Скачать книгу

насиб этгани учун Яратганга беадад шукр қиламиз. Яна шуни комил ишонч билан айтамизки, ҳайрат кўзгусига айланган она шаҳримизнинг бош меъмори Президентимизнинг ўзлари.

      Кўҳна Шошнинг қуёш кулган осмони бор,

      Келажакка нур элтгувчи карвони бор.

      Хумо қушга кафтида дон тутар Тошкент,

      Адолатни тумор қилган сарбони бор.

      Қувонч қўнғироғи тошкентга

      чорлар

      Сўзимиз аввалида айтганимиздек, Тошкентнинг мақтови сўзларга сиғмас. Боиси, у кун сайин гўзаллашиб, кун сайин улуғ қудрат касб этиб бораяпти.

      Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига борсангиз, бағридаги боласига термулиб ўтирган ўзбек Онаси нафақат ўз фарзандига, дунё болаларига тинчлик алласини айтаётгандек.

      Сиз яна бунда Эзгулик аркасида Тинчлик тумори бўлиб турган лайлаклар қанотидан ёғилиб турган нурнинг қалбингизга сизиб кираётганини ҳис қиласиз.

      Сал нарида ўчмас хотира бўлиб мангу олов ёнаяпти. Бунда ҳам бир ўзбек онаси ғамгин нигоҳида уруш отига лаънат ўқиб, дунёга тинчлик тилаб турибди. Гўёки, мустақиллик майдонининг ҳар қарич ери, ҳар бир ниҳоли, ҳар бир ғишти тинчликнинг туморидек. Аслида ҳам бу муқаддас даргоҳга келганларнинг ҳар бири оламга тинчлик тилайди.

      Она шаҳримизга алоҳида кўрк ва салобат бағишлаб қисқа пайтда бунёд этилган маҳобатли «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройи гумбазида турган турналар бутун оламни Тошкентнинг 2200 йиллик тўйига чорлаётгандек. Бугун Тошкентнинг 12 эмас, 12 минг дарвозаси хуш ниятли дўстлар учун очиқ.

      Соғинчлар сўроғи Тошкентга чорлар,

      Садоқат сабоғи Тошкентга чорлар.

      Дунёга таралмиш тўй овозаси,

      Қувонч қўнғироғи Тошкентга чорлар.

      Меҳмон иззатига жонимиз фидо,

      Ҳар калом меҳримиз оҳангидай хуш.

      Топмайсиз ахтариб жонбахш бир садо,

      Тошкент пиёласин жарангидай хуш.

      Марҳабо, қадрдон, дўсту ёронлар,

      Пойи қадамингиз кўзга тўтиё.

      Икки минг икки юз йиллик тўйида,

      Тошкентдан таралмиш Шарқона зиё.

      2009 йил, август

      ЭЛЛИКҚАЛЪА – МАЪРИФАТ ЎЧОҒИ

      Юртни юриб кўрган одамнинг кўзи мошдек очиларкан. Зеро, кўзнинг очилиши кўнгилга тушган нур демакдир. Чунки кўнгилга нур кўздан борур. Кўнгил кўзи очилган инсоннинг жисму жонида ҳайрат мавжланади. Аслида бу дунё гўзалликларининг асил онаси момо Ер, она табиат. Одамзот Худойим ато этган истеъдоди, касбу корига монанд табиат гўзалликларидан нусха олади.

      Дунёга келиб боболари қўйган ғиштнинг ёнига бир ғишт қўйган, қолдирган дарахтлари ёнига бир ниҳол эккан, илму ҳикматини қатига яшириб токчалардан, жавонлардан термулиб турган китоблари ғуборини артиб, ўқиб амал қилган, маърифатига маърифат қўшган кишигина ўз умридан мазмун топади, аждодлари руҳини шод этади.

      Аждодлар руҳини шод этмоқнинг яна бир йўли – улар ётган муқаддас қадамжоларни зиёрат этмоқ, тавоф этмоқ, азиз тутмоқдир.

Скачать книгу