Скачать книгу

ва адолат тантана қилади, деган ширин хаёлда енгилланиб нафас олди. Ёлғиз Нехлюдов бу ҳисдан маҳрум эди: ўн йил муқаддам таниган маъсума латофатли қиз, ўша Маслова қилиб қўйган жиноятдан у даҳшатга келиб ўтирарди.

      XI

      Айбнома ўқиб бўлингач, раис аъзолари билан маслаҳатлашиб, энди ҳаммасини батафсил билиб оламиз, дегандай қилиб, Картинкинга юз ўгирди.

      – Деҳқон Симон Картинкин, – деди у чапга энгашиб.

      Симон Картинкин қўлини икки ёнига қилиб, ўрнидан турди-да, бутун гавдаси билан олдинга энгашди. Унинг юзи ҳамон пир-пир этиб учиб турарди.

      – Сиз, 188* йилнинг 17 январь куни Евфимия Бочкова ва Екатерина Маслова билан биргаликда савдогар Смельковнинг жомадонидан унинг пулини ўғирлашда айбланасиз. Сиз Екатерина Масловага маргимуш олиб келиб бергансиз ва винога солиб, савдогар Смельковга ичиргин, деб тайинлагансиз. Шунинг натижасида Смельков ўлган. Айбингизга иқрормисиз? – деди раис, сўнгра ўнг томонга энгашди.

      – Йўқ, нимага деганингизда, бизнинг ишимиз меҳмонларга хизмат қилиш…

      – Кейин гапирасиз. Айбингизга иқрормисиз?

      – Йўқ, иқрор эмасман. Мен фақат…

      – Кейин гапирасиз. Айбингизга иқрормисиз? – деб такрорлади раис мулойим, лекин қатъий овоз билан.

      – Иқрор бўлолмайман, чунки…

      Суд пристави яна Симон Картинкиннинг ёнига келиб, даҳшатли овоз билан шивирлаб уни тўхтатди.

      Раис энди бу иш тамом, дегандай қоғоз ушлаган қўлининг тирсагини бошқа жойга қўйди-да, Евфимия Бочковага мурожаат қилди:

      – Евфимия Бочкова, сиз 188* йилнинг 17 январида, «Мавритания» меҳмонхонасида Симон Картинкин ва Екатерина Маслова билан биргалашиб Смельков деган савдогарнинг жомадонидан пулни ва узугини ўғирлаб ўзаро бўлишиб олиб, жиноятингизни яшириш учун савдогар Смельковни заҳарлаб ўлдиришда айбланасиз. Айбингизни бўйнингизга оласизми?

      – Менинг ҳеч қандай айбим йўқ, – деди айбланувчи дадил ва қатъий. – Мен номерга кирганим ҳам йўқ… Мана бу манжалақи кирган, ишни шу қилган.

      – Кейин гапирасиз, – деди раис яна боягидек мулойим ва қатъий. – Демак, айбингизни бўйнингизга олмайсизми?

      – Мен пулни олганим ҳам йўқ, заҳар берганим ҳам йўқ, номерга кирганим ҳам йўқ. Агар кирганимда эди, уни ҳайдаб чиқариб юборардим.

      – Айбингизни бўйнингизга олмайсизми?

      – Олмайман.

      – Жуда соз.

      – Екатерина Маслова, – деб сўз бошлади раис учинчи судланувчига мурожаат қилиб, – сиз, исловатхонадан савдогар Смельковнинг жомадонининг калитини опкелиб, «Мавритания» меҳмонхонасининг номерида жомадондан пул билан узук ўғирлашда айбланасиз, – деди у ёдланган дарсни такрорлагандай, сўз орасида у чап томонга, далилий ашёлар ичида шиша етишмаётганини айтаётган аъзога қулоғини тутиб. – Жомадондан пул билан узук ўғирлагансиз, – деб такрорлади раис, – кейин ўғирланган пулни бўлишиб олгансиз ва савдогар Смельков билан яна «Мавритания» меҳмонхонасига қайтиб келгандан кейин

Скачать книгу