Скачать книгу

“Ленин учқуни”даги ижодий муҳит бошқа таҳририятлардан фарқ қиларди. Кўп ижодкорлар келиб туришарди. Абдулла Орипов, Шукур Холмирзаев, Рауф Парфи, Машраб Бобоев каби ижодкорлар билан шу таҳририятда ишлаб юрган кезларим танишганман. Бир куни хонамизга Абдулла Орипов кириб келдилар. Ширакайф эканлар, аввал ҳам бу ҳолда кўрганим учун эътибор бермадим. Лекин ёнларида қўлтиқлаб юрган йигитни кўриб, таажжубландим. 40-мактабда ўқиган бу йигитнинг бокс билан шуғулланишини эшитган эдим. Аммо шоирлигидан бехабар эканман, шунинг учун “Бу йигит нима қилиб юрибди?” – деб ажабландим.

      – Асқар Қосимовни танимайсизми, Абдулла аканинг шогирди, зўр шоир, – дейишди.

      Абдулла ака Асқарнинг маҳалласидаги уйда ижарада турар эканлар. Асқар билан дўстлашиб олдим (Асқар Қосимнинг шеърлари билан “Шайтанат”да танишгандирсиз. Анвар бу шоирни ўзининг устози деб билади, ҳатто хаёлан учрашади ҳам. Шоир дўстим ҳақида кейинроқ сўзлаб бераман, инша Аллоҳ).

      Таҳририят жойлашган улкан бинонинг ўнг қўлтиғида ғарибгина чойхона бўларди (Ҳозир унинг ўрнига ҳашаматли ошхоналар тушган). Аниқроғи, бу ер гунг-соқовларнинг клуби эди. Тор ҳовлининг ўртаси ҳовуз, атрофга стол-стуллар қўйилган. Чойхонанинг патир нон ёпувчи новвойхонаси, чўзма лағмон пиширувчи ошхонаси ҳам мавжуд эди. Ёшларни булар ўзига тортмасди, оҳанрабо каби тортувчи куч, чойхонага кираверишдаги кичик дўконда эди. Дўконда ароғу коньякларнинг турфа хили кўзни ўйнатиб турарди. Лекин ёшларнинг унга етишишлари сал қийин бўлгани учун арзон мусалласлар билан қаноатланишарди. Чўзма лағмонга 60-70 тийин сарфланарди. Қорин тўярди, аммо шоирларнинг “қулфи дили” очилмай қоларди. Шу боис 50-60 тийиндан тўпланиб, бир вакил Хадрага жўнарди. Пешинга яқин бу ерда нархи тўрт тийиндан бўлган, ҳозир “гумма” деб, у пайтда киноя билан “думба-жигар” деб аталувчи сомса сотиларди (русча номи “собачья радость” эди). 4-5 сомса билан қорин тўярди. Демак, 20-30 тийиндан сомсага сарфланса, қолгани мусалласга етарди. Агар мусаллас диллар қулфини очишга ожизлик қилса-ю, чўнтакда пул қолмаган бўлса, фожиа эмас, дўкондор марҳаматли киши эди, ичкиликни насияга бериб, дафтарига ёзиб қўярди. Қайсидир ижодкор қалам ҳақи олса, насия дафтарини очишга ҳожат бўлмасди.

      Бу сатрларни ўқиб, “Ижодкорлар фақат майхўрлик қилар экан”, деган фикрга борган бўлсангиз, янглишдингиз. Бу ерда ғийбат йўқ, балки адабиёт ҳақида, асосан шеърият ҳақида суҳбатлар, ҳатто баҳслар бўларди. Абдулла Ориповнинг тилла балиқ ҳақидаги машҳур шеъри айнан шу ерда, ҳовуздаги балиққа қараб тўқилган экан.

      Тухумдан чиқди-ю, келтириб уни

      Шу лойқа ҳовузга томон отдилар.

      Ташландиқ ушоқ еб ўтади куни,

      Хору хас, хазонлар устин ёпдилар.

      Дунёда кўргани шу тор ҳовузча

      Ва мудроқ толларнинг аччиқ хазони.

      Менга алам қилар, тилла балиқча

      Бир кўлмак ҳовуз деб билар дунёни.

      Шеър 1965 йилда ёзилган, лекин мен биринчи марта шу даврада эшитиб лол қолганман. Шу ҳовузни, ундаги

Скачать книгу