ТОП просматриваемых книг сайта:
АСАРЛАР (II жилд). Сирожиддин Саййид
Читать онлайн.Название АСАРЛАР (II жилд)
Год выпуска 0
isbn 978-9943-26-873-9
Автор произведения Сирожиддин Саййид
Издательство SHARQ
Сочларинг бозорида
Бозорим касод бўлган.
Кўнгил ютолмаганин
Энди кўзлар ютади,
Сал қаттиқроқ қарасам
Холинг куйиб кетади.
«Кўрмайин ҳам, куймайин ҳам…»
Кўрмайин ҳам, куймайин ҳам,
Дийдорига тўймайин ҳам.
Киприкларидин игналар
Айланг, куюнчак янгалар.
Тола сочин ип айлабон
Кўзларимни тикиб қўйинг.
Армон йўлин тутсам агар,
Кўнгилдан ҳам кетсам агар,
Ҳижронида бўлсам адо,
Фурқат каби қилсам видо –
Холларини дон айлабон
Мозоримга экиб қўйинг.
«Боғлардаги зоғлар-о…»
Боғлардаги зоғлар-о,
Зоғлармисиз, доғлар ё?
Қайда қолди ишқ фасли,
Саодат, сиришк фасли?
Сиз ғазалга тушмассиз,
Сиз аслида қушмассиз.
Кимнинг мудҳиш гулисиз?
Куйган дилнинг кулисиз.
БИР ХАЁЛ
Дунё бирдан ғимирлади,
Дашту қирлар қимирлади,
Сокин сувлар жимирлади,
Чўкиб турган карвонлардай
Тоғлар ногоҳ юриб кетди.
Кўтарилди чанг-тўзонлар,
Совурилди хас-хазонлар.
Қалқди қирғоқлар, ўзанлар,
Тўғри оққан дарёлар ҳам
Тескарига уриб кетди.
Титрайди ёр сирғаларинг,
Бир бор куйиб йиғламадинг,
Сен кўнглимни илғамадинг.
Эсиз, эсиз кўнгилларинг
Бу дунёдан ғариб кетди.
Тадбир сенинг, таскин сенинг,
Илоҳ, дилда аксинг сенинг,
Ҳар шуълада рақсинг сенинг,
Қисмат бу кеч қўлларимга
Шу кўзгуни бериб кетди.
Бу сўнггиси хабарлардин,
Ўтлар сачрар қабрлардин.
Юлдуз сўйлар хатарлардин,
Риёлар, кирдикорлардин
Дунё ўзи ҳориб кетди.
Эсиз, эсиз шундай жаҳон,
Ўтди аёну ноаён.
Борлиқ қаён, йўқлик қаён?
Лайлакқордай ёққан одам
Лайлакқордай эриб кетди.
«Кўксимда кўп йиллар бир олов ёнар…»
Кўксимда кўп йиллар бир олов ёнар,
Юз хотир қилмайин беаёв ёнар.
Ханжарин кўксимга отса ошнолар,
Ханжар омон қолар, қини куйгайдир.
Сўнги кўринмайдир аламнинг, ўйнинг,
Билмасман, охири борми бу куйнинг.
Умидим кўксимда тиклаган уйнинг
Қарсиллаб бўйи ҳам эни куйгайдир.
Шафқатсиз бу ўтга бормикин зорлар?
Теграмда юрганлар – ҳаммаси хорлар.
Ёмғирли кунларда ун чекса ёрлар,
Ёмғирлари бирлан уни куйгайдир.
Ўтгайман шу тахлит аён, ноаён,
Жисм ичра намоён, жисм ичра ниҳон,
Ўткинчи бир қушча келиб ногаҳон
Кўксимга ин қурса – ини куйгайдир.
ГЎЗАЛЛАР ЗИЁФАТИ
Ҳарир-ҳарир кўйлакларда юзиб келдилар,
Лаганларга