ТОП просматриваемых книг сайта:
Буюк Гэтсби. Фрэнсис Скотт Фицджеральд
Читать онлайн.Название Буюк Гэтсби
Год выпуска 0
isbn 978-9943-7084-7-1
Автор произведения Фрэнсис Скотт Фицджеральд
Издательство ZABARJAD MEDIA
Ҳар жума куни Нью-Йорқдан олтита саватда пўртаҳол ва лимонлар келтириларди. Ҳар душанба куни шу пўртаҳол ва лимонларнинг қовжираган пўстлари орқа эшикдан ташқарига чиқариб ташланарди. Ошхонада ярим соат ичида икки юзта пўртаҳолнинг шарбатини сиқиб оладиган машина турарди. У тинмай шарбат чиқарарди.
Виллага ҳар ойда икки ёки уч маротаба кўплаб таъминотчилар қатнардилар. Улар ўзлари билан бир неча юз ярд 5 брезент ва Гэтсбининг боғида катта байрам арчасини ясатмоқчи бўлгандек жуда кўп миқдорда ранг-баранг лампочкалар олиб келар эдилар, гўёки стол устида турли хил газаклар: зираворлару сон гўштлари, салатлар, хамир ичига солиб пиширилган чўчқа гўштлари, олтин каби товланиб турувчи қовурилган куркалар қатор қилиб териб қўйилганди. Кираверишдаги катта хонага қурилган жавонда хилмахил ичимликлар – жин ва ликёрлар, қандайдир истеъмолдан аллақачон чиқиб кетган ва келган меҳмонларнинг кўпчилиги номини ҳам билмайдиган қандайдир қадимий ичимликлар қатор териб қўйилган эди.
Соат еттиларда олти нафардан иборат мусиқачилар, саксофон ва найга ўхшаш соз ҳамда катта ва кичик ноғоралардан иборат тўлиқ оркестр ўз жойини эгаллаб ўтирар эди. Чўмилишдан қайтиб келганлар эса, тепада кийинаётган эдилар. Кираверишдаги йўлакнинг ҳар икки томонида Нью-Йорқдан келган меҳмонларнинг машиналари бештадан саф тортиб турарди. Камалақдек жилоланиб турган муҳташам хоналарда ва айвонларда сочлари сўнгги услубда олинган каллалар ва кастиль хонимларининг тушига ҳам кирмаган шолрўмоллар кўзга ташланарди. Ошхонадагиларнинг кўли-кўлига тегмасди, боғнинг у ер-бу ерида хизматкорлар кўтариб юрган патнисдаги коктейлнинг хушбўй ҳиди ҳавони тутиб кетганди. Боғдаги меҳмонлар аста сайр этиб юришаркан, бир-бирлари билан суҳбатлашишар, мулозамат қилишар, ғийбатлашишар, бир-бирларининг исмларини билмасалар-да, назокат-ла таъзим қилиб сўрашиб, ўтиб кетардилар. Атрофни қоронғулик чулғаб олганди. Ёқилган чироқлар нури боғни чароғон қилиб юборганди; машшоқлар ажойиб куй чала бошладилар. Қўшиқчиларнинг овозлари бир парда юқори кўтарилди.