ТОП просматриваемых книг сайта:
Алвидо, қурол. Эрнест Миллер Хемингуэй
Читать онлайн.Название Алвидо, қурол
Год выпуска 0
isbn 978-9943-19-463-2
Автор произведения Эрнест Миллер Хемингуэй
Издательство Kitobxon
– Яна биттаданми?
– Майли, – дедим мен. Граппанинг иккинчи стаканини ҳам ичиб олдик. Ринальди шишани олиб қўйди, биз пастга тушдик. Шаҳардан кета туриб исиб кетдик, лекин қуёш ботиб бормоқда эди, ўзимизни енгил ҳис қилардик. Инглиз госпитали уруш арафасида алла қандай бир немис қурган каттакон виллада жойлашганди. Мисс Баркли боғда экан. Унинг ёнида яна битта ҳамшира бор эди. Биз дарахтлар орқасидан уларнинг оқ кийимларини кўрдигу, тўғри олдиларига боравердик. Ринальди ҳарбийча салом берди. Мен ҳам шундай қилдим, лекин ўзимни босиқроқ тутдим.
– Салом, – деди мисс Баркли. – Сиз, италиялик эмассиз, шекилли?
– Ҳа.
Ринальди бошқа ҳамшира билан гаплашаётган эди. Улар ҳиҳилашди.
– Италия армиясида хизмат қилиш – ғалати-я.
– Буни армия демаса ҳам бўлади. Бу санитар отряди, холос.
– Барибир ғалати туюлади. Нега бундай қилдингиз?
– Билмадим, – дедим мен. – Сўз билан англатиб бўлмайдиган нарсалар бор.
– Ростдан-а? Менга бўлса, бунақа нарсалар йўқ, деб ўргатишган.
– Хўп қилишган экан.
– Албатта шу йўсинда гаплашишимиз керакми?
– Йўқ, – дедим мен.
– Худога шукр.
– Қўлингиздаги қанақа асо? – сўрадим мен.
Мисс Баркли санамарастадай қиз эди. Унинг эгнидаги мен ҳамшира кийими деб ўйлаган нарса оқ кўйлак бўлиб чиқди, сочлари оқ сарғишдан келган, бадани қизғимтир, тилла ранг, кўзлари ним кўк тус. У менга жуда ҳам чиройли бўлиб кўринди. Унинг қўлида ўйинчоқ таёқчага ўхшаш ингичка ротанг асо бор эди.
– Бу – бир офицерники, у ўтган йили ҳалок бўлди.
– Кечиринг…
– У жуда ҳам ажойиб эди. Мен унга турмушга чиқадиган эдим, уни Соммда ўлдиришди.
– Тоза қирғин-барот бўлган унда.
– Сиз у ерда бўлганмисиз?
– Йўқ.
– Менга айтиб беришганди, – деди у. – Бу ерда уруш унчалик эмас, дейишади. Менга шу таёқчани жўнатишди. Онаси юборибди. Таёқчани бошқа нарсалари билан бирга қайтаришган экан.
– Унашганларингизга анча бўлганмиди?
– Саккиз йил. Бирга катта бўлгандик.
– Нега унга олдинроқ тегмадингиз?
– Ўзим ҳам билмайман, – деди у. – Аҳмоқлик. Унга олдинроқ тегсам бўлаверарди. Лекин мен унга жавр қиламанми, деб қўрқдим.
– Тушундим.
– Сиз ҳеч севганмисиз?
– Йўқ, – дедим мен.
Биз «эшак»ка ўтирдик ва мен унга қарадим.
– Сочингиз чиройли экан, – дедим мен.
– Сизга ёқдими?
– Жуда.
– У ўлганда кесиб ташламоқчи бўлувдим.
– Қўйинг-э.
– Унинг хотирасига шундай қилмоқчийдим. Мен бундай нарсаларга аҳамият бермасдим; агар у истаса, мен ундан ҳеч нарсамни аямасдим. Агар сал фаҳмига етсайдим, у истаган нарсасига эриша оларди. Мен унга турмушга чиққан бўлардим ёки турмушга чиқмай ҳам кўнглини