ТОП просматриваемых книг сайта:
Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов
Читать онлайн.Название Танланган асарлар: Қиссалар
Год выпуска 0
isbn 978-9943-6609-8-4
Автор произведения Чингиз Айтматов
Издательство SHARQ
– Йўл участкасига элтиб қўй, йигит, – деди у менга. – Мотор ишламай қолди, трактор келтирамиз.
– Қайси участкага? – деб сўрадим. Чунки йўл тузатиш участкалари кўп эди, бундай участкалар деярли ҳар ўн беш йигирма километрда бўларди.
– Дўландаги метеостанцияга етмасдан бир оз берироқдагисига.
Метеостанция довоннинг энг баланд ерида, йўл тузатиш участкаси эса етти километрлар чамаси пастда, йўлдан сал четроқда, бурилишда жойлашган эди.
– Ўтиринг, – дедим, – олиб бориб қўяман. Балки ўзимиз бирор иложини топармиз? – деб кабинадан чиқдим. Улар трактор деб то кеч киргунча сарсон бўлмасин учун бир амаллаб ёрдам бергим келди. Йўл тузатувчиларга азбаройи ҳурматим туфайли шундай қилгим келарди: ахир улар албатта биз учун заҳмат чекяптилар-да.
– Нима ҳам қила олардинг, олов олмаётибди, – деди шофёр очиқ турган капотни бекитаркан, маъюслик билан. Бечора совуқ еб, жунжикиб, кўкариб кетибди. Бу ерлик шофёрлардан эмаслиги кўриниб турибди, пойтахтдан келаётган бўлса керак. У довдираб атрофга алангларди. Улар участкага Фрунзедан нимадир олиб келишаётган эди. Нима қилиш керак? Миямга бир қизиқ фикр келиб қолди. Аввал довонга бир қараб қўйдим. У ёқда ҳавонинг авзойи бузуқ, булутлар пастлаб сузарди. Ниҳоят бир қарорга келдим. Ўйлаган фикрим жуда зўр бўлмаса ҳам мен учун ўша пайтда ғоят катта революцион воқеа бўлиб кўринган эди.
– Тормозинг жойидами? – деб сўрадим шофёрдан.
– Ана холос… тормозсиз юриб бўладими! Мотор ишламаяпти деяпмиз-ку сенга!..
– Троссинг борми?
– Хўш, бўлса-чи!
– Буёққа келтир, машинамга ула.
Иккаласи ҳам жойларидан жилмай, ишонқирамагандек менга тикилиб туришарди.
– Нима бало, ақлингдан оздингми? – деди шофёр секингина.
Характерим шунақа, билмадим, бу яхшими, ёмонми. Бироқ бундан қатъи назар, миямга бир фикр келдими, бўлди, куйиб-ёниб кетсам ҳам барибир уни амалга оширмагунча қўймайман.
Мен шофёрга ялиниб-ёлвора бошладим.
– Жон дўстим, кел, улай қолайлик? Худо урсин, етказиб қўяман.
– Қўйсанг-чи! – деб қўл силтади у. – Нима, бу ерда шатакка олиш мумкин эмаслигини билмайсанми. Буни ўйламай ҳам қўя қол. Бор, йўқол, йўлингдан қолма!..
У гўё энг муҳим ва энг катта илтимосимни рад қилгандек, шунақаям алам қилдики менга.
– Эҳ, эшшак, қўрқоқ! – деб машинамга қараб юрдим. – Қани, юринг, кетдик! – деб чақирдим мўйловли кишини. Кейинроқ билсам,