Скачать книгу

Кечаси то тонг ёришгунча ўтириб чиқадиган пайтларим бўлади, ўйлайман, ўйлайвераман. Бу оқшом ҳам ўринжойда букчайиб ўтириб чиқдим, кейин қуёшни томоша қилиш учун ташқарига йўл олдим. Сизга нима дейишим мумкин? Дунёда энг адолатли нарса ўлимдир. Ҳали ҳеч ким уни сотиб ололмади. Ҳаммани ер қабул қилади: яхшини ҳам, ёмонни ҳам, гуноҳкорларни ҳам. Бу дунёда ўлимдан бошқа адолат йўқ. Мен бутун умр оғир ва ҳалол меҳнат қилдим. Виждонан яшадим. Аммо адолат кўрмадим. Худо қайдадир адолатни тақсимлади, аммо менга навбат етиб келганида унинг берадиган ҳеч вақоси қолмаганди. Ёш ҳам ўлиши мумкин, аммо кексалар ўлиши шарт… Ҳеч ким боқий яшамайди – на шоҳ, на тожир… Мен аввал одамларни кутдим, ҳамма қайтиб келади, деб ўйладим. Ҳеч ким бутунлай кетмаганди, вақтинчага кетганди. Энди ўлимни кутяпман… Ўлиш қийин эмас, қўрқинчли. Черков йўқ, руҳоний отахон ҳам келмайди. Гуноҳларимга каффорат берадиган бирон зот йўқ…

      …Биринчи марта бизда радиация борлигини айтишганида, шундай ўйладик: бу қандайдир касаллик, ким унга чалинса, дарҳол ўлади. Йўқ, айтишларича, у шунақа нарса эканки, ерда тураркан, бағрига сингиркан, бироқ кўз билан кўриб бўлмас экан. Эҳтимол, уни жониворлар эшитар ёки кўрар, аммо инсон кўролмас эмиш. Бироқ бу ёлғон! Мен кўрдим… Бу цезий томорқамда ётувди, кейин уни ёмғир ювди. Унинг ранги қанақадир сиёҳга ўхшайди… Ётган ерида парча-парча товланади… Колхоз даласидан келдим ва томорқамга ўтдим… Шунақа сиёҳранг бир парча ётарди… Икки юз метр нарида яна бири… Катталиги бошимдаги рўмолдай эди. Баланд овозда қўшни хотинни, бошқа аёлларни ҳам чақирдим, ҳаммамиз югуриб-елиб атрофни айланиб чиқдик. Барча томорқалар, ён-атроф… Икки гектар… Тўрттами каттагина парча топдик… Биттаси қип-қизил эди… Эртасига тонг саҳардан ёмғир ёғди. Туш пайтига келиб парчалар эриб, ерга сингиб кетди. Милиция келди, аммо энди кўрсатадиган нарса қолмаганди. Фақат айтиб бердик… Мана шунақа катталикдаги парчалар… (Қўли билан кўрсатади.) Худди рўмолим сингари. Ҳаворанг ва алвон.

      Биз радиациядан унчалик қўрқмадик… Кўрмаганимизда, билмаганимизда, эҳтимол, қўрққан бўлардик, кўрганимиздан кейин у қадар қўрқинчли туюлмади. Милиция аскарлар билан бирга тахтачалар ўрнатиб чиқди. Кимнингдир уйи ёнига, кўчага етмиш кюри, олтмиш кюри деб ёзиб қўйишди: …Бир умр ўз картошкамиз, ўз нонимиз ҳисобига кун кўрдик, энди эса – мумкин эмас! Ҳатто пиёз, сабзини ишлатишга ҳам рухсат беришмайди. Кимга аза, кимга тўй… То морқада дока боғичлар ва чарм қўлқоплар кийиб ишлашни маслаҳат беришди. Ёққан оловимиз кулини кўмиб ташлаш лозим экан. Дафн этиш. О-о-о… Ўшанда яна бир савлатли олим келиб, маҳаллий клубда чиқиш қилди, ўтинни ювиб ишлатиш керак, деди… Ажабо! Қулоқларим узилиб тушсайди! Кўрпажилдларни, чойшабларни, дераза пардаларини ювиб чиқишни буюрдилар… Улар уй ичида эди-ку! Жомадонларда ва сандиқларда. Хонада қанақа радиация бўлиши мумкин? Ойна ортидами? Эшик орқасида-я? Ажабо! Сен уни ўрмондан, даладан қидир… Қудуқларнинг оғзини беркитишди, целлофан қоплашди… Сув “ифлосланган”миш… Нимаси ифлосланган, сув шу қадар тиниқ-тозаки!

      Бир

Скачать книгу