Скачать книгу

Каримнинг Шуаро сурасида ҳам бу мавзу зикр этилган: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом, айтинг): «Мен сизларга жинлар кимларга тушиши ҳақида хабар берайми? Улар барча гуноҳга ботган товламачиларга тушиб; эшитиб олганларини уларга ташларлар. Уларнинг (жинларнинг) кўплари ёлғончидирлар. Шоирларга йўлдан озганлар эргашур. Уларнинг (сўз водийларидан) ҳар водийда дайдишларини (яъни ўзгаларга ёқиб қолган энг тубан кимса ё нарсаларни ҳам кўкка кўтариб, ёқтирмаганларини тупроққа қоришларини) ва ўзлари қилмайдиган нарсаларни айтишларини кўрмадингизми?» Мазкур оятлар шайх Алоуддин Мансур томонидан бундай изоҳланади: «Бу оятлар барча замонлардаги Аллоҳдан қўрқмайдиган, устларидаги ҳокимият – сиёсат ўзгариши билан ёзаётган мавзулари, қаҳрамонлари ҳам ўзгариб кетаверадиган, ўзгаларга тўғрилик, эзгулик ҳақида лоф уриб, ўзлари нопок йўллардан юрадиган маддоҳ қаламкашлар ва ўзларининг бор илҳом ва истеъдодларини маъшуқаларининг таъриф-тавсифларига сарф қиладиган назмбозлар ҳақидадир.

      Лекин иймонли, эзгу амаллар қиладиган ва доим Аллоҳни ёдда тутадиган шоирлар бундан мустасно эканлиги тўғрисида қуйидаги ояти каримада айтиб ўтилади: «Магар иймон келтирган ва яхши амаллар қилган ҳамда доим Аллоҳни ёдда тутган ва (илгари) мазлум бўлганларидан кейин (Ислом зафар топгач), ғолиб бўлган кишилар (яъни, шоирлар йўлдан оздиргучи эмаслар). Золим кимсалар эса яқинда қандай оқибатга қараб кетаётганларини билиб қолурлар». Яна бу хусусда Пайғамбар алайҳиссаломдан ҳам кўп ҳадислар ривоят қилинган. Шулардан бири мана бу ҳадисдир. Саҳобалардан бўлган бир шоир келиб, Пайғамбар алайҳиссаломга, Аллоҳ таоло шоирлар ҳақида айтган бу сўзлардан кейин бизларнинг ҳолимиз не кечади, деганларида Ҳазрат шундай жавоб берганлар: «Мўмин киши ҳам тиғи билан, ҳам тили (яъни қалами) билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилур. Яратган Эгамнинг номига қасамки, сизлар отадиган ўқнинг тиғи ўткирроқдир».

      Улуғ устозлар шеъриятининг минг йиллардан бери яшаб келаётгани айнан ўша ўқнинг ўткирлигида. Айтилаётган сўзнинг тўғрилигида, ниятнинг поклигида. Маҳмуд Тоир шу йўлни танлаб янглишмаганлар:

      Яхшининг номидан раҳмат ёғилар,

      Оқилнинг комидан ҳикмат ёғилар,

      Қаролик ҳам қондан ўтса ёмондир,

      Жоҳил жилмайса ҳам зулмат ёғилар.

      Дунёда йиғламаган одам йўқ. Чақалоқ дунёга келиши билан йиғлайди. Қанчадир йиллар яшаб, ранжиса ҳам йиғлайди, қувонса ҳам йиғлайди, қўрқса ҳам йиғлайверади… Кераксиз йиғилар жуда кўп. Кераклиси –муножотдаги йиғи, қалб йиғиси. Шоир ижодида шунга эътиборни қаратади:

      Шунчаки йиғламоқ аёлга одат,

      Шунчаки йиғламоқ бермас саодат.

      Шунчаки йиғлаган эркак зотига,

      Ҳатто аёллар ҳам қилолмас тоқат.

      Негаки, бу ёлғон йиғи, Аллоҳга яқинлаштирадиган кўнгил йиғиси эмас, бўғиз ва кўз йиғиси.

      Йиғлашни билмаган кулиб ёлчитмас,

      Зоғ қаҳри булбулни тиғсиз сўйибди.

      ***

      Кўнглинг

Скачать книгу