ТОП просматриваемых книг сайта:
Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов
Читать онлайн.Название Танланган асарлар: Қиссалар
Год выпуска 0
isbn 978-9943-6609-8-4
Автор произведения Чингиз Айтматов
Издательство SHARQ
– Нега ғамгин кўринасан, йигит? – бехосдан бошим узра кимнингдир ёқимли ва хиёл истеҳзоли овози эшитилди. Бошимни аранг кўтардим. Ёнимда Хадича турарди.
– Ҳа, бир ўзинг ича олмаяпсанми? – деб илжайиб ёнимга ўтирди у. – Қани, бирга ичайлик бўлмаса!
Хадича стаканларга ароқ қуйиб, биттасини менга суриб қўйди.
– Ол! – деди у, гўё биз бу ерга анчайин ўтириш ва ичиш учун келгандек, ғурур билан ҳаёсизларча кўз қисиб.
– Сен нимага суюняпсан ўзи? – деб сўрадим норози оҳангда.
– Нима, йиғлайми бўлмаса? Сен турганда менга бошқа нарсанинг кераги йўқ, Илёс! Мен сени сабрли, чидамли деб ўйлаган эдим. Кел, нима бўлса бўлар! – деб секингина кулиб қўйди у ва ёнимга яқинроқ сурилди, қоп-қора нозли кўзларини сузиб, қўлидаги стаканни чўқиштирди.
Биз ичдик. Мен папирос тутатдим. Кўнглим бир оз ёришгандек бўлди: куни бўйи биринчи марта жилмайишим эди.
– Қойилман сенга, Хадича! – дедим ва унинг қўлини қисдим.
Дарвоқе, Хадича ўша кеча жуда очилиб кетган эди.
Кейин кўчага чиқдик. Қош қорайиб қолган эди. Кўл тарафдан эсаётган шўх шамол дарахтларни ва чироқларни тебратиб ўйнарди. Оёқ остимиздаги ер ҳам унга таассуф қилгандек чайқаларди. Хадича қўлтиғимдан тутиб, мени етаклаб борарди, у меҳрибонлик билан ёқамни кўтариб қўйди.
– Мен сенинг олдингда айблиман, Хадича! – дедим ўз гуноҳим ва миннатдорчилигимни яшира олмай. – Аммо шуни билиб қўй, мен сени ҳеч кимга хафа қилдириб қўймайман… Ҳаммасига ўзим жавоб бераман…
– Буларни унутиб юборасан, жонгинам! – деди у. – Ўзинг ҳам тиниб-тинчимагансан-да… Доим қаёққадир елиб югурганинг-югурган. Мен бўлсам сенга ачинаман. Ўзим ҳам илгари шунақа эдим. Ҳаётдан илгарилаб кета олмайсан, ундан насиб қилганини ол… Тақдир билан ўйнашиб нима қиласан…
– Бу ҳар кимнинг тушунчасига боғлиқ! – дея эътироз билдирдим, сўнгра ўйлаб кўриб: – Эҳтимол, сен ҳақдирсан… – деб қўйдим.
Биз Хадича яшайдиган уйнинг шамолга тескари томонида тўхтадик.
– Мана, уйга ҳам етиб келдим! – деди у.
Мен кетмоқчи бўлардиму, бироқ у ердан сира жилолмасдим. Энди иккимиз ўртамизда бир-биримизни боғлаб турувчи қандайдир бир нарса бор эди. Хадичанинг самимийлиги, менга нисбатан ҳамдардлиги ва унинг олдида ўзимни қарздор кишидек сезаётганлигим дарҳол кетишимга йўл бермаётган эди. Бунинг устига, ҳозир ёлғиз қолиб, ётоқхонага боришдан ҳам чўчиётган эдим. Ҳақиқатан у ҳозир жуда очилиб кетган бўлса ҳам баъзида шундай заҳар бўлиб қоладики, ундан ўзингни беихтиёр четга тортишга ҳаракат қиласан.
– Нега ўйланиб қолдинг, жонгинам? – деб сўради