Скачать книгу

қизим, ҳурмат қилганинг учун раҳмат. Бундан буён сен бизнинг келинимизсан, автобазадаги ҳамма оқсоқоллар келинисан, қизим. Ҳали улар йўлда учраб қолишади. Мана, Илёс, кўрмана. Келинни қуруқдан-қуруққа кўрсатмайдилар, – деб у пул узатди. Мен қўлини қайтара олмадим, йўқса, хафа қилиб қўярдим.

      Биз хайрлашдик. Асал ҳамон бошидан рўмолини олмасди. Одатдагича тагли-тахтли қирғиз оиласига тушган келиндек, у одамлар билан учрашганда уятчанлик билан юзини беркитарди. Ўзимиз ёлғиз қолганимизда эса ўзаро кулишардик, бошига рўмол ташлаб олган Асал менга янада гўзалроқ бўлиб кўринарди.

      – Жонгинам, қани, бошингни кўтар, мени бир ўпиб қўй-чи, – дедим унга.

      – Мумкин эмас, оқсоқоллар кўриб қолишади, – деди-ю, шу заҳотиёқ кулги аралаш, гўё биров кўриб қолмасин деяётгандек, эҳтиётлик билан чаккамдан ўпиб олди.

      Йўлда борарканмиз, яна ҳам қизиқроқ ҳодисаларга дуч келдик. Автобазанинг трассадаги ҳамма шофёрлари учрашганда бизни қайта-қайта тўхтатишиб табриклашарди, бахт-саодат тилашарди. Уларнинг кўпчилиги йўл-йўлакай гул териб, гулдаста ясабгина қолмай, ҳатто совғалар тайёрлаб қўйишга ҳам улгуришибди. Билмадим, кимнинг ақлига келди экан бу. Бу фикрни ҳойнаҳой рус йигитларимиз ўйлаб топишган бўлса керак. Улар қишлоқда тўй бўлиб қолса, машинани боплаб безатадилар. Ҳозир ҳам улар машинамизга қизил, кўк, яшил ленталар тақиб, шойи дурралар, гулдасталар ила бошладилар. Машинамиз турли-туман рангларга ғарқ бўлиб, чўғдек товланардики, эҳтимол у ўнлаб километр наридан кўзга ташланиб турган бўлса керак. Асал иккимиз ғоятда бахтиёр эдик, мен дўстларимнинг бу илтифотидан қалбдан фахрланардим. Дўст кулфатда синалади, дейдилар. Менимча, улар бахтли дамларда ҳам синаладилар.

      Йўлда энг яқин дўстим Алибек Жонтурин ҳам учради. У мендан икки ёш катта. У – калласи катта, норғул йигит эди, ўзи анча ёш бўлса ҳам сермулоҳаза, оғир, вазмин йигит бўлиб, ажойиб шофёр эди. Базада уни жуда ҳурмат қилишарди. Алибекни профком қилиб ҳам сайлашганди. Қани, у нима деркин, деб ўйлаб турибман.

      Алибек машинамизга жимгина қаради-да, бош тебратиб қўйди, сўнгра Асалга яқин келиб, қўл бериб саломлашди ва уни табриклади.

      – Қани, йўлланмангни бу ёққа бер-чи! – деди у. Мен бундай кутиб олар деб ўйламаган эдим. Ҳеч нарсага тушунмай, қоғозни жимгина узатдим. У авторучкасини олди-да, йўлланмага кўндалангига тўлдириб, бурчакма-бурчак қилиб йирик ҳарфлар билан ёза бошлади: «Тўй сафари, № 167!»

      – Нима қиляпсан? – деб довдираб қолдим. – Ахир бу ҳужжат-ку!

      – Тарихий бўлиб сақланиб қолади! – деб кулимсиради у. – Нима, бухгалтерияда ўтирганларни одам эмас деб ўйлаяпсанми? Энди қўлингни бер! – деб мени маҳкам қучоқлаб ўпди. Биз хахолаб кулиб юбордик. Кейин машиналаримизга қараб юра бошладик, аммо Алибек мени тўхтатиб:

      – Қаерда турадиган бўлдинглар? – деб сўраб қолди.

      Мен елкамни қисиб қўйдим.

      – Мана бизнинг уйимиз! – деб машинани кўрсатдим.

      – Кабинадами? Эҳтимол, болаларингизни ҳам ўша ерда боқарсизлар?.. Менга қара, довондаги уйимизга жойлашаверинглар,

Скачать книгу