ТОП просматриваемых книг сайта:
Чернобиль таваллоси. Светлана Алексиевич
Читать онлайн.Название Чернобиль таваллоси
Год выпуска 0
isbn 978-9943-23-212-9
Автор произведения Светлана Алексиевич
Издательство Автор
“Ҳа, майли, – деган хаёлга бораман, – бироз асабий бўлар.”
─ Яна қулоқ сол: агар йиғласанг, дарҳол жўнатиб юбораман. Қучоқлаш ва ўпишиш мумкин эмас. Яқин бормайсан. Ярим соат вақт бераман.
Бироқ билардим, энди бу ердан асло кетмайман. Кетсам, у билан кетаман. Ўзимга ўзим қасам ичдим!
Кираман… Улар ўринда ўтириб, қарта ўйнар ва кулишарди.
─ Вася! – бақиришади унга. У ўгирилиб қарайди:
─ О, биродарлар, тамом бўлдим! Бу ерни ҳам топиб келибди!
Аҳволи кулгили эди, эгнига қирқ саккизинчи ўлчамдаги пижама кийган, ҳолбуки, у эллик иккинчи ўлчамдаги либос киярди. Енги, иштонининг почаси калта эди. Юзидаги шиш камайганди… Уларга қандайдир суюқлик қуйишарди…
─ Нега ўзинг бирдан йўқолиб қолдинг? – сўрадим. У мени қучмоқчи бўлди.
─ Ўтир-ўтир, – шифокор уни менга яқинлаштирмайди. – Бу ер қучоқлашадиган жой эмас.
Биз буни ҳазилга йўйдик. Ҳамма дарҳол йиғила бошлади, бошқа палатадагилар ҳам келди. Ҳаммаси ўзимизникилар эди. Припятликлар. Уларни – йигирма саккиз кишини самолётда олиб келишганди. У ёқда қандай аҳвол? Шаҳарда нима гаплар? Жавоб бераман: эвакуация бошланди, шаҳарликларни уч ёки беш кунга олиб кетишяпти. Йигитлар жим, у ерда иккита аёл ҳам бор эди, уларнинг бири ҳалокат куни чиқиш йўлагида навбатчи бўлганди, у йиғлашга тушди:
─ Эй худойим! Болаларим у ерда-ку! Уларга нима бўлдийкин?
Мен, майли, бир дақиқага бўлса ҳам, эрим билан ёлғиз қолишни хоҳлардим. Йигитлар буни сезишди, шекилли, ҳар бири нимадир баҳона топиб, йўлакка чиқиб кетишди. Шу пайтда уни бағримга босиб, ўпиб олдим. У ўзини тортди:
─ Ёнимга ўтирма. Курсичани ол.
─ Қўйсанг-чи, бу аҳмоқгарчилик, – қўл силтадим мен. – Сен портлаш қаерда бўлганини кўрдингми? У ерда нима бўлган? Ахир ҳаммадан олдин боргансизлар…
─ Ҳойнаҳой, бу қўпорувчиликка ўхшайди. Кимдир атай уюштирган. Йигитларимизнинг бари шу фикрда.
Ўшанда шундай дейишганди. Шундай ўйлашарди.
Кейинги кун келганимда, уларнинг ҳаммасини алоҳида-алоҳида хоналарга олишганди. Уларга йўлакка чиқиш ҳам қатъий ман қилинди. Бир-бирлари билан сўзлашиш ҳам мумкин эмас. Деворни тақиллатиш орқали гаплашишарди: нуқта-чизиқча, нуқта-чизиқча… Нуқта… Шифокорлар буни ҳар бир вужудга нурланиш миқдори турлича таъсир қилиши, бири кўтара оладиган миқдорни бошқаси кўтара олмаслиги билан изоҳлашди. Улар турган хоналарнинг деворида ҳам нурланиш даражаси юқори эди. Чап, ўнг ва ҳатто уларнинг тагидаги қават ҳам нурланганди… Ён-атрофдаги ҳамма касалларни кўчиришди, бирорта ҳам бемор қолмади… Остки қаватда ҳам, уларнинг устидаги қаватда ҳам ҳеч ким қолмади…
Уч кун москвалик танишларимникида яшадим. Улар менга қозон, товоқ – умуман ўзингга керакли ҳамма нарсани ол, тортинма, дейишди. Улар шундай шафиқ инсонлар эди… Шунчалар меҳрибон! Мен олти киши учун куркадан шўрва қайнатардим. Олтита йигитимиз учун… Ўт ўчирувчилар… Бир сменада ишлаганлар… Уларнинг ҳаммаси ўша