ТОП просматриваемых книг сайта:
Ибтидо. Дэн Браун
Читать онлайн.Название Ибтидо
Год выпуска 0
isbn 978-9943-23-179-5
Автор произведения Дэн Браун
Издательство Asaxiy books
– Нима ҳам дердим, – елка қисди Кирш. – Талабаларимизнинг ақли йилдан йилга ўткирлашмоқда.
Шамол янада кучайди. Улар манзилга – қадимий, аммо улуғвор иморат қаршисига етиб борди. Бинонинг кириш қисми хира ёритилган бўлиб, хушбўй тутатқидан таралаётган ўткир ифор ҳавони тутганди. Икки ҳамроҳ лабиринтни эслатувчи йўлакдан ичкарига йўналди. Кирш кўзларини нимқоронғиликка мослашга уриниб, катта‐катта очиб‐ёпар ва епископга етишиб юришга интиларди. Ниҳоят, улар ёғочдан ишланган ажабтовур мўъжаз эшикка яқинлашди. Вальдеспино остонада тўхтаб, уни икки марта тақиллатди. Сўнг энгашиб ичкарига кираркан, Киршни ҳам ортидан имлади.
Йигит иккиланган кўйи остона ҳатлаб, олдинга қадам босди-ю, ўзини баланд деворлари қадимий, тери муқовали китоблар билан безатилган тўртбурчак ҳужра ичида кўрди. Деворлардан қовурғадек туртиб чиққан китоб жавонлари, улар остига ўрнатилган темир иситкичлардан чиқаётган мудҳиш вишиллаган товуш ҳужра гўё тирикдек таассурот берарди. Бу ерга илк маротаба кирган кишига хона худди жони бор, тирикдек туюлиши турган гап эди. Болохонага олиб чиқувчи айланма пиллапоянинг жимжимадор тутқичига назар ташлаган Кирш қаерда эканини дарҳол илғади ва танасида енгил титроқ турди.
“Оламга донғи кетган Монсеррат кутубхонаси”, ўйлади у. Узунқулоқ миш‐мишларга қараганда, бу манзилда ягона нусхадаги ноёб матнлар сақланади. Бутун умрини Яратганга бағишлаб, ташқи дунё лаззатларидан воз кечган, мана шу чўққида осуда ҳаёт кечирувчи роҳибларгина унинг бойликларидан тўлиқ фойдаланиши мумкин эди.
– Эҳтиёткорлик ҳақида сўраган эдингиз, – жилмайди епископ, – ишонтириб айта оламанки, биз турган хона энг махфий макондир. Бу ерга қадами етганларнинг сони бармоқ билан санарли.
– Жуда серҳимматсиз, ташаккур. Бу мен учун улкан шараф! – Кирш ҳаяжонини босишга уриниб, миннатдорлик билдирди.
Епископ йигитни хона марказидаги катта стол томон бошлади. Ёғочдан ишланган стол атрофида икки ёши улуғ киши уларни кутиб ўтирарди. Чап тарафдаги одамнинг қалин, оппоқ соқоли кўксига тушган, кўзлари чарчоқдан толиққан эди. У уринган қора костюм, оқ кўйлак ҳамда махсус шляпа – федора кийиб олганди.
– Бу жаноб раввин Иеҳуда Кёвеш, – таништирди епископ, – Каббала космологиясини кўп ва хўп ёритиб берган таниқли яҳудий файласуфлардан бири.
Кирш столга яқинлашди, қўлини чўзиб раввин Кёвеш билан илтифотли кўришди ва деди:
– Сиз билан шахсан танишиш бахтига сазовор бўлганимдан мамнунман, жаноб. Каббалага оид китобларингизни мутолаа қилганман. Тўлиқ тушунмаган бўлсам‐да, уларни мутолаа қилганим аниқ эсимда.
Кёвеш намланган кўзларини дастрўмоли билан артаркан, мамнуният‐ла бош ирғади.
– Қаршингиздаги муҳтарам зот, – давом