ТОП просматриваемых книг сайта:
Қояларда қолган болалик. Рисбек Омонов
Читать онлайн.Название Қояларда қолган болалик
Год выпуска 0
isbn 978-9943-8932-2-1
Автор произведения Рисбек Омонов
Издательство SHARQ
Отам ёввойи ҳайвонларга қопқон ва какликларга тузоқ қўяр эди. Мен ўзимча тоғутошларни, арча ва дарахтларни томоша қилиб, ҳар хил меваларни териб еб юрар эдим. Сой бўйида сув ёқасида роса булдурган (маймунжон) кўп экан.
Кечалари ҳам отам мени ухлатиб, қопқон ва тузоқларни текшириб келиш учун кетарди. Лекин албатта менинг икки томонимга, сал узоқроқ жойга олов ёқиб, тўнкаларни қалаб кетарди. Демак, кўнгли хотиржам, ҳеч нарса олов олдига келмайди ва менга тегмайди. Бемалол ов қилса бўлади. Мен ҳам шу ҳаётга мослашиб қолганман, бемалол қўрқмасдан ухлаб ётаверар эдим. “Ота, нега қопқон ва тузоқларни кундузи қарамайсиз”, – десам, отам: “Ҳа энди, ўлжа тушиб қолган бўлса, кечаси йиртқич ҳайвонлар кўриб қолса, уларни еб, тузоқларни узиб кетади-ку”, деб жавоб берарди. Мен уйғониб кетсам, атрофга қараб бир неча бор “ота-ота” деб чақирар эдим. Ҳеч ким жавоб бермагач, яна бемалол уйқуга кетар эдим. Кечаси алламаҳалда отам қопқон ва тузоққа тушган ўлжани олиб келар эди. Кейин иккаламиз очиқ ҳавода осмонга тикилиб, юлдузларни томоша қилиб, бир-биримизни қучоқлаб, суҳбатлашиб ухлаб қолар эдик. Эрталаб яна овга кетарди. Бу сафар кечқурун тоғнинг сойроқ жойига тортиб қўйилган тўрларни йиғиб келарди. Отам каклик, каптар ва бошқа ёввойи паррандаларнинг тонг саҳарда қаердан учиб ўтишини жуда яхши биларди. Ҳарҳолда қуруқ қайтмас эди. Ҳеч бўлмаганда беш-ўнта парранда олиб келарди. Ана бизга егулик гўшт. Биз бир неча ҳафта чамаси шу ерда яшадик. Кейин ҳар доимгидек бошқа жойга кўчмоқчи бўлдик. Лекин тушишда йўлга белги қўймаганимиз учун дарадан чиқиб кетадиган йўлни топа олмай қолдик. Бу дарадан чиқиб кетадиган фақат биргина йўл бор экан, холос.
Сой бўйлаб кетавериш эса номаълум. У қаерга бориб тугайди, қаердан чиқади – билмаймиз. Тушган жойимиздан анча узоққа кетиб қолган эканмиз. Отам ҳар куни нонуштадан сўнг мени қолдириб, йўл излаш учун кетарди. Ахири ҳар ерга ўзича белги қўйиб юриб, чиқадиган йўлни топиб келди. Жуда хурсанд бўлдик. Лекин йўлни топкунча бир неча кун ўтиб ҳам кетди. Биз гўё табиат қамалига тушиб қолган эдик. Агар йўлни тополмай қишгача қолиб кетганимизда ҳолимиз нима кечарди. Бир амаллаб табиат қамалидан чиқиб олиб, бир баланд тоғ устига кўтарилдик. Бу ерда архар (ёввойи қўй) ва кийиклар ўтлаб юрар эди. Улар жуда сергак, сезгир ва ҳуркак бўлар экан. Шунинг учун ҳам биз уларга жуда яқин бора олмадик. Бу жониворлар баланд қояли тошларда юришга шунчалик мослашиб кетганки, баланд қоятошлар устига худди текис ерда юргандай бемалол сакраб, югуриб чиқиб кетарди.
Биз тоғнинг энг юқори чўққисига чиқдик ва шу жойда қизиқ нарсага дуч келдик. Тоғнинг тепаси бутун бир яхлит тошга ўхшарди. Тошнинг усти шундай текис ва силлиқ эдики, гўё қачонлардир ўзга сайёраликлар қўниш майдончасини яратиб қўйгандай. Текисликнинг кенглиги чамаси бутун бир футбол майдончасига тенг келарди. Балки бу ўзига яраша табиатнинг бир мўъжизасидир.