Скачать книгу

т… сифатида баҳолаб келинди. Кимдир у деди, кимдир бу… Бироқ ҳеч ким бир тўхтамга келолмади. Чунки, биринчидан, ўз ижодида у ёки бу жанр билан чекланиб қолмасдан, классик ва замонавий адабиётнинг барча жанрлари, жумладан, ғазал, қасида, маснавий, мухаммас, мустазод, қитъа, рубоий, дубайтий, фард каби классик шеърият жанрлари ҳамда бармоқ вазни, эркин шеър ва оқ шеър каби замонавий шеърият турларидан бир хилда фойдаланадиган Жаъфар Муҳаммад шеърларида инсоний ва илоҳий ишқни ҳам, ирфоний ва фалсафий мушоҳадаларни ҳам, халқона оҳангларни ҳам учратиш мумкин. Иккинчидан, юқорида айтиб ўтганимиздек, Жаъфар Муҳаммад доимий ҳаракатда, ўзгаришда… У ойдан ойга, йилдан йилга, тўпламдан тўпламга, шеърдан шеърга… такомиллашиб бораверади. Унинг кейинги шеърлари, кейинги тўпламларида қандай янги шакл ва маъноларни қўллашини башорат қилиш қийин. Бу сафар ҳам шундай бўлди: Жаъфар Муҳаммаднинг янги шеърий тўплами ўқувчиларга янги маъно оламларини тортиқ этди.

      Шоирнинг навбатдаги тўплами ҳажман кичикроқ, мўжазроқ бўлса-да, анчагина катта маъно оламини ўзида акс эттирган. Бу тўплам ўзининг муаллифига – чаққон жуссасида улкан тафаккур юкини кўтариб юрган Жаъфар Муҳаммаднинг ўзига ҳам ўхшаб кетади. Умуман олганда, бу Жаъфар Муҳаммад ижодига хос хусусият: кичик ҳажмли шеърларида улкан маъно, кичик ҳажмли тўпламларида улкан дунё… акс этади.

      Қўлингиздаги тўплам тўғрисида сўз юритишдан олдин ӯзбек ва форс-тожик тилларида ижод қилувчи зуллисонайн шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Жаъфар Муҳаммад ижоди ҳақида икки оғиз эслатма бериб ўтсак. Шу пайтгача шоирнинг еттита шеърий тўплами – “Ёмғирнинг нигоҳи” (Термиз, 1997), “Қуёш киприклари” (Душанбе, 1999), “Рангнинг яшил чиқиши” (Тошкент, 2003), “Тажаллий” (Тошкент, 2008), “Кўзгу ҳайрати” (Тошкент, 2010), “Ишқ ошиғи” (Тошкент, 2011) ва “Қуёш сийрати” (Тошкент, 2014) ҳамда битта сайланмаси – “Ҳануз ишқ…” (Теҳрон, 2011) дунё юзини кўрган бўлиб, сиз ўқиб турган мажмуа унинг шу ҳисобдаги саккизинчи шеърий тўпламидир. Ушбу тўпламлар мазмуни шуни кўрсатадики, Жаъфар Муҳаммад шеърияти мажозий-рамзий образларга бой бўлган, фалсафий ва ирфоний руҳият билан йўғрилган, шунинг билан биргаликда халқона оҳангларга ҳам ҳамоҳанг бўлган шеъриятдир. Ишқ, инсон, ватан, ҳаёт, гўзаллик, инсонийлик, эзгулик каби мавзулар диққат марказида турган, умид ва некбинлик муҳити ҳоким бўлган ушбу шеърият ўқувчини инсон руҳий кечинмалари оламига етаклаб боради.

      Жаъфар Муҳаммаднинг “Вақт таъми” деб номланган янги тўплами, бир томондан, шоир руҳиятида давом этаётган жараёнларнинг мантиқий давоми бўлса, иккинчи томондан, янги тушунчалар, янги поэтик образлар, янги ечимлар, янги кашфиётларга бой. Бармоқ вазни, ғазал ва оқ шеър каби жанрларда ёзилган шеърларни ўз ичига олган ушбу тўпламнинг маъновий структурасида юрак ва вақт тушунчалари алоҳида ажралиб туради. Келинг, аввал шоир талқинидаги юрак тушунчасига эътибор қаратайлик.

      Юрак ҳақиқий ва мажозий маънолар туташмаси, инсон вужуди ва моҳиятининг марказидир. Юрак жисм ва руҳдан иборат бўлган одамнинг нафақат танасини, балки унинг руҳиятини ҳам ҳаракатлантирувчи кучдир. Баъзида фақатгина маънавий ва руҳий характерга эга бўлган кўнгилдан фарқли равишда моддий ва жисмоний жиҳатга ҳам эга бўлган юракни кўнгил ва қалб тушунчаларидан қуйироқда кўришимиз, айрим ҳолларда эса унга фақатгина моддий тушунча сифатида қарашимиз тўғри эмас. Зеро, юрак инсон руҳияти тизимидаги қалб ва кўнгил силсиласининг нафақат бошланғич нуқтаси, балки ушбу силсиланинг асос-пойдеворини ҳам ташкил этади. Ўзининг кутилмаган ва ҳайратли поэтик ечимлари билан одамни ҳайратга солиб келган Жаъфар Муҳаммад юракнинг ана шу жиҳатларини маҳорат билан очиб беришга муваффақ бўлган.

      Шоир наздида юрак инсонларга саҳарлар ато этиб, ўзи хуфтон бўлувчи, инсонларга ўзлик бағишлаб, ўзини йўқотувчи, яъниким, инсоннинг ўзлигига сингиб кетувчи моҳиятдир:

      Нега бунча хуфтонсан, хуфтон,

      Саҳарларни уйғотган Юрак?

      Менга ўзлик бахшида этиб,

      Ўзлигини йўқотган Юрак?

(“Юрак балладаси”)

      Жаъфар Муҳаммад нигоҳида юрак инсон руҳиятини бошқариш, инсонни ўз йўлига бошлаш учун у билан доимо талашиб-тортишувчи сийратдир:

      Дунё! Муштдай юрак кўксимда,

      Муштлашади мен билан доим.

(“Дунё”)

      Шунингдек, юрак нафақат инсон руҳиятининг, балки дунё моҳиятининг ҳам асоси, ўқи бўлиши керак. Акс ҳолда бундай дунёнинг кераги йўқ:

      Энди нетай, сенсиз ўзимдан

      Бир нафас ҳам кўнглим тўлмаса!

      Дунёсидан безорман, агар,

      Унда сендек юрак бўлмаса!

(“Юрак балладаси”)

      Ва ниҳоят, шоир юракка маълум бир юрт, миллат ва динга тегишли бўлмаган умуминсоний қадриятлар тимсоли сифатида қарайди:

      Кимсан, Юрак? Қайси юртдансан,

      Айтгин, кимдир аслу насабинг?

      Етмиш учта мазҳаб ичидан

      Кайси бири сенинг мазҳабинг?

(“Кимсан, Юрак?”)

      Энди шоир талқинидаги вақт тушунчаси тўғрисида. Вақт олдинлари ҳам Жаъфар Муҳаммаднинг диққат марказида турган

Скачать книгу