ТОП просматриваемых книг сайта:
Гувоҳлик. Маъмуржон Эрсолиев
Читать онлайн.Эсимда, мени ўқишга кузатишаётганда, сен: “Фаросатнинг олий ўқув юртига муваффақиятли ўтиши – бу унинг балоғат ёшига тўлиб, ҳаётга мустақил равишда қўйган биринчи ажойиб қадами”, дегандинг. Эҳ, дўстим, қани энди ҳаёт фақат хурсандчиликлардан иборат бўлса! “Фалокат оёқ остида” деганларидек, ўшанда хайрлашганимиздан кейин бир ой ўтар-ўтмас бошимга мушкул бир иш тушди. Албатта, бунга ўзим сабабчи бўлдим. Дўстим, бундай ўйлаб қарасам мен ҳали гўл эканман.
Эсингда бўлса керак, ўқиш даврида Мунтазамни баъзан мазах қилардик. Синфимизда биронта ноўрин ҳаракат бўлиб қолгудек бўлса, ўқитувчига тўппа-тўғрисини айтиб қўя қолиши учун у бечорани “чақимчи”, “иғвогар”, “умрида бошқага яхшилик қилмаса керак”, деб айблардик. Аммо у “яхшилик қилишнинг ҳам ўз ўрни борда” деб қўярди. У ҳақ экан. Ҳа, ишонавер дўстим, у ҳақ экан!
Биласанми, Мухтасар, ушбу хатни қамоқхонадан ёзаяпман. Ҳа, қамоқхонадан! Аммо, мен ўғрилик ҳам, ғарлик ҳам қилганим йўқ. Бирон кишига оз бўлса-да озор бериб, безорлик қилган эмасман. Шундай, дўстим. Фақат инсонга яхшилик қиламан деб шу ҳолга тушдим. Ажабланма, дўстим, ҳали ўзинг ҳам тушуниб қоласан. Мана эшит.
Бир куни эрталаб ҳаммомга кетаётган эдим. Мендан олдинроқда, йўлнинг нариги ёғида бир хотин йўлни супурарди. Бир маҳал қаттиқ тезликда кетаётган такси машинаси ҳалиги хотинни уриб кетди. Бечора хотин қичқириб юборди. Мен қўрққанимдан икки қўлим билан кўзларимни беркитдим. Машина бир оз ўтиб тўхтади. Чопиб бордим. Бундай қарасам, шофер қўшнимиз экан. Ўзи жуда мўмин одам, кўп марта машинасига тушганман. Пул берай десам олмаган.
– Нима бўлди, Шариф ака? – дедим машинани тўхтатгач.
– Тўйдан келаётган эдим, – жавоб берди у. Кўринишидан маст эди. Иккимиз йўл четида ётган хотин олдига бордик. Боши қон. Шариф ака қўрқиб кетди.
– Фаросатбек, сиздан ялиниб сўрайман. менинг машинам уриб юборганлигини ҳеч кимга айтманг, жон ука, бола-чақам бор, ялина бошлади у. Ўйламай-нетмай “хўп” дедим. Шу орада милиция ходими етиб келди.
– Ким босди?! – деб сўради у биздан.
– Ҳозиргина бир номаълум такси уриб, нариги томонга қочиб кетди, мен хотинга ёрдам берай деб тўхтадим, – деди Шариф ака уялмай-нетмай. Милиция ходими менга қаради. Мен унинг гапини тасдиқладим.
– Шу ердан кетмай туринглар, гражданлар, – деди милиционер ва мотоциклда Шариф ака қўли билан ишора қилган томонга кетди. Қўшним эса пайтдан фойдаланиб, машинанинг олдинги буферидаги мажақланган жойини тузатиб қўйди. Машиналар йиғилди. Бир оздан сўнг ҳалиги милиционер қайтиб келди. Воқеа содир бўлган жойни ўлчаб чиқиб, нималарнидир ёзиб олди. Актга мен билан Шариф акани гувоҳ сифатида кўрсатиб, имзо қўйдириб олди.
Бир куни мени терговчи чақириб, ўша куни кўрган-билганингизни гапириб беришингиз лозим, агар ёлғон гапирсангиз, жиноий жавобгарликка тортиласиз, – деди.
Ўзинг ўйлаб кўр, дўстим, мен нима дейишим керак? Шариф ака ҳар куни келиб, кўзларини мўлтиллатиб ёш боладек ёлворади. Кечалари ўйлаб чиқаман. Ростини айтсаммикин? Унда Шариф акани қамашса-я. Болалари Ботир, Назир ва Зарифаларин ўйлайман. Агар Шариф ака қамалиб кетса борми, нима деган бўламан. “Дадамизни сен қаматдинг” деб айтишади. Йўк, йўқ! Шариф аканинг илтимосини бажардим. Инсонга яхшилик қилиш керак, деган қарорга келдим. Ручкани олдим, коғозга Шариф ака айтгандек ёзиб бердим. Кечки пайт олдимга Шариф ака келганда, жуда олийжаноб иш қилгандек, мақтаниб ҳаммасини гапирдим. Бечора оёғимга йиқилгудек бўлиб, миннатдорчилик билдирди.
Орадан бир неча кун ўтди. Бир куни терговчи мени яна чақиртирди.
– Ўша кунги воқеани бизга тўғри гапирганмидингиз ёки озроқ ёлғони ҳам бормиди? – сўради у жиддий оҳангда. Ростини айтсам, бир оз шошиб колдим… “Нима бало – ёлғонлигини сезиб қолишдими? – деб кўнглимдан ўтказдим. Аммо сирни бой бериш керак эмас. Терговчилар ўзи шунақа бўлишади. Қайта-қайта ҳижжалаб сўрашгани-сўрашган.
– Тўғри гапирганман, ўртоқ терговчи, – дедим шарт кесиб.
– Шундайми? – салмоқлади у. – Ҳали ҳам кеч эмас. Яхшибоев. Ёлғон гапирманг, жавобгар бўласиз.
Мен ҳам анойилардан эмасман. Кошкийди, туфлаган тупугимни кайтиб оладиганлардан бўлсам. Шарт-шарт “илгариги кўргазмам тўғри” деб ёзиб бердим.
Мен ёзган қоғозни қўлига оларкан, терговчи жилмайиб бош чайқади. Кўзларида менга нисбатан нафрат учқунлари пайдо бўлганлигини сезиш қийин эмас эди. У қўли билан энгашиб, стол ёнидаги тугмани босди. Зум ўтмасдан эшик очилиб, Шариф акани бир милиция ходими ичкарига олиб кирди. Ҳайрон бўлиб қолдим.
– Ўтиринг, – деди терговчи Шариф акага жой кўрсатиб, сўнгра:
– Қани бу “софдил” гувоҳга ўша воқеани гапириб беринг, – деди кинояли оҳангда. Шариф ака менга ўгирилиб:
– Ука, кўп ўйлаб кўрдим. Ёлғон гап ичимга сиғмади. Бу тахлитда ҳаёт кечириш қамоқдан минг марта ёмон экан. Охири ўзим келиб, воқеани тўғри баён қилиб