Скачать книгу

сойга кетди, нима ишинг бор эди? – деди-да, сўнгра бир ютиниб олиб, ўзича минғиллади. – Ҳавонинг димлигини-чи, ҳамма уй-уйига кетди. Шамол бўлмаса, хирмонда иш бўлармиди…

      Отларни бедазорга тушовлаб, сойга бурилдим. Дониёр одатдагидек тик тушган жар тепасида тиззасини қучоқлаб, бошини қуйи солганча жар остида сувнинг шовуллаб оқишига қулоқ солиб ўтирарди. Унинг музтар бўлиб ўтириши юрагимни эзиб юборди. Дониёрнинг ёнига бориб, уни маҳкам қучоқлаб, тасалли бермоқчи, илиқ сўзлар билан кўнглини кўтармоқчи бўлдим. Лекин нима ҳам дея олардим, уни қандай юпатаман ахир. Анчагача иккиланиб турдим-да, сўнгра хирмонга қайтиб кетдим.

      Ўшандан кейин ғарам устида ётиб анча вақтгача ухлай олмай, осмонни қоплаб келаётган булутларга қараб хаёл суриб кетдим. «Инсон ҳаёти нега бунчалик мураккаб, сира тушуниб бўлмайди-я». Жамиланинг бўлса ҳамон дараги йўқ. Нега бунча ҳаяллади экан, қаерларда юрганикин, деб араванинг ғилдирак товушларини эшитишга зор бўлиб қулоқ солиб ётдим. Қаттиқ чарчаган бўлсам ҳам сира уйқум келмади. Тоғлар тепасидаги булутлар орасидан яшин ялт-юлт этиб чақнарди.

      Дониёр келганда ҳали уйғоқ эдим. У нима қиларини билмай, қайта-қайта йўлга қараб, хирмонда бир оз айланиб юрди-да, сўнгра ёнимга келиб, ўзини юз-тубан отди.

      «Энди у овулда қолмайди, бошини олиб кетса керак», деб ўйлардим. Лекин бечора қаерга ҳам борарди? Бошпанасиз бир мусофир кимга ҳам керак? Бечорага қийин бўлди-да, энди нима қилар экан?

      Энди кўзим илинган экан, хирмон томондан арава товуши эшитилди. «Жамила бўлса керак», – деб ўйладим уйқу аралаш.

      Қанча ухлаганимни билмайман, бир вақт нақ қулоғим тагида шитирлаган товуш эшитилиб, биров келаётгандек бўлди. Қанот серпигандек қандайдир бир совуқ нарса бетимни силаб ўтди. Кўзимни очсам Жамила экан. Чўмилиб келган бўлса керак, кўйлагини ҳам ҳўллаб олибди, шунинг учун ҳам ёнимдан ўтаётганида салқин шабада эсгандек бўлди. Жамила тўхтаб қолди-да, у ёқ-бу ёққа аланглаб, Дониёрнинг бош томонига ўтирди.

      – Дониёр, мана мен ўзим келдим! – деди у секин шивирлаб.

      Атроф жимжит, осмонни гумбурлатиб яшин чақнади.

      – Хафа бўлдингми? Қаттиқ хафа бўлдингми?

      Яна жимлик чўкди, қирғоқдан тупроқнинг сувга «шўлп» этиб тушгани эшитилди.

      – Лекин менинг айбим нима? Сенда ҳам гуноҳ йўқ.

      Тоғлар устида яшин гумбурлади. Жамила чўчиб ялт этиб қараганида, яшин унинг юзини ёритиб юборди. Жамила атрофга бир қаради-да, ўзини Дониёрнинг кўксига ташлади, унинг елкаси Дониёрнинг бақувват қўллари остида дир-дир учарди. Жамила ҳам ғарамга чўзилиб Дониёр билан ёнма-ён ётди.

      Кучли шамол сомонни кўкка совуриб, хирмон четида қийшайиб турган ўтовни ялаб ўтди-да, қуюн бўлиб осмонга кўтарилди. Чақмоқ булутлар орасида кўкимтир из қолдириб, қарағай сингандек қасира-қусур қилиб ҳаммаёқни ларзага солди. Аъзои баданим титраб, ҳам қўрқиб, ҳам қувониб кетдим. Момақалдироқ, ёзнинг охирги момақалдироғи ёпирилиб келар, илк нафаси димоққа уриларди. Энди Жамилани ҳеч қандай куч тўсолмасди. У Дониёрга

Скачать книгу