ТОП просматриваемых книг сайта:
Ибтидо. Дэн Браун
Читать онлайн.Название Ибтидо
Год выпуска 0
isbn 978-9943-23-179-5
Автор произведения Дэн Браун
Издательство Asaxiy books
Лэнгдон ён-атрофда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилиш учун яна бир бор атрофига назар солди.
– Ўзингизга маълум, – Лэнгдоннинг безовталигига парво қилмай, гапида давом этди Уинстон, – инсон мияси иккилик тизимга асосланган – синапсислар ҳамиша ёки фаол, ёки нофаол ҳолатда бўлади. Буни компьютерлардаги ё ўчиқ, ё ёниқ бўладиган “ўчириб‐ёққич”га қиёслаш мумкин. Одамзот миясида юз триллиондан ошиқроқ “ўчириб‐ёққич” мавжуд. Бу мия яратиш технологиянинг янгилигига эмас, балки тизимнинг ҳажмига кўпроқ боғлиқлигини кўрсатади.
Лэнгдоннинг қулоғига деярли гап кирмасди. Галереяни тарк этиш учун зал охирига бориш кераклигини кўрсатувчи белгига қараб юришда давом этди.
– Профессор, инсонникига ўхшаш овозимни қабул қилишингиз қийинлигини тушунаман. Аслида, нутқ энг осон қисм. Ҳозир тўқсон тўққиз долларга одам товушини озми-кўпми ўхшатувчи электрон китоб ўқиш қурилмасини топишингиз мумкин. Эдмонд эса бу лойиҳага миллиардлаб пул сарфлаган.
Лэнгдон юришдан тўхтади.
– Ростдан компьютер бўлсангиз, саволимга жавоб беринг‐чи: 1974 йил, 24 август куни Доу-Жонс саноат кўрсаткичи қандай натижа билан ёпилган?
– 1974 йилнинг 24 августи шанба – дам олиш кунига тўғри келган, – иккиланмай жавоб берди овоз. – Демак, бу куни бозорлар умуман очилмаган.
Лэнгдоннинг эти жимирлаб кетди. У бежиз танламаганди бу кунни. Лэнгдондаги образли хотиранинг устун жиҳатларидан бири – ҳар қандай сана ва рақамлар ҳодисаларга қўшилиб, унинг миясида абадий муҳрланиб қоларди. 1974 йилнинг 24 августида энг яқин дўстининг туғилган куни бўлганди. Профессор ҳалигача ҳовуз базми, Ҳелен Вули кийган мовий бикини ва бу сананинг дам олиш кунига тўғри келганини яхши эсларди.
– Аммо, – давом этди Уинстон, – бир кун аввал, 23 август – жума куни Доу-Жонс саноат кўрсаткичи 686,80 га тенг бўлиб, у 17,83 баллга пастлаган ва 2,53 фоиз зиён кўрилган.
Профессорнинг тили калимага келмай қолди.
– Смартфонингиздан фойдаланиб, берган маълумотимни текширишингиз мумкин, – қиқирлаб кулди овоз. – Мен кутиб тураман. Албатта, бундай йўл тутишингизни жуда кулгили деб биламан барибир.
– Лекин… қандай қилиб…
– Сунъий интеллектдаги асосий муаммо, – Уинстон гапида давом этди. Энди унинг енгил британча акценти Лэнгдонга ғалати туюла бошлади – маълумотларга тезкор уланиш эмас, балки маълумотлар бир-бири билан қанчалик алоқадорлиги ва қай бири ҳақиқатга яқинлигини аниқлай олиш қобилиятидир. Ғояларнинг ўзаро боғлиқлигини таҳлил қилишда сизга етадигани камдан-кам топилади, шу сабабли жаноб Кирш қобилиятимни айнан сиз билан синовдан ўтказишни истади.
– Синов? Мен билан? Сиз мени синадингизми ҳали?
– Йўғ-э, нималар деяпсиз? – хижолатомуз кулди Уинстон. – Аксинча, мени синовдан ўтказишди: