Скачать книгу

кишилар бугунги қишлоқ кишилари ва айниқса, ёшлари ҳаётини акс эттиришни асосий мақсад қилиб қўйган ва бунга бадиий-ғоявий жиҳатдан эришган. Ёш адиб бугунги қишлоқнинг гапга чечан, ишга чаққон ёшлари образларини ишонарли гавдалантириб беради. Унинг ҳикоя услуби оддий, содда рангларни ёқтиради ва бу соддалик ичида чинакам ўзбек насрига хос белгилар анча-мунча бўй тортиб қолгани кўринади. Лекин баъзан соддалик ўта соддаликка айланиб қоладики, бунда тасвир ва ундан кузатилган маъно бачкилашиб кетади: айтайлик, кекса ишчи Камол аканинг ўз қизларини мақташида ёки у қизининг расмини кўрсатгандан сўнг йигитлар унинг ўзига «зўр экан», «чиройли экан», «қизингизни бизга бера қолинг» деганга ўхшаш гапларни айтишларида шундай соддадиллик ва самимият борга ўхшаса-да, аслида булар ориятли ўзбек йигитлари ва номуси бор ота тилида айтиладиган ёки қилинадиган ишга сира ўхшамайди. Ёки Ғуломжоннинг янги бригада бошлиғи Самад ажрашиб кетган хотинининг суратини унга кўрсатганда, «жуда гўзал экан» деб мақташида ҳам мана шундай ўзбек йигит ўзига ҳеч қачон эп кўрмайдиган аллақандай пардасизлик бор. Ёш ёзувчи бир ўринда чўл йигитлари ўртасида бўладиган қизлар ҳақидаги гапларга изоҳ беради-да, сўнг мана бундай сўзларни ёзади: «Қизлар… Ишқ малаклари!.. Сиз гул каби нафислигингиз, фақат аёллардагина бўладиган мўъжизакор меҳрингиз билан ўзингиз ҳам сезмаган ҳолда йигитлар қалбига эзгулик, нафосат, гўзалликка чанқоқлик нурини сочасиз. Уларни мардликка, чин одамийликка, фидокорликка чорлайсиз. Сиз борки, ҳаёт ширин, мангу гўзал… Балки сизни бир неча ойлар кўрмаган, хаёлингиз билангина яшаган, чўлнинг иссиқ-совуғига тобланган мардлар кўчакўйда сизга маҳлиё бўлиб термилиб қолса, бунинг учун ранжиб, бир оғиз совуқ сўз билан уларнинг мард кўнглини чўктирманг, гўзаллар, илтимос…» Бу илтимос аллақандай танти ялангтўшлик нуқтаи назаридан қилинаётган бўлса-да, лекин унинг замирида хийлагина бачканалик, аллақандай беорлик нишоналари ётибдики, умуман, ҳаётда ҳам бундай «термилиб қолишлар» термилувчининг ўзига бўлмаса ҳам, атрофдаги одамларга жуда хунук кўриниши маълум, шунинг учун биз меъёр бузилганда соддароқ бир қарашлар бачканалашиб кетиши мумкинлигига мисол келтирмоқдамиз… Шунда киши ўйлаб қоладики, нима учун дейлик, буюк шоир Хоразмий «Муҳаббатнома»да: «Муҳаббат нори жондин кетмади ҳеч, Қўлим сим олмангизга етмади ҳеч» деган мисраларни ёзганда, бу ерда бизнинг кўзларимизга шармсизлик эмас, фақат чинакам бир гўзаллик, ёрқин, ёқа чок ошиқлик кўринади-ю, юқоридагича термилиб қарашлар тарғиб қилинганда бу хунук туюлади? Ёки бошқа бир ёрқин хаёлли шоир Гадоий: «Севар жоним, бегим, хоним, умидим, Азизим, дилбарим, бизни унутма» сингари гўё бир-бирига боғланмаган сўзлардан сатрлар тизганда бу бизга ошиқона эркаликлар, эркалашлар, гўзал ва беқиёс ишқий лутфлар бўлиб кўринади-ю, «лаб теккизишлар» эса бачканалик нишонаси каби ўқилади?

      Гап ёзувчининг ёндашуви, унинг нуқтаи назарида ва буларнинг даражасида бўлса керак.

Скачать книгу