ТОП просматриваемых книг сайта:
МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ. ҲАМЗАТОВ РАСУЛ
Читать онлайн.Название МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ
Год выпуска 0
isbn
Автор произведения ҲАМЗАТОВ РАСУЛ
Издательство Yangi asr avlodi
Одамларнинг тиллари ҳар хил бўлиши мумкин, лекин уларнинг юраклари бир хил тепса бас. Менинг баъзи ўртоқларим ҳам овулни ташлаб, шаҳарга яшаш учун кетишди. Бундан фожиа ясамаса бўлади. Чунки палапонлар ҳам қанотлари қотгунча уясида яшайди. Лекин шаҳарда яшаётган айрим ўртоқларим бошқа тилда гаплашаётганига, ёзаётганига нима дейсиз? Албатта, бу уларнинг ўз иши, лекин мен уларга тушунтиргим келади. Назаримда, улар битта қўлтиғида иккита тарвузни ушламоқчи бўлган одамларга ўхшайди.
Мен бу бечоралар ҳолига қараб сездимки, улар авар тилида ҳам ёзишмайди, лекин бу рус тили ҳам эмас. Улар ёзаётган нарсалар менга нўноқ ўрмончининг арралашини эслатади, тўғри келган жойдан арралаб ташлайверадиган.
Ҳа, улар ўз она тилининг қашшоқ ва қамрови торлигидан нолиб, ўзларига бой ва қамрови кенг тил излаб йўлга чиқишган. Худди авар эртагидаги эчкига ўхшайди. Эртакда эчки бўрига ўхшаб дум ўстириш учун ўрмонга кетади ва ўрмонда иккала шохи синиб, тўқол бўлиб қайтади.
Ёки улар уй ғозларига ўхшашади – озгина сузиш ва шўнғишни билишади, лекин балиқ эмас, озгина учишни билади, лекин қуш эмас, озгина сайрашни билади, лекин булбул эмас. Хуллас, бирон нарсани кўнгилдагидай уддалай олишмайди.
– Ишлар қалай? – деб сўрадим бир куни Абутолибдан.
– Ўртача, бўридай ҳам эмас, қуённинг ҳолидай ҳам эмас, – бир оздан кейин Абутолиб давом этди: – Ёзувчи учун энг ёмони – ўртача кайфият. У ё ўзини қуённи еган бўридай, ё ўзини бўридан қочиб қутулган қуёндай сезиши керак.
ЁН ДАФТАРЧАДАН: Бир куни қўшни овулдан отамни кўргани келган йигитлар қўшиқчини калтаклашганини айтиб қолишди.
– Нега урдиларинг? – деб сўради отам.
– У қўшиқ айтганда қилиқ қилди, атай йўталди, сўзларни бузди, ё бирдан чийиллади, ё итга ўхшаб увиллади. Хуллас, у қўшиқни расво қилди, биз уни тутиб олиб калтакладик.
– Нима билан урдиларинг?
– Кимдир камари билан, кимдир тепкилади, кимдир мушт туширди.
– Уни қамчи билан ҳам уриш керак эди. Яна шуни сўраб қўяй: унинг қайси жойларига урдиларинг?
– Кўпроқ юмшоқ жойларига урдик, баъзан бўйни ҳам калтакдан бенасиб қолмади.
– Аммо барчасига боши айбдор эди.
ЭСДАЛИКДАН: Шу ўринда бир воқеани айтиб бермасам бўлмайди, чунки эсимга тушиб ҳеч хаёлимдан кетмай қолди. Маҳачқалъада бир авар қўшиқчиси бор. Исмини келтирмоқчи эмасман, қизиққанларнинг ўзлари билиб олишади. Чунки ҳикоямиз учун унинг исмининг аҳамияти йўқ. У отамнинг олдига келиб яратган куйига мослаб шеър ёзиб беришини сўрарди. Отам илтимосни рад этолмасди ва қўшиқ пайдо бўларди.
Бир куни чой ичиб ўтирардик. Радиодан ўша қўшиқчининг Ҳамзат Цадаса сўзи билан қўшиқ ижро этишини эълон қилишди. Биз қўшиқни тинглай бошладик, отам ҳам жимгина қулоқ солди. Лекин қўшиқни тинглаган сайин кўпроқ таажжубланардик. Чунки қўшиқчи шундай куйлар эдики, сўзларни ҳеч тушуна олмасдик. Фақат қандайдир қичқириқ эшитиларди, гўё қўшиқчи донни кўриб чўқилаган хўрозга