Скачать книгу

      Технологиядаги бундай шитоб ўзгаришлар биз учун янги имкониятлар яратибгина қолмай, балки ҳаёт тарзимиз, иш-фаолиятимиз ва ўзаро муносабатларимизга ҳам таъсир этмоқда. Клаус Шваб ушбу долзарб ҳамда сермазмун китобида таъкидлаганидек, рақамли технологиялар материалшунослик ва биологиядаги ютуқлар билан туташди, натижада бутунлай янгича турмуш тарзлари шаклланаётганига гувоҳ бўляпмиз. Технология ошкора ва кўз илғамас йўллар билан яна бир тушунчани – инсон бўлиш нимани англатишини ҳам ўзгартирмоқда.

      Клаус Шваб – Жаҳон иқтисодий форуми ва унинг ҳар йили Давос (Швейцария) шаҳрида ўтадиган дунёга машҳур учрашувлари асосчиси ҳамда ижрочи раиси. Шу нуқтаи назардан у жаҳоннинг иқтисодиёт ва технология соҳасидаги илғор экспертлари, дунёдаги энг йирик компаниялар раҳбарларининг тажрибалари, қарашлари, ҳукуматлар ҳамда фуқаролик жамияти вакилларининг олдимизда турган муаммо ва имкониятлар борасидаги фикрларини умумлаштиришдек ноёб имкониятга эга шахс ҳамдир.

      Клаус Шваб аввалги саноат инқилоблари жамиятда катта ўзгаришларга сабаб бўлгани, янги имкониятлар яратганини, лекин бугунги ўзгаришлар янги ғоя ва технологияларнинг дунё бўйлаб ўзига хос тарқалиш тезлиги билан ажралиб туришини таъкидлайди. Саноатнинг турли жабҳаларидаги компаниялар жадал ўзгариб бораётган технологиялардан ортда қолмаслик ва истеъмолчилар ишончини оқлаш учун ўз анъанавий бизнес амалиётларини қайта кўриб чиқиши даркор.

      Келгуси бир неча ўн йил ичида тўртинчи саноат инқилобини ҳаракатга келтирувчи технологиялар жаҳон иқтисодиёти тузилишини, жамият, ҳатто инсон шахсиятини ҳам бутунлай ўзгартириб юборади. Бу чуқур ўзгаришлар диққатимизни биз цивилизация сифатида дуч келаётган улкан масъулиятга қаратади. Биз масаланинг ижобий ва салбий томонларини чуқур ўйлашни таъминлайдиган тизимларни ишлаб чиқишда, шунингдек, сайёрамиздаги барчага фойда келтирувчи, умумий қадриятлар ҳамда аниқ мақсадларга эга янги тизимларни яратишда танловлар қилишимиз, бу ишларга фуқаро, давлат ходими ҳамда тадбиркор сифатида ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур. Барча ҳолларда, айниқса, назорат қила олмай қолишимиз мумкин бўлган сунъий интеллект, ген муҳандислиги каби технологияларда, хавфни камайтирувчи ва инсониятнинг яшаш шароитини яхшилайдиган тизимларни яратишга алоҳида эътибор беришимиз лозим.

      “Тўртинчи саноат инқилоби” биз яшаб турган дунёни шакллантираётган асосий йўналишларни тушунишга ёрдам берувчи муҳим китобдир. У инсониятга йўналтирилган, барчанинг имкониятларини кенгайтирадиган, гуллаб-яшнашини таъминлайдиган келажакни биргаликда яратишимиз учун айни пайтда юз бераётган тарихий жараёнларни таҳлил қилиш ва улар ҳақида мулоҳаза юритиш имконини беради. Аминманки, ушбу қизиқарли китобни ўқиш давомида келажакда асқатиши мумкин бўлган қимматли маълумотларни оласиз.

Марк Р. Бениофф, “Salesforce” компанияси раиси ва бош ижрочи директори ҳамдаЖаҳон иқтисодий форуми васийлар кенгаши аъзоси

      КИРИШ

      Олдимизда турган хилма-хил ва қизиқарли муаммолар бисёр. Улар ичида энг жиддий ва муҳими – инсониятнинг ўзгаришига олиб келувчи янги технологик инқилобни тушуниш ва шакллантиришдир. Биз яшаш тарзимиз, иш-фаолиятимиз ва ўзаро муносабатларимизни тубдан ўзгартириб юборувчи инқилоб остонасида турибмиз. Мен ўлчами, кўлами ва мураккаблиги жиҳатидан “тўртинчи саноат инқилоби” деб номлаган ҳодиса инсоният бошидан кечирган ҳеч бир жараёнга ўхшамайди.

      Биз ҳали бу инқилобнинг шиддати ва кўламини тўлалигича тушуниб eтмадик. Миллиардлаб одамларнинг мобил қурилмалар ёрдамида ўзаро боғланиб, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган маълумотларни қайта ишлаш қуввати, сақлаш ҳажми ва билимлардан фойдаланиши натижасида келиб чиқадиган чексиз имкониятлар ҳақида ўйлаб кўринг. Ёки сунъий интеллект (AI – Artificial Intelligence), робот технологиялари, буюмлар интернети (IoT – Internet of Things), ўзиюрар автомобиллар, уч ўлчамли (3D) принтлаш, нано ва биотехнологиялар, материалшунослик, қувватни захиралаш, квант компьютерлари ва бошқа кўплаб соҳаларда эришилган технологик ютуқларнинг ақл бовар қилмас кесишувини олайлик. Ушбу инновацияларнинг кўпи ҳали синов босқичида, аммо улар моддий, рақамли ҳамда биологик дунёлардаги технологиялар бирлашувида бир-бирини кучайтириши ва жадаллаштириши натижасида ривожланишнинг бурилиш нуқтасига шиддат билан яқинлашиб бормоқда.

      Саноатнинг барча соҳаларида туб ўзгаришларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Ушбу ўзгаришлар янги бизнес моделлари юзага келиши, мавжуд етакчи компаниялар фаолиятига путур етиши1 ва ишлаб чиқариш, истеъмол, транспорт ҳамда eтказиб бериш тизимлари шаклининг ўзгариши билан тавсифланади. Ижтимоий жабҳада қандай ишлашимиз ва ўзаро мулоқотимиз, шунингдек, ўзимизни ифода этишимиз, ахборот олишимиз ва вақтичоғлик қилишимиз борасидаги фундаментал қарашларимиз ҳам бутунлай ўзгариб кетиш арафасида турибди. Шу сингари таълим, соғлиқни сақлаш, транспорт ҳамда бошқа тизимлар қатори давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳам ўз шаклини ўзгартирмоқда. Одамлар хулқ-атворини, ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш тизимларини ўзгартириш учун технологияларни янги усулларда қўллаш, шунингдек, ёндош таъсир каби яширин ха ражатлар яратиш ўрнига атроф-муҳитни асраш ва қайта тиклаш имкониятларини яратади.

      Бу

Скачать книгу


<p>1</p>

“Путур” ва “бузғунчи инновация” атамалари бизнес ва менежмент стратегияси доираларида кўп муҳокама қилинган. Энг сўнгги муҳокамалар қуйидаги китобда келтирилган: Клейтон М. Кристенсен, Майкл Э. Рейнор ва Рори Макдональд, “What Is Disruptive Innovation?” Harvard Business Review, 2015 йил, декабрь. Профессор Кристенсен ва ҳамкасбларининг атама таърифи бўйича қарашларини ҳурмат қилган ҳолда улардан кенгроқ маънода фойдаландим.