Скачать книгу

елган совуқ шабада ортидан уйга ҳам кўзга кўринмас совуқ нафас кириб келганидек, кекса табиб эшагида қоронғулик қаърига шўнғиб ғойиб бўлиб кетгандан сўнг у бутун вужудини чексиз ёлғизлик қамраб олганини ҳис этди. Саида ҳам рутубатли кунлар яқинлашиб келаётганига қарамасдан ўз келинлик бурчини адо этишга тайёр эди. Ҳаммасини ўз елкасига олиш энди унинг зиммасига тушарди. Ўзи учун ҳам, қариянинг ўғли ва қулоқларга қарши кураш дастидан Чотқолга қочган ака-укалари Ҳусанқул ва Ўринқулларнинг қариндош-уруғлари учун ҳам сўнгги нафасигача қайнонасининг бошида бўлишни у кўнглига тугиб қўйди. Ҳаётдан кўз юмаётган қайнонаси олдида ҳамма учун ва ҳамма нарса учун тириклар зиммасига тушган юкни энди Саиданинг бир ўзи кўтаришга тайёр эди. Уйга бош суқар экан, у “ўлим барҳақ, у одамларни иноқлаштириши керак, ундан бошқаси бекор” деган аҳду-паймонни ўз дилига туккан эди.

      Шу ондан бошлаб Саида жон талвасасида ётган қайнонаси ёнидан бир қадам ҳам жилмай қўйди. Қийналиб, азоб чеккан кекса аёлнинг ҳаёт шами сўниб борарди. Тобора тилдан қолаётган эса-да бор кучини йиғиб, оғир нафас олган ҳолда, ғам-андуҳли ва аянчли бир қиёфада келинининг юзига боқар экан, аёл унга сўнгги видо сўзини айтмоққа чоғланган кўринарди. Бу дил тубидаги ва олдин ҳам эмас, кейин ҳам эмас, балки умрининг энг охирги дақиқаларида айтилиши мумкин бўлган видолашув сўзи бўлса ажаб эмас, бироқ уни ифода этишга аёлнинг мажоли етмасди. Бу пайтда ундан-бундан қария Бексаатнинг жони узилаётганини эшитиб, ҳовлида одамлар тўпланиб қолишди. Улар жимгина келишарди. Одамларнинг бир қисми ачиниш ва изтироб чеккан ҳолда, ўз муносабатларини оғир хўрсиниш билан ифодалаб келиб-кетишар, айримлари эса, ортиқча шов-шувсиз, бундай пайтларда олдиндан уйда кўриладиган тайёргарлик пайидан бўлишарди: бирлари ўтин ташиган, кимдир товоқчада ун, куйдирилган мой келтирарди. Яна бировлари қўни-қўшнилардан идиш-товоқ йиғишар, ҳовлида эса оёқ остига сомон сочиб чиқишарди.

      Тун яримлаб қолди. Қошиқчада оғзига сув томизиб қўяр экан, Саида қайнонасининг сўнгги соат ва дақиқаларини енгиллаштиришга уринарди. Жон таслим қилаётган Бексаат куни битганини сезиб ётар, шунинг учун ҳам жон талвасасида нимадир демоқчи бўлар, лекин бунинг уддасидан чиқолмасди, шундан кейин у дил розини кўзлари билан имо-ишора қилишга ўтди. Ростдан ҳам, қайнона ва келиннинг видолашув чоғидаги оҳу фиғонларини – жўрлашиб ҳўнграшларию мунгли марсияларини ким ҳам тинглайди дейсиз: бу термаларда эса уларнинг кўнглидаги орзу-ниятлари умрбод амалга ошмайдиган армон бўлиб қолгани, бутун хонадон аҳли – ўғли ҳам, келини ҳам – жон-дилдан хоҳлаган Чотқол сафари ҳам, қулоқ сифатида Чотқолга бадарға қилинган эл-уруғу ёру биродарлар билан келинни таништириш ҳақидаги ўй-хаёллари ҳам саробга айлангани, эндиликда эса бунинг мутлақо иложи қолмагани борасидаги ҳасратлари ўта таъсирли ифодаланганди. Саида учун ҳаммадан ҳам ўкинчлиси шунда эдики, энди у кекса қайнонасини эшагига ўтқизиб қўймайди, йўргакдаги набирачасини унинг қўлига тутқазмайди ва улар

Скачать книгу