ТОП просматриваемых книг сайта:
Элжернонга аталган гуллар. Дэниел Киз
Читать онлайн.Название Элжернонга аталган гуллар
Год выпуска 0
isbn 978-9943-23-193-1
Автор произведения Дэниел Киз
Издательство Asaxiy books
Хуллас, ҳали ҳам АйКью нима эканлигини тушунмадим. Менинг АйКьюм ҳозир 100 атрофида, тез орада 150 дан ошиб кетади, лекин идишни нимадир билан тўлдириш керак-ку. Ёмон гаплар гапиргим келмаяпти, бироқ агар олимлар АйКью нималигини аниқ билмасалар, қандай қилиб уни ўлчашлари мумкин?
Профессор Немур «Бир неча кундан сўнг Роршах тестидан ўтасан», деди. Қизиқ, у нима экан энди?
17 апрель
Бугун ёмон туш кўрдим ва уйғонганимдан сўнг, доктор Штраус тавсиясига кўра, эркин ассоциациялар методини қўлладим. Тушимни эслаб, натижада турли хил фикрлар пайдо бўлиши умидида ақлим эркин фикрлашига йўл қўяман. Одатда, менда ҳеч қандай фикр қолмайди. Доктор Штрауснинг айтишича, мен ост онгим ёмон хотиралардан онгимни қўриқлаш учун уни муҳофаза қила оладиган даражага етибман. Ўтмиш ва ҳозир ўртасидаги ўзига хос девор. Айрим пайтларда у қулайди ва мен унинг ортида яширилган ҳодисаларни эслай оламан. Худди бугун эрталаб бўлгани сингари.
Тушимда Кинниан хоним ҳисоботларимни ўқиётган экан.
Мен ручкамни тайёрлаб ўтирибман, лекин тўсатдан на ёзишни, на ўқишни билмай қоляпман. Ҳаммасини унутиб юборибман. Қаттиқ қўрқиб кетиб, Жимпидан менинг ўрнимга ҳисобот ёзиб беришини илтимос қилдим. Кинниан хоним уни ўқиб жаҳли чиқиб кетди ва ҳисоботни майда-майда қилиб йиртиб ташлади. У ерда бемаъни сўзлар ёзилган экан. Уйга қайтиб келсам, бу ерда мени доктор Штраус ва профессор Немур кутиб туришган экан. Уйга киришим биланоқ, ҳисоботларда уятсиз сўзлар ёзганим учун, мени дўппослашга тушишди. Улар кетишгач, мен ҳисобот парчаларини йиғишни бошладим, не кўз билан кўрайки, улар қонга беланган тўр парчалари экан.
Жуда ҳам даҳшатли туш, туриб уни ёзиб бўлганимдан сўнг, хаёлларимни таҳлил қилишга уриниб кўрдим.
Новвойхона… тун… ахлат челак… кимдир мени оёғи билан тепяпти… йиқилиб тушдим… қон… ёзмоқ… катта қалам… кичик олтин қалб… туморча… ип… ҳаммаёқ қонга беланган… ҳамма устимдан куляпти… туморнинг ипи… айланяпти… қуёш нурлари кўзимни оляпти… туморча айланиши менга ёқяпти… бармоғимга ўралиб қолди… менга бир қиз қараб турибди.
Унинг исми мис Кин… – унинг исми Ҳарриет.
– Ҳарриет, Ҳарриет, биз ҳаммамиз Ҳарриетни яхши кўрамиз.
Ва яна ўша мен ўрганган бўшлиқ.
Кинниан хоним гоҳ-гоҳи менга қараб қўйиб, ҳисоботни ўқияпти.
Сўнгра биз омилар мактабида бўлиб қолдик. У менинг иншо ёзишимни кузатиб ўтирибди.
Менинг мактабим ўрнида бирдан 13-мактаб пайдо бўлиб қолди. Мен ўн бир ёшдаман, Кинниан хоним ҳам ўн бир ёшда, лекин у ортиқ Кинниан хоним эмас, у ёноқларида икки кулгичи бор, узун оқ-малла сочли қизча эди. Унинг исми Ҳарриет. Биз ҳаммамиз Ҳарриетни яхши кўрамиз. Бугун 14 февраль, авлиё Валентин куни.
Мен эсладим…
Эсладим…