ТОП просматриваемых книг сайта:
Ибтидо. Дэн Браун
Читать онлайн.Название Ибтидо
Год выпуска 0
isbn 978-9943-23-179-5
Автор произведения Дэн Браун
Издательство Asaxiy books
Бинонинг олд қисми ҳар қадамда шаклини ўзгартириб, ҳар томондан ўзгача қиёфа касб эта бошлади ва профессор кўз ўнгида музейнинг энг жозибадор кўриниши намоён бўлди: ажабланарлиси, азим иморат бамисли "чексизлик"нинг улкан кўрфазида сузиб юрар, тўлқинлар музей деворларини ювиб турарди.
Лэнгдон бетакрор гўзалликдан маст бўлиб, бир муддат завқ ила қараб турди, сўнг шаффоф сув тўла кўлни митти осма кўприк орқали кесиб ўта бошлади. Унинг ярмига етганда оёқлари тагидан вишиллаган баланд овоз эшитилди. У чўчиб тушди ва таққа тўхтади. Кўприк остидан қуюқ тутун уюми кўтарилиб, уни ўраб олди. Аввал сув юзасини, сўнг бино атрофини қалин туман қоплади.
Лэнгдоннинг хаёлига ўқиган маълумотлари келиб, нима содир бўлаётганини тушунди. “Туманли ҳайкал” ўйлади у, япон рассоми Фудзико Накаянинг бу ижод намунаси ҳақида ўқиган эди. “Ҳайкал”нинг инқилобийлиги шундаки, у маълум вақт оралиғида пайдо бўлиб, яна ғойиб бўладиган кўзга кўринарли ҳаво – туман деворидан ясалади. Ҳаво ҳолати ва шамол йўналиши ҳар куни ҳар хил бўлгани сабабли туман пайдо қилган ҳайкал қиёфаси ҳам ҳар сафар турлича шаклга киради.
Вишиллаган товуш тинди, Лэнгдон кўрфаз узра гўё жонлидек ҳаракатланган, ноаниқ, аммо мафтункор манзара яратган тутунга диққат билан қаради. Бутун бошли музей денгиздаги туман аро йўлини йўқотган кема сингари муаллақ турарди.
Профессор эндигина юрмоқчи бўлиб турганда сувнинг тиниқ юзаси бир неча кичик портлашдан ларзага келди. Тўсатдан лагун ичидан учқун сачратиб гумбурлаганча беш дона мушак самога отилди. Улардан таралаётган ёғду музейнинг титан кафелларида аксланди.
Шахсан Лэнгдонга Лувр ёки Прадога ўхшаш мумтоз услубда қурилган музейлар кўпроқ ёқарди. Аммо ҳозиргина гувоҳ бўлгани – тутун ва мушак ҳодисасидан сўнг профессор келажакни аниқ башорат қилувчи, санъатсевар ва новатор одам ташкиллаган тадбир учун бундан-да муносиброқ жой йўқлигини англади.
Лэнгдон туман оралаб музейнинг кириш қисми вазифасини ўтовчи ваҳимали қора тешикка яқинлашди. Эшикдан ичкарига йўналаркан, худди аждарнинг оғзига кириб кетаётгандек танаси ёқимсиз жимирлаб кетди.
Иккинчи боб
Нотаниш шаҳарда, ташландиқ қовоқхонанинг бар столида адмирал Луи Авила ўтирибди. Ҳозиргина олис саёҳатдан қайтган адмирал жуда толиқди. Ўзига юклатилган вазифани бажариш учун ўн икки соат ичида бир неча минг миль йўл босишга мажбур бўлди. У олдида турган минерал сувнинг иккинчи стаканини ҳам сипқорди, барга териб қўйилган ранг‐баранг шишаларга кўз ташлади.
“Ҳар қандай киши саҳрода ҳушёр юриши мумкин, лекин водийда бўла туриб спиртли ичимликдан воз кечиш фақат касбига садоқатлиларнинг қўлидан келади”, минғиллади у.
Бир йилдирки, Авила оғзига шайтоннинг сувини яқинлаштирмайди.