ТОП просматриваемых книг сайта:
БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД. Иқбол Мирзо
Читать онлайн.Название БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД
Год выпуска 0
isbn 978-9943-5993-2-1
Автор произведения Иқбол Мирзо
Издательство SHARQ
Кейин бирдан жимиб, ерга қараганча сукутга чўмди. Бироз ўтгач:
– Саҳро табиати ёмон, кечаси қаттиқ совуқ бўлади, машинага чиқиб ухла, менга ишонмасанг ичидан қулфлаб ол, мен ташқарида ётаман, – деди ҳорғин овозда. Мен тиззамни қучоқлаб, жойимда ўтиравердим.
– Машинага чиқ, бу ерда қашқирлар изғийди…
– Мен қашқирдан қўрқмайман… – оқсаб бориб машинага чиқдим-да, тугмаларини босиб, ичкаридан қулфлаб олдим. У мен ўтирган эшикка суянганча яна ҳасрат қила кетди:
– Нега бундай чиройли бўлдинг-а, Бонужон? Мен нима қилай? Сендан бошқани кўзим кўрмайди… Ота-онам бўйнимдан боғлаб, холамнинг қизига уйлантириб қўйди. “Оқ қиламан, кўк қиламан”, деб бахтимни қора қилишди. Эшитганмисан, йўқми, хотиним номига хотин эди, ўртада ҳеч нарса бўлмаган. Униям ҳаёти расво бўлди. Лекин нима қилай? Қўли қўлимга тегса, илон ушлагандай бўлардим. Уйга сира боргим келмасди… Менга қара, нима десанг, ҳамма шартингга тайёрман, – унинг овозида йиғи пайдо бўлди, – мен ҳам одамман-ку, сени деб хотинимга талоқ бердим. Нега менга раҳминг келмайди? Сени ўн бешимдан бери севаман! Ўзимни ўлдирайми, уволимдан қўрқмайсанми?! Сенда ҳам юрак борми, Бонужон?!
Мен:
– Юсуф ака, мендаям юрак бор, фақат бу юрак аллақачон банд бўлган, айтдим-ку, яхши кўрган инсоним бор, мени бунча қийнайсиз? Менга сизнинг раҳмингиз келсин, акамдан – жўрангиздан уялмайсизми, унинг кўзларига қандай қарайсиз, – дедим йиғлаб-сиқтаб.
– Ё меники бўласан, ё ҳеч кимники! – деб машина эшигига тарсиллатиб шаппат урди.
Кечаси бирдан ҳаво совиб, дағ-дағ қалтирай бошладим.
Мен-ку баҳарнав ичкаридаман, унинг ҳоли не кечдийкан деб ойнадан қарасам, ўша-ўша – ғилдиракка суяниб, ойга қараганча ўй ўйлаб ўтирибди.
Бир зум раҳмим ҳам кепти.
Тонгга яқин қуш уйқуси ичида Олмосни кўрдим. У куйиниб ниманидир гапирар, лекин овози эшитилмас, мен уст-бошимдаги қон-қусни кўрсатиб изоҳ бермоқчи бўлардиму, мениям товушим ичимга кетарди.
Машриқ тараф кўкариб, саҳро осмонида биргина Зуҳро қолди.
10 сентябрь
Юсуф мен ўйлагандан кўра маразроқ, тубанроқ, аблаҳроқ бўлиб чиқди.
Оқшом қилган хатти-ҳаракатлари ҳолва экан. Машинани ўзи ўчириб, бензин йўқ деб алдаганини, бу билан мени тонггача тутиб турмоқчи бўлганини саҳар билдим.
Оламни ёритган тонг унинг башарасини ҳам очиқ-ойдин кўрсатди.
Қишлоққа кириб бораверишда уловини тўхтатиб, ишшайди:
– Бугуноқ пешиндан кейин совчи юбораман, розилик бер, бошқа йўлинг йўқ! Мен билан бир кеча бирга бўлдинг, ҳамма ёғинг қон! Сен меникисан, йўқ десанг, дунёга жар солиб бадном қиламан! Аканг нима, худойингданам қўрқмайман!
Унинг бошқа сўзлари қулоғимга кирмади, кўнглим озиб, ҳушимни йўқотдим.
Душанба куни тушдан кейинларга ўзимга келибман.
Ҳамшира иссиғимни