ТОП просматриваемых книг сайта:
Изхор. Xurshid Do`stmuhammad
Читать онлайн.Название Изхор
Год выпуска 0
isbn 978-9943-20-794-3
Автор произведения Xurshid Do`stmuhammad
Издательство Yangi asr avlodi
Иккинчиси, субҳи содиқнинг фалсафий таърифи маъносида:
тонг дунё яралишининг биринчи кунини англатади;
инсон умрининг она вужудидан ёруғ дунёга келиш онлари;
куннинг гўдаклиги…
Инсондир, жондордир, ухлаб ётган ҳолда туғмайди. Ҳеч бир жонзот дунёга ухлаб ётган ҳолда келмайди. Бу нимани англатади? Тирик жон борки, тонгни уйғоқ қарши олмоқликни англатади. Токи, субҳи содиқ тароватидан баҳра олиб бошласин кунни.
Учинчиси, ахлоққа, тўғридан-тўғри умр дақиқаларидан унумли фойдаланишга дахлдор. Оддий инсоний назокатдан келиб чиқилса, эрталаб қуёш чарақлаб кетгунча чўзилиб ётиш чиройли ҳолат эмас. Бу дангасалик, танбаллик аломати. Бу ёғи сўралса, эрталабки вақт куннинг энг баракали дамлари ҳисобланади. Хусусан, ҳунармандлар, деҳқонлар учун тонгги фурсатлар ғанимат.
Тонг отишининг оддийлигига келсак, бу қадар оддий, одми кечадиган улуғвор жараён кам. Тун кундузга айланар экан, улуғвор сукунат, вазминлик, донишмандларга хос ўйчанлик яққол кўзга ташланади. Ҳатто қуёш ҳам ушбу улуғворлик олдида хижолатда майин жилмайиб кўтарилади осмонга…
АСРИМИЗГА МУНОСИБЛИК ТУЙҒУСИ
Олий ўқув юртини битириб, эндигина меҳнат фаолиятимни бошлаган кезларимиз эди. Мўйсафид ёшдаги ҳамкасбларимиздан бири тенгқурларимиз билан суҳбат чоғида, «Сиз ёшларга ҳавасим келади, чунки сизлар ХХI асрни кўрасизлар», деган гапни айтди. Кечагидек эсимда: бу гапни эшитиб, ҳаяжонланиб кетдим ва айни чоғда, «Эҳ-ҳе-е, қачон ўттиз йил ўтади-ю, ХХI аср қачон келади?!» деган фикр ҳаяжонимни бир қадар совитгандай бўлди. «Вақт» деган тушунча эса менинг эҳтиросларим, ўйларим билан ҳисоблашиб ўтирмади – кўз очиб юмгунча, мана… ХХI асрнинг тўртинчи йили ҳам тарихга айланай деб турибди.
Кўҳна ва навқирон табиат учун тақвим рақамларининг аҳамияти йўқ, ҳисоби, лекин инсон тафаккури, ақл-идрокининг жавҳар ва кўлами замон билан чамбарчас боғлиқликдаги қарашларда, ўй-мулоҳазаларида ўз ифодасини топади. Зеро, бугун ХIХ асрнинг ёки ХХ асрнинг гапини айтиш ярашмайди. Мўйсафид тарих учун ўн йил лаҳзадек арзимас фурсат, лекин эндиликда ҳатто ўн йил бурунги орзу-ҳаваслар, интилишу кайфиятлар аллақачон эскириб улгурмоқда.
Замон бизлардан ХХI аср кишилари бўлиб яшашни, фикрлашни ва олға интилишни тақозо этяпти. Ўзаро узвий боғлиқ бўлган мазкур уч талаб инсоннинг мавқеи, салоҳияти ва қудратини англатади, унинг аъмолини белгилайди, истиқболдаги йўлларини ёритади. Нитшенинг ўлмас «Зардушт»и инсонни ҳамма нарсаларга инсоний маъно берувчи, яъни «баҳо берувчи» деб таърифлайди. Зотан, Инсон борлиқ воқеа-ҳодисаларга, жадал ўтиб бораётган кунларига, ўзи ичида яшаётган, кўраётган-сезаётган жараёнларга баҳо беради. Ушбу баҳо бериш асносида инсон Аллоҳ томонидан ўзига ато этилган улуғворликка эришади, ҳар банда ўз баҳосида, баҳолари ичида яшайди, мустаҳкам оёққа туради. «Менга Ернинг таянч нуқтасини кўрсатинг, оламни бошимга кўтараман», деган эди қадимги донишмандлардан