Скачать книгу

унинг кулгиси сунъийлашиб, ўзини-ўзи зўрлаб кулаётгандек бўлиб туюлди. Дониёр қопни кўтариб борар экан, ярадор оёғига зўр келиб, оқсай бошлаганидагина, биз уни қандай азобга қўйганимизни тушундик.

      Дониёрнинг оёғи ярадор эканини нега илгарироқ ўйламадик ахир? Эҳ, болалигим қурсин-а, шу гап мендан чиқди-я!

      – Орқангга қайт! – деб қичқирди Жамила кулги аралаш. Бироқ энди бунинг иложи йўқ эди. Чунки орқасидан ҳам қоп кўтарган одамлар келишаётган эди.

      Мен эсимдан оғаёзиб, кейин нима бўлганини билмайман. Кўз ўнгимда ўша каттакон қора қопни кўтарган Дониёр. У букилиб, трапдан ер бағирлаб юқорига чиқиб борарди. Ярадор оёғини авайлаб босар, унга зўр келмасин, деб қанчалик уринмасин, барибир, ҳар қадам ташлаганда оғриққа чидаёлмай, тишини тишига қўйиб, бошини чайқарди. У юқорилаган сари устидаги оғир қоп елкасига миниб олган бало-қазодек уни баттар босар, у тобора кўп чайқаларди. Янгам билан ўйламай қилган бу қилмишимизга азбаройи уялганимдан ер ёрилса-ю, ерга кириб кетгудек бўлдим, қўрққанимдан юрагим орқамга тортиб кетди. Қоп кўтарган Дониёр эмасу гўё мен ўзимдек, оёқларим зирқираб, кўз ўнгим қоронғилашиб кетди.

      Дониёр яна тўхтаб, қопни тишлади-да, кўзини юмди. Менинг ҳам бошим айланиб, ер ўпирилиб кетаётгандек бўлди. Бир нафас ҳеч нарсани билмай қолдим.

      Кимдир билагимни чангаллаб, синдириб юборгудек сиқиб ушлади. Бундай қарасам, Жамила экан. Қўрққанидан мурдадек оқариб кетган, лаблари дир-дир титраб, кўзларини катта очганча Дониёрга термилиб турарди. Атрофимизни омборчи ва бошқалар ўраб олишибди. Улар ҳам нима гаплигига тушунмай, Дониёрга ҳайрон бўлиб қарашарди.

      Мана, Дониёр юриб бораётиб сирғалиб кетаётган қопни ўнглаб олай деб бир силкиди-ю, лекин оғирликка ортиқ тоб бера олмай чўккалай бошлади.

      – Ташла! Ташла қопни! – деб қичқириб юборди Жамила. Дониёр қулоқ солмади. Орқада келаётганларга тегиб кетмаслиги учун қопни трапнинг четидан пастга ташлаб юборса бўларди. Бироқ у ўжарлик қилиб қопни кўтарганича тураверди. Жамиланинг овозини эшитиши билан яна оёқларини ростлаб, олдинга қараб интилди. Бир-икки қадам юриб орқага тисарила бошлаганида, тарозибоннинг жон-пони чиқиб кетиб, овозининг борича қичқириб юборди:

      – Ташла! Ташласанг-чи, ит эмган!

      – Ташла! – деб бошқалар ҳам қичқиришди.

      Дониёр бу сафар ҳам ўз билганини қилиб, чайқалиб-суриниб илгари босди..

      – Йўқ, у қопни ташлайдиган эмас. Ўз айтганини қиладиган йигитга ўхшайди, – деди кимдир қўл силтаб.

      Энди фақат ҳалиги одамгина эмас, балки ёнимизда турган бошқа одамлар ҳам, унинг орқасидан қоп кўтариб бораётган кишилар ҳам бунда бир сир борлигини сезишиб, Дониёр қоп билан бирга қулаб тушмагунча уни ташламаслигига ишонч ҳосил қилишди.

      Ҳамма бир зум жим бўлиб қолди.

      Каппоннинг орқасида паровоз зир югуриб вагонларни бир-бирига уламоқда. Дониёр юқорига юк тортиб чиқиб кетаётган отдек илгарилаб борарди. У чайқалиб йиқиладигандек бўлса, шартта тўхтаб, куч тўплар, кейин яна олдинга қараб интиларди. Дониёрнинг

Скачать книгу