” жумҳурияти, Марказий Осиёда эса “Туркистон” жумҳурияти бўлишини истаган. Сталин эса майдалаб ташлаган. Унинг сиёсати ҳозиргача жондош-қондош, жигар бўлган халқларни айириб турибди. Бир неча чақирим қуруқ ер ёки йўл учун ғалвалар тинмаяпти. Мана шу келишмовчилик Россия учун ғоят фойдали ҳисобланади. Эҳтимол, 1924 йилда тарихнинг бу томонга оғишини ҳам ҳисобга олиб, шундай қилишгандир.
Ёшларимиз тарихни яхши билмасалар керак, деган ўйда асосий муддаога сал узоқроқдан яқинлашишига тўғри келди. Яна Тошкент зилзиласига қайтсам, “улуғ оғаларимиз”нинг қурилиш баҳонасида ёпирилиб келиши “ассимиляция” миллий сиёсатининг амалга ошишини тезлаштиришдан иборат эди. Агар бу мақсад бўлмаса, рус ёки украин ёки белоруснинг бошкентга кўчиб келиши фожиали ҳолат эмас. Дунёга назар ташласак, турли мамлакатларда ўзбекларнинг яшаётганини кузатамиз. Ёки Германияда туркларнинг, Англияда ҳиндларнинг кўп миқдорда яшаши ҳозир ажабланарли ёки ташвишли ҳол саналмайди. Чунки Саудий арабистонида истиқомат қилаётган ўзбеклар арабларнинг, Германиядаги турклар немисларнинг қонунларини, тарихи, маданияти, тилини ҳурмат қилиб яшайдилар. Европада яшаётган осиёликлар бу халқларни, масалан, олмонларни, фарангиларни…