ТОП просматриваемых книг сайта:
МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ. ҲАМЗАТОВ РАСУЛ
Читать онлайн.Название МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ
Год выпуска 0
isbn
Автор произведения ҲАМЗАТОВ РАСУЛ
Издательство Yangi asr avlodi
Бир овчи умри бўйи қора-қўнғир тулкини овлашни орзу қиларди. У шундай тулкини овлаш мақсадида неча бор тоғларни бўйи-эни бўйича кезиб чиқди. Қариган чоғида олис дараларга боришга кучи етмагани учун шундоққина ёнидаги жойларда ов қила бошлади. Тўсатдан овчининг қаршисидан бир умр орзу қилган қора-қўнғир тулки чиқиб қолди. Овчи тулкидан сўради:
– Сени умрим бўйи изладим, шунча вақт қаерларда бекиниб юрдинг?
– Мен туғилганимдан буён шу дарада яшайман, – дея жавоб берди тулки. – Сен билмайсанми, керакли нарсани умринг бўйи изласанг ҳам уни омад кулиб боққан лаҳзада топасан.
Ҳа, ҳар бир ёзувчининг шундай омад кулиб боққан куни бўлади ва у ўша кунда ўзлигини кашф қилади, ўз мавзусини топади. Аммо ёзувчи топган мавзусини ўзгартирмаслиги керак. Агар у мавзусига бевафолик қилса, менинг битта танишимнинг ҳолига тушиши мумкин.
МЕНИНГ ТАНИШИМНИНГ ПЬЕСАСИ ҲАҚИДА ҲИКОЯТ. Доғистонлик битта ёзувчи жамоа хўжалиги тўғрисида пьеса ёзди. Мавзу қанчалик долзарб бўлмасин театрдагилар пьесани муаллифга қайтарди ва ҳеч қандай узрли сабаблар айтмасдан оддий изоҳ беришди: пьеса бизга ёқмади.
Эҳтимол, бу изоҳ бошқа бировга тушунарли бўлиши мумкиндир, лекин драматургга эмас. Драматург хафа бўлди ва тегишли жойга ариза ёзди. Дарҳол масалани ўрганиш ва тегишли чора-тадбирлар белгилаш учун комиссия тузилди. Комиссия масалани ўрганиш жараёнида пьесанинг мазмуни билан танишди: илғор бригада мўл буғдой ҳосилини йиғиш чоғида қувноқ қўшиқлар айтиб мусобақалашади.
АЛБАТТА, пьесанинг бундай мазмуни комиссия аъзоларини қаноатлантирди. Пьеса театр саҳнасида ҳам қўйиларди, лекин бу вақтда қўмиқ чўлларида (айнан қувноқ бригада мусобақалашиб буғдой ҳосилини йиғадиган жойда) буғдой етиштириш ўрнига, пахта етиштириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шубҳасиз, ғаллачиликка бағишланган пьесадаги шарт-шароитлар пахтачиликка тўғри келмасди. Драматург узоқ ўйлаб ўтирмасдан пьесани қайта ишлашга ўтирди. Айтиш мумкинки, драматург астойдил тер тўкди ва пьесада экилган чигитлар қийғос униб шоналади. Пьеса қайтадан театрда ўқилди. Ўқиш жараёни қизғин кетаётган вақтда янги қарор чиқди. Унда қўмиқ чўлларида пахта етиштириш буғдой ўстиришга нисбатан истиқболсиз экани таъкидланганди ва бундан кейин қўмиқ чўлларида маккажўхори экишга кўрсатма берилганди.
Ишчан драматург яна пьесани қайта ишлашга киришди. Бироқ бу воқеа қандай тугашини билмай армонда қолдик, чунки драматург пьесани ёзиб тугатаётган вақтда театр биносига ўт кетди. Драматург ўзининг омадсиз эканидан нолиб, дарёнинг энг тез оқар жойига борди ва пьесаси қўлёзмасини сувга улоқтирди. Энди у пьесасини сувга улоқтирганидан ачинмаяпти.
Яхшиси, бошқа пьесага боғлиқ воқеани ҳикоя қилиб берай. Уни рус драматурги ёзган бўлиб, «Жўшқин одамлар» деб номлаганди. Бу пьеса ғаллачилик-пахтачилик